Линклар

Президент Буш Конгрессда чиқиш қилишга тайëрланмоқда.


Акрам Файзулло

Бундан бир йил олдин АҚШ президенти Жорж Буш Конгресснинг ялпи учрашувида қилган биринчи чиқишида Эрон, Ироқ ва Шимолий Кореяни “жаҳолат ўқи”, деб атагани билан жаҳонни таажжублантирган эди.

Келаси сешанба куни Буш Конгресснинг ялпи йиғилишида қиладиган иккинчи чиқишида, Бағдодга қарши ҳарбий ҳужум қилиш эҳтимоли учун кўпроқ ëрдам олишга уриниши кутилмода.

Аммо Бушнинг “жаҳолат ўқи”, деб танилган биринчи нутқининг таъсири Эрон, Ироқ ва Шимолий Кореяда ҳали ҳам кучли ҳис қилинмоқда.

Вашингтондаги “Брукингс” тадқиқот марказининг таҳлилчиси Жеймс Линдсэга кўра, Қўшма Штатларни халқаро можароларга ечим топишда БМТ билан маслаҳатлашишга чақириб келаëтган Европа давлатлари Бушнинг Ироққа қарши қилаëтган таҳдидини қўллаб-қувватламасликлари мумкин. Аммо унинг қайд этишича, президент Буш, агар БМТ ўзи қабул қилган резолюцияларни амалда жорий этмаса, якка ҳолда чора кўришга таҳдид этаëтгани ва ҳарбий инпекторларнинг Ироққа қайтишига қаршилик кўрсатмагани билан ўз танқидчиларини ноқулай аҳволда қолдирган.

“Президент Буш “мен БМТнинг рухсатисиз Саддам Ҳусайн масаласини ҳал қиламан”, деб айтаëтган пайтда, тўсатдан Американинг барча иттифоқдошлари, агар гап қонун устиворлиги ҳақида бораëтган бўлса, уни амалда жорий этиш ҳақида ҳам бош қотириш кераклигини пайқаб қолишди”, деди таҳлилчи Жеймс Линдсэ.

Оқ уй танқидчиларига кўра, Бушнинг Конгресс ялпи мажлисида қилган биринчи нутқи шунчалар таҳдидли бўлганки, Шимолий Корея ўзини ҳимоя қилиш учун қатор кескин чоралар кўришга, жумладан таъқиқланган ядровий реакторни қайта ишга солишга ва ядровий қуроллар тарқалишига йўл қўймасликка қаратилган шартномадан чиқишга мажбур бўлган.

Аммо АҚШнинг Шимолий Корея ишлари билан шуғулланган собиқ расмий вакили Жоил Уит Буш нутқининг таъсирига унчалик аҳамият бермади. Унга кўра, Буш маъмурияти олдинги президент Билл Клинтоннинг Шимолий Корея билан музокаралар орқали келишиш сиëсатини давом эттиришни хоҳламаган.

“Менимча, бу нарса Шимолий Кореяга ëмон таъсир қилди. Пхеньян ядровий масалада чиққан келишмовчиликларни ҳал этиш учун Вашингтон билан бевосита музокаралар ўтказишни истайди. Қўшма Штатлар эса ҳозирча Шимолий Корея билан келишишга қизиқмаяпти”, деди Жоил Уит.

Маълумки, Шимолий Корея ўзининг ядровий дастуридан воз кечиш учун ўзига иқтисодий ëрдам берилишини ва Вашингтон билан ҳужум қилмаслик тўғрисида шартнома имзоланилишини талаб қилмоқда.

Хўш, Эрон ҳусусида қандай фикрлар билдирилмоқда? Вашингтондаги Халқаро стратегик тадқиқотлар марказининг таҳлилчиси Ширин Хантер хонимга кўра, Бушнинг “жаҳолат ўқи” нутқи Эронда ижобий эмас, кўпроқ салбий таъсир қилган.

Унинг қайд этишича, Бушнинг ушбу нутқидан бир неча ой илгари Эрон Вашингтон билан муносабатларни яхшилаш учун қатор ижобий қадамлар қўйган. Мисол учун, Эрон 11 сентябр фожиалари учун Америка халқига таъзия изҳор қилди. Шундан сўнгра расмий Теҳрон Афғонистондаги уруш давомида Эрон ҳудудида ëрдамга муҳтож бўлган Америка ҳарбийларига кўмаклашишини маълум қилди. Эрон, шунингдек Афғонистоннинг Ўтиш даври ҳукумати ташкил қилинган Бонн конференциясида ҳам муҳим рол ўйнаган.

Буларнинг ҳаммаси АҚШнинг баланд мартабали расмийлари, жумладан Давлат котиби Колин Пауэлл томонидан юқори баҳоланган.

“Шуларга ҳам қарамай, Эрон “жаҳолат ўқи” сифатида айбланди. Бундан кейин, консерваторлар эронликларга, “мана кўрдиларингизми, сизлар америкаликларга қанчалар яхшилик қилманглар, улар барибир, ҳукуматга ва сизларга қарши бўлиб қолаверади”, деб айтишди”, деди таҳлилчи Ширин Хантер хоним.
Унга кўра, АҚШ президенти нима дейишидан қатъий назар, бугунги Эрон ўзининг маълум камчиликларига эга ва вақт ўтиши билан мамлакат ўз ичидан кескин ўзгаради.
XS
SM
MD
LG