Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:59

ҚИРҒИЗИСТОН АСОСИЙ ҚОНУНИНИ ЎЗГАРТИРМОҚДА<br>(Референдумга муносабатлар спектри)


Аввалги мақоламизда яна бир неча кундан сўнг, аниқроғи, 2 февралда Қирғизистонда бўлиб ўтадиган референдум тўғрисида хабар берган, умумхалқ овозига қўйилаётган масала нимадан иборат эканлигига батафсил тўхталган эдик.

Ўшанда республика парламентининг бир қатор депутатлари, қатор сиёсий партиялар ҳамда нодавлат ташкилотлари лидерлари референдумга қарши чиқаётганлари тўғрисида гап бошлангану мавзу чала қолган эди.
Бугун ўша мавзуни давом эттирамиз.

***

2003 йилнинг дастлабки ойида Қирғизистоннинг сиёсий ҳавоси ҳарорати анча бўлиб турибди. Ўтказилиши 2 февралга мўлжалланган референдум олдидан мамлакатдаги турли сиёсий кучлар ўртасидаги даҳанаки жанглар авжида. Газеталар турли кучларнинг турли баёнотларию мурожаатномалари билан тўла.

Битта газетада уруш ва меҳнат фахрийларининг (сиёсий мухолифат уларни "навбатчи оқсоқоллар", деб атайди) ҳамда демократ хотин-қизларнинг референдумни қўллаб, "ҳаммамиз ёппасига қатнашиб, якдиллик билан овоз берайлик", деган мазмундаги чақириғи чиқса, бошқа газетада референдум ўтказишга қарши кучларнинг мурожаатномаси босилади.

23 сиёсий партия ҳамда нодавлат ташкилоти лидерлари, парламентнинг бир қатор депутатлари имзолаган ўшандай мурожаатномалардан бирини яқинда "Моя столица" газетаси босиб чиқарди.

Мазкур нома муаллифлари референдумга нима учун қарши эканликларини изоҳлар эканлар, конституциянинг умумхалқ овозига қўйилаётган янги таҳририга асосан, парламент депутатлари сиёсий партиялардан эмас, бир мандатли округлардан сайланиши тўғрисидаги меъёр киритилаётганидан норозиликларини изҳор этганлар.

Лидери мурожаатномага имзо чеккан Қирғизистон коммунистик партияси вакили Бейшебек Акунов
жорий конституцияга кўра, парламентдаги ҳозирги 105 ўриндан 15 тасига депутатлар партиявий рўйхатлар асосида сайланиши мумкин бўлганлигини, конституциянинг референдумга чиқарилаётган янги таҳририга асосан депутатлар фақат бир мандатли округлардан сайланиши қонунлаштирилиб қўйилаётганлигидан норози эканлигини билдирди. Қолаверса, референдум шошма-шошарлик билан ўтказилаяпти, халқ нималар бўлаётганини билаётгани йўқ, дейди Бейшебек Акунов.

Қирғизистон хотин-қизлари демократик партияси сўнгги парламент сайловларида Жогорку Кенешдан 2 жойни эгаллашга муваффақ бўлган эди. Бироқ, шунга қарамай, партия лидери, Бишкек шаҳар Биринчи Май тумани маъмурияти бошлиғи Токон Шайлиева сайловларни партиявий рўйхатлар асосида ўтказиш ғоясидан воз кечилаётганига рози.

"Партиявий рўйхат асосида сайланган депутатлар арзирли бир иш қила олганлари йўқ", - дейди хотин-қизларнинг демократик партияси лидери, туман ҳокими Токон Шайлиева. Бу партиянинг икки аъзоси ҳам парламентга партиявий рўйхат асосида сайланган эканлигини боягина айтувдик.

Қирғизистондаги яна бир сиёсий партия – "Бирлик" партияси лидерларидан бири, сиёсатшунос Алибек Акуновга кўра, парламент депутатларини партиявий рўйхатлар асосида сайлаш билан маҳаллийчилик иллатига барҳам берилган бўлур эди.

дейди сиёсатшунос, "Бирлик" партияси лидерларидан бири Алибек Акунов. Бироқ, жаноб Акуновга кўра, бундай усулнинг ёмон томонлари ҳам борки, шунинг учун, референдум орқали жорий қилиниши мумкин бўлган янги тартибга фожеа, деб қарамаслик лозим. Муҳими тинчлик ва барқарорликдир, дейди бирликчи Акунов.

Республикадаги бир қатор сиёсий кучларнинг вакиллари конституциянинг янги таҳририда парламент ваколатлари доираси ҳозиргига нисбатан анча торайтириб қўйилаяпти, деган фикрни билдираяптилар.

Қирғизистон коммунистлар партияси вакили Бейшебек Акунов шу фикрга қўшилади ва асосий қонуннинг таклиф қилинаётган вариантидан бир мисол келтиради. "Амалдаги конституция бўйича солиқ сиёсатини белгилаш ҳуқуқи фақат парламентда эди, янги вариант бўйича эса, баъзида ҳукуматнинг ўзи ҳам солиқларни белгилайверади, деб ёзилганъ, - дейди коммунист Акунов.

Туман ҳокими Токон Шайлиева эса парламент ваколатлари доирасининг торайишига қарши эмас. "Чунки, парламент сиёсий ўйинлар билангина банд бўлиб, яхши қонун лойиҳалари қабул қилинмай қолиб кетаяпти", - дейди Бишкек шаҳар Биринчи Май тумани ҳокими Тоқон Шайлиева.

Хуллас, ўтказилиши 2 февралга мўлжалланган референдум олдидан Қирғизистонда даҳанаки жанглар авжида.

Мақолага сўнгги нуқтани қўйиш олдидан конституцияни ислоҳ қилиш учун ўтказилаётган референдумга халқаро ташкилотлар, хусусан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг муносабати ҳақида икки оғиз сўз.

Мазкур нуфузли ташкилот ўтган ҳафтада референдумнинг ўта шошилинч ўтказилаётганидан ташвишланиш изҳор этар экан, кузатувчиларни тайёрлаш учун вақт етарли бўлмаганлиги сабабли уларни Қирғизистонга жўната олмаслигини билдирди. Хусусан, ЕХҲТнинг демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси референдумолди жараёнига ажратилган муддат қисқа эканлиги, шунинг учун самарали мониторинг ўтказишнинг иложсиз эканлиги тўғрисида баёнот тарқатди.

Шу сабали Бюро конституцияга киритилажак ўзгартишларни муҳокама қилиш, жумладан Венеция комиссияси билан бу хусусда музокаралар ўтказиш учун Қирғизистон расмийларини референдум муддатини кейинроққа суришга чақирди.
XS
SM
MD
LG