Линклар

БЕШ КУН ИЧИДА БИР КИШИНИ ИККИ МАРТА ДЕПОРТАЦИЯ ҚИЛИШ МУМКИНМИ? <br>МУМКИН. АГАР У ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ҲИМОЯЧИСИ БЎЛСА.

  • Сарвар Усмон

Россиялик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ва журналист Николай Митрохин 18 январь куни Москвадан учиб келиши биланоқ Тошкент аэропортининг паспорт назоратида ушлаб қолингани ҳамда Москвага депортация қилингани тўғрисида аввал маълумот берган эдик.

22 январь куни олинган маълумотларга қараганда, Николай Митрохин 21 январдан 22 январга ўтар кечаси яна бир бор Москвадан Тошкентга учиб келган ва бу сафар ҳам пойтахт аэропортининг паспорт назорати томонидан ушлаб қолинган.

***

Николай Митрохин билан 22 январь куни Прага вақти билан соат 13 ларда (Тошкентда 17) боғландик. Орада бўлиб ўтган суҳбат мазмуни билан, албатта, таништирамиз.

Бироқ, аввал, Николай Митрохиннинг кимлиги тўғрисида икки оғиз сўз.

Николай Митрохин Москвадаги инсон ҳуқуқлари "Мемориал" марказининг Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари мониторинги дастури ходимидир. Шунинг учун биз дастур директори Виталий Пономарёвга мурожаат қилиб ундан ҳамкасби тўғрисида сўрадик.

"Николай Митрохин таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси ва журналистдир. У, асосан, Ўзбекистондаги вазиятни ўрганиш билан шуғулланади. Кейинги ойларда у Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари аҳволига доир ҳисобот тайёрлаш юзасидан ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланаётган ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш билан банд. У Ўзбекистон қамоқхоналаридаги аҳвол ва маҳбусларнинг қийноқларга солинаётганлари тўғрисидаги қатор мақола ва чиқишлар муаллифидир", - дейди Виталий Пономарёв.

"Мемориал" маркази вакилига кўра, Николай Митрохин сўнгги бор Ўзбекистонга 2002 йилнинг октябрида бориб қайтган ва ўшанда ҳеч қандай муаммо бўлмаган эди. Бу сафар у Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари билан учрашиб, улар билан аввал бошлаб қўйган мулоқотларини давом эттириши лозим эди. Шу мақсад билан Митрохин 18 январь куни Тошкентга учиб борган ва маъмурлар сабабини тушунтириб ўтирмай, уни Москвага депортация қилиб юборган.
Шундан сўнг "Мемориал" маркази рўй берган инцидентдан Россиянинг Ўзбекистондаги элчисини хабардор қилган. АҚШнинг Тошкентдаги элчиси вакили эса Митрохин Тошкентга яна келар бўлса, уни шахсан кутиб олишга тайёр эканлигини билдирган. Афтидан мана шу ваъда туфайли Николай Митрохин 21 январь куни Москвадан яна Тошкентга қараб учган.

Мана энди россиялик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ва журналист билан 22 январь куни Прага вақти билан соат 13 да телефон орқали қилган мулоқотимиз мазмуни билан таништириш фурсати етди. Тошкент аэропортининг транзит йўловчилар залида ўтирган Николай юз берган инцидент ҳақида гапирар экан, Виталий Пономарёв айтган гапларни такрорлади, яъни 18 январь куни Москвага депортация қилинганидан сўнг, АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасидан электрон хат олган, мактубда, элчилик вакили, агар Митрохин Тошкентга сафар қилгудек бўлса, кутиб олишини билдирган. Шундан сўнг Митрохин йўлга чиққан ва 22 январь куни Тошкентга учиб келгач, паспорт назорати томонидан ушлаб қолинган. Биз қўнғироқ қилган пайтда Николайнинг аэропортда ўтирганига 7 соат бўлган эди.

"Ҳеч ким ҳеч нарсани айтмайди, кутинг дейишади холос, паспортимни олишган",- дейди Николай.

Инцидент қандай якун топиши мумкин, деб сўрадик жаноб Митрохиндан.

"Якун икки хил бўлиши мумкин. Яхши якун ва ёмон якун. Яхши якун шундай бўлиши мумкинки, Ўзбекистон расмийлари ушлаб турилишимнинг бемаъни эканлиги тушуниб етадилар. Менга маълум бўлишича, АҚШ элчиси 23 январь куни шу муносабат билан Ўзбекистон республикаси ташқи ишлар вазири билан учрашади. Ва мени қонун доирасидаги ишимни давом эттираверишим учун Ўзбекистонга киритадилар. Якуннинг иккинчи варианти эса, мени биринчи бўлиб Москвага учадиган самолётга ўтқизадиларда, қайтариб юборадилар",- дейди Николай Митрохин.

Ўзбекистон маъмурлари Николай Митрохинни нима учун Ўзбекистонга киритмаётганларини изоҳламаяптилар. Унинг ўзи эса бунинг сабабини мана бундай шарҳлади:

"Менимча, бунинг сабаби "Мемориал" маркази томонидан Ўзбекистондаги вазият тўғрисида ҳисобот чиқарилаётганидадир. Мен ўша ҳисоботнинг мувофиқлаштирувчисиман",- дейди Николай Митрохин.

Хўш, у Ўзбекистонга қилган сафари чоғида қандай ишларни амалга оширишни мўлжаллаган эди?

Бу саволимизга Николай: "Сафарим давомида сўнгги ва ундан олдинги амнистиялар туфайли озодликка чиқарилган собиқ аристонлар билан учрашишим керак эди. Айни пайтда мен Ўзбекистон қамоқхоналари ва лагерларидаги вазиятни ўрганиш лойиҳасининг раҳбариман",- деди бизга берган суҳбатида Тошкент аэропортининг паспорт назоратида ушлаб турилган ва Ўзбекистонга киритилмаётган россиялик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ва журналист Николай Митрохин.

***

Юқоридаги материал Николай Митрохин билан 22 январь куни Тошкент вақти билан соат 17да телефон орқали ўтказилган мулоқот маҳсули эди.

Николайга Тошкент вақти билан 19:30да яна қўнғироқ қилдик. Бу сафар энди у Ўзбекистон ҳаво йўлларига қарашли "Боинг" учоғи бортидан туриб жавоб берди бизга:

"Бундан 40 дақиқаларча муқаддам мен транзит йўловчилар залида турганимда олдимга бир ходим келди. Бир неча бор ўзини таништиришини сўраганимдан сўнг, чегара отряди ходими лейтенант Қаюмов эканлигини, самолётга чиқишим лозимлигини, Москвага кетишим кераклигини айтди. Депортация сўзини ишлатмасликка уринди", - дейди Митрохин.

Николай лейтенант Қаюмовдан ўзини Москвага қайтариш тўғрисидаги қарор айнан ким томонидан қабул қилинганини сўраган. Бироқ, у телефон орқали оператив бошлиғи шу ишни қилишни буюрганини ва у буйруқни бажарганини, бошқа нарсани билмаслигини, билишнида ҳоҳламаслигини айтган. Митрохин норозилик билдирган, ўзининг депортация қилиниши тўғрисидаги актни талаб қилган. Бироқ, лейтенант Қаюмов актни кейин оласиз, деган.

АҚШ элчихонаси ходими сизни кутиб олмадими аэропортда, деб ҳам сўрадик.

Митрохинга кўра, элчихона ходими унинг электрон мактубини ўз вақтида олмаган. Бироқ, АҚШ элчихонаси ходимлари кун бўйи Митрохиннинг муаммосини ҳал қилишга ҳаракат қилганлар. Аммо, кўриниб турибдики, бу ишни уддалай олмаганлар.

"Самолет ойналаридан Миллий хавфсизлик хизмати учун анъанавий бўлган автомашиналарни кўрган эдим. Ҳозир кўринмай қолишди. Ҳарқалай мени самолётга чиқаришаётганида турганди ўша машиналар".

Бу беш куннинг ичида иккинчи бор Тошкентдан депортация қилинган россиялик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ва журналист Николай Митрохин "Боинг" самолети бортидан туриб айтган сўзлари эди.

Мавзуга яна қайтишга ҳаракат қиламиз.
XS
SM
MD
LG