Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:46

Украинада коррупция муаммоси


Акрам Файзулло

Украинада коррупция муаммоси янгилик эмас. Аммо 15 январда Украина ижтимоий мониторинг маркази ва Ижтимоий тадқиқот институти томонидан эълон қилинган савол-жавоб натижалари барчани ҳайрон қолдирди. Чунки украиналикларнинг 78 фойизи ҳукумат расмийларининг аксарияти ëки барчаси порахўр эканига ишонадилар ва ўтган йилда украиналикларнинг 44 фойизи шахсан пора берганларини эътироф этдилар.

Ўтган йилда “Эркин жамият қуриш йўлида ҳамкорлик қилиш” деб аталган нодавлат ташкилот томонидан ўтказилган савол-жавоб натижаларида эса украиналикларнинг 65 фойизи мамлакатда коррупция кенг тарқалганига ишонишлари маълум бўлган эди.

Маълумотларга қараганда, Украинада шифокорлар, милиция ходимлари, солиқ инспекторлари ва ўқитувчилар энг кўп пора олувчилар сирасидандир.

АҚШнинг Тараққиëт бўйича халқаро агентлиги томонидан молия билан таъминланган бу нодавлат ташкилот оддий украиналикларга коррупцияга қарши курашиш учун ëрдам беришга ҳаракат қилмоқда.

Ушбу ташкилот директори Марта Коломаятсга кўра, мазкур ташкилот ҳукуматнинг юқори лавозимли амалдорлари орасидаги коррупцияни илдизи билан қўпориб ташлай олмаслиги мумкин. Шундай бўлсада, ташкилот яхши даволаниш учун шифокорларга, фарзандларини олий ўқув юртларига киритиш учун ўқитувчиларга пора беришга мажбур бўлаëтган ëки расмиятчилик оқибатида пенсия нафақаларини ололмаëтган оддий фуқароларга бу иллатдан қутилиш йўлида ëрдам беришга ҳаракат қилмоқда.

“Эркин жамият қуриш йўлида ҳамкорлик қилиш” нодавлат ташкилоти кичик ва ўрта ҳажмдаги бизнес соҳибларига қонун-қоидаларга тўғри амал қилган ҳолда, солиқ инспекторлари, ўт ўчирувчи бошқарма расмийлари ва соғлиқни сақлаш ходимларига пора бермаслик борасида ҳам кўмаклашмоқда.

Ташкилот директори Марта Коломаятс маҳаллий ҳокимиятлар коррупцияга қарши курашга жалб этилганини – ушбу ташкилот эришган ижобий ютуқлардан бири сифатида тилга олиб ўтди.

“Биз Украина ҳудудлари бўйлаб турли нодавлат ташкилотларни коррупцияга қарши курашиш мақсади атрофида бирлаштиришга муваффақ бўлдик. Биз шунингдек, маҳаллий ҳокимиятлар ва давлат органлари билан биргаликда ҳамкорликда ишлашга эришдик. Менимча, бу нарса расмийлар омма фикрини тинглашга ва кишилар дуч келаëтган кундалик муаммоларни ҳал этиш йўлида ишлашга тайëр эканликларини кўрсатмоқда. Бу эса жамиятнинг демократик жамиятга айланаëтганидан дарак бермоқда”, деди Марта Коломаятс.

Ташкилотнинг Донецк бўлими ходимаси Светлана Ерëменкога кўра, кишиларга ўз ҳақ-ҳуқуқлари тўғрисида маълумотлар бериш ниҳоятда муҳимдир ва улар маслаҳат олиш учун ташкилот идораларига боришлари мумкин.

“Кўплаб кишилар Украинада коррупция кенг тарқалганини яхши биладилар, аммо, афсуски, унга қарши курашишни хоҳламайдилар. Фақат оз сонли кишиларгина бу иллатга қарши курашмоқдалар. Ваҳоланки, бу курашда ҳар бир киши шахсан иштирок этиши зарур ва бизнинг барчамиз бир ëқадан бош чиқариб ҳаракат қилган тақдирдагина коррупция илдизига болта ура оламиз”, деди Светлана Ерëменко.

Украинанинг Драхобич туман ҳокими Михаил Лужетскийга кўра, мазкур ташкилот томонидан кўрсатилган йўл-йўриқлар натижасида бу ҳудудда ижобий ўзгаришлар бўлмоқда. Туман аҳолисининг фикрлари, муаммолари эшитилган оммавий мажлислардан кейин муҳим қарорлар қабул қилинган.

Лужетскийнинг қайд этишича, янги очилган идорада фуқаролар туманда нималар бўлаëтгани тўғрисида маълумотлар, шунингдек ўзлари дуч келаëтган муаммоларни ҳал қилиш учун адвокатлар ва мутахассислардан маслаҳатлар олишлари мумкин. У яна ўзи ва туманнинг бошқа расмийлари маъмурий масалалар бўйича саволларга жавоб бериш учун телевидение ва радио эшиттиришларда мунтазам равишда иштирок этаëтганларини ҳам айтиб ўтди.

Лужетскийга кўра, эркин фикрлаш ва омманинг қарор қабул қилишда иштирок этиши – коррупцияга қарши курашда муҳим омил бўлиши мумкин.

“Коррупцияга қарши курашнинг бир йўли эркин фикрлашдир, чунки хусусийлаштириш, жойларни ижарага олиш ва қурилиш лойиҳалари каби масалаларнинг барчаси биз қарор қабул қилишдан олдин жамоа иштирокида очиқ мажлисларда ҳал этилади. Қарорлар бир-икки амалдор томонидан эмас, балки омма билан маслаҳатлашган ҳолда қабул қилинади. Мана шу йўл орқали биз Драхобич туманида коррупцияни кескин даражада камайтиришга эришдик”, деди туман ҳокими Михаил Лужетский.

“Эркин жамият қуриш йўлида ҳамкорлик қилиш” нодавлат ташкилоти директори Марта Коломаятснинг қайд этишича, сўнгги савол-жавоблардан маълум бўлганидек, оддий кишилар ожиз эмаслар, улар етарли ирода ва ахборот билан коррупцияга қарши кураша оладилар.
XS
SM
MD
LG