Линклар

logo-print

Буш маъмурияти: “Ироққа қарши уруш бир неча ҳафта ичида бошланади”


Фарангис Саид

Ироқ масаласи тобора долзарблашар экан, у Европа ва АҚШ ўртасига совуқчилик солиши мумкин бўлган муаммога айланмоқда. Бугунги кунга келиб Европанинг баъзи лидерлари, хусусан Франция президенти Жак Ширак ва Германия канцлери Герхард Шрёдер ҳамда АҚШ раҳбарининг Ироқ хусусидаги позициясидаги тафовут қанчалик чуқурлиги аён бўлди. Ҳар иккала европалик раҳбар АҚШ Ироққа қарши урушни бошламаслиги керак, бу масалани фақат БМТ Хавфсизлик Кенгашида ҳал этиш лозим, демоқдалар. Пайшанба куни Шрёдер ва Ширак Берлинда учрашдилар ва икки мамлакатнинг Ироқ масаласидаги умумий позициясини ишлаб чиқдилар. Шрёдер баёнотида бу позиция жуда аниқ акс эттирилди.

“Биз иккимиз Ироқни тинч йўл билан қуролсизлантириш кераклигига ишонамиз. Президент Ширак Версал учрашувларида айтганидек, “уруш муқаррар”, демаслик керак. Уруш муқаррар бўла олмайди, унинг олдини олиш йўллари доим мавжуд. Германия ҳеч қачон уруш бошлаш ғоясини қуллаб-қувватламайди”, деди Герхард Шредер ва:

“Мақсадга, яъни Ироқни қуролсизлантиришга тинч йўллар билан эришиш лозим. Бу Франция ва Германиянинг умумий позициясидир. Ва биз ўз позициямиздан қайтмаймиз”, деб таъкидлади.

Туркия, Миср, Саудия Арабистони, Эрон, Иордания ва Сурия Ташқи ишлар вазирлари ҳам Ироқ масаласини муҳокама этиш ва умумий позиция ишлаб чиқиш учун пайшанба куни Истамбулда учрашдилар. Учрашув якунида Миср Ташқи ишлар вазири Аҳмад Маҳир журналистларга шундай деди:

“Ўйлашимча, эришилган келишувга кўра, минтақа давлатлари Ироққа қарши уруш нафақат Ироққа, балки бутун минтақага салбий таъсир қилишидан жиддий хавотирдалар. Шу сабабдан минтақа давлатлари бўҳронни дипломатик йўл билан ҳал этишга уриниш ниятини билдирадилар. Музокаралар эса бунинг энг кичик қисмидир”, деди мисрлик расмий.

Аксилтеррор кампаниянинг илк кунлариданоқ АҚШга мутлақ таянч кўрсатиб келаётган Британия бош вазири Тони Блэр эса Жорж Бушнинг Ироқ ҳақидаги қарорни бир томонлама равишда қабул қилишидан хавотирда. Чунки Буш бундай қилган тақдирда, Блэр халқаро ҳамжамиятда мустақил сиёсат олиб бора олмайдиган сиёсатчи сифатида гавдаланади. Шу сабабдан Блэр келаси жума куни Кэмп Дэвидда Буш билан учрашмоқчи.

Оқ уй расмийлари Ироққа қарши уруш бир неча ҳафта ичида бошланишини айтар эканлар, норасмий манбалар “ойлар” сўзи Бушнинг жиғига тегаётганини таъкидлашмоқда. Буш АҚШ Давлат котиби Колин Пауэллдан Саддам Ҳусайннинг БМТ резолюциясига риоя қилмаётганини тасдиқловчи далилларни топишни талаб қилди. Пауэлл бу талабни душанба кунигача, яъни БМТнинг қурол-аслаҳа бўйича инспекторлари Хавфсизлик Кенгашида чиқиш қилиб, текширувлар натижалари бўйича ҳисобот беришлари режалаштирилган кунгача топишга мажбур.

Айни вақтда жаҳоннинг турли қисмларида АҚШнинг Ироққа нисбатан сиёсатидан норозилар сони кўпаймоқда. Сўнгги бир неча кун давомида Токио, Исломобод, Дамашқ, Москва, Вашингтон ва Сан-Францискода норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Маълумотларга кўра, 26 январ – якшанба куни прагаликлар ҳам шаҳар марказидаги Вацлав майдонига намойишга чиқиб, АҚШ элчихонаси биносигача юриб борадилар.

Бўҳрон чуқурлашар экан, жаҳон бўйлаб норозилар сони ҳам ошиб бораётир. Ироқ атрофидаги мубоҳасалар энди бошланганида, уруш эҳтимолига қаршилик кўрсатганлар, асосан, араб ва мусулмон давлатлари вакиллари эдилар. Улар Ироққа қарши уруш Фаластин-Исроил можаросини чуқурлаштириб, араб дунёсидаги вазиятни ҳам беқарорлаштиради, деб ташвишланаётгандилар. Эндиликда улар қаторига европаликлар ҳам қўшилдилар. Ўтказилган сўровларга кўра, Германиянинг ҳар тўрт фуқаросидан уч нафари президент Буш Саддам Ҳусайнга қараганда хавфлироқ, деб фикр билдирган. Бундан ташқари улар, францияликлар каби, Ироқ тақдирини АҚШ якка ўзи эмас, балки БМТ Хавфсизлик Кенгаши ҳал этиши лозимлигини таъкидлаганлар. Испания ва Италияда давлат раҳбарлари АҚШ сиёсатини қўллаб-қувватласаларда, аҳолининг 60 фойизидан кўпроғи Ироқ урушига қаршилигини билдирган. Британиядаги вазият бундан деярли фарқ қилмаяпти. Тарихан британияликлар америкаликларга жуда яқин бўлганлар. 11 сентябр ҳодисаларидан сўнг британияликларнинг америкаликларга таянч кўрсатишга тайёрликлари яна бир бор аён бўлган эди. Бироқ сўнгги ярим йил ичида бош вазир Тони Блэрнинг барча баёнотларига қарамай, урушга қарши бўлган британияликлар сони кўпайди. “Гардиан” газетасининг сўровига кўра, сўнгги 3 ой давомида урушга қаршилар миқдори 37 фойиздан 47 фойизгача ўсган. Сўралганларнинг 80 фойизи Ироққа қарши уруш бошлаш-бошламаслик БМТ томонидан ҳал этилиши керак, деб ҳисоблашларини айтган.

Бундай статистик маълумотлар Ироқ билан урушга қаршиларга умид бахш этиши мумкин. Лекин, аслида, жамоатчилик фикри сиёсатчилар қарорларига таъсир қилиш-қилмаслигини аниқ айтиш қийин.
XS
SM
MD
LG