Линклар

logo-print

Эроннинг Каспий сиëсати


А. Аррал

Эроннинг маҳаллий корчалонлари, мамлакат ҳукуматининг Каспий денгизи масаласида олиб бораëтган сиëсатига қарши ўз ҳужумларини яна бир қадар кучайтириб юбордилар. Айни пайтда Эрон билан Озарбайжон ўртасида бошланган чегара музокараларида дастлабки ижобий қадамлар ташлангани ҳам хабар қилинади.

Эроннинг собиқ Ташқи ишлар вазири ўринбосари Аббос Маликий инглиз тилида чиқадиган "Эрон нюс" газетасига ўтган ҳафта берган суҳбатида, ҳозирги Ташқи ишлар вазири Камол Харрозийни Эроннинг қирғоқ бўйидаги қўшнилари билан олиб бораëтган Каспий музокаралари учун қаттиқ танқид остига олди. Маълумки, ушбу мамлакатлар Совет Иттифоқи парчаланганидан кейинги ўн йилдан кўпроқ вақтдан буëн Каспийнинг нефтга бой сувларида ўз ҳиссаларини аниқлашга уриниб келмоқдалар.

Маликий ҳозир Теҳронда мустақил Каспий денгизи институтини бошқаради. Унга кўра, Эроннинг Ташқи ишлар вазири Каспий масаласини Россия, Қафқоз ва Марказий Осиë мамлакатлари билан муҳокама қилиш тажрибасига мутлақо эга эмас. Маликийнинг таъкидлашича, Эрон Ташқи ишлар вазирлиги айниқса Камол Харрозий Каспий масаласини ҳатто чуқур дарк ҳам қилмайди.

Кузатувчилар, Маликийнинг бундай қаттиқ танқидлар билан чиқишига унинг Рафсанжоний учун гапираëтганидан далолат берадими ëки бермайдими, буниси қоронғи деб қарашмоқда. Чунки Маликий, 1997 йилда Муҳаммад Хотамий президент этиб сайланганидан олдин Али Акбар Ҳошимий Рафсанжоний ҳокимияти даврида Каспий масаласини ëритиб келган. Ўшандан буëн Маликий ҳукуматнинг Каспий масаласи бўйича олиб бораëтган ишларини узликсиз равишда танқид қилиб келади.

У Ташқи ишлар вазирлигини Каспий денгизи мавзусида тартибсиз ва чалкаш иш олиб бораëтганликда айблайди ва бу масалада Европа ва Араб мамлакатлари билан муносабатларни мувофиқлаштириш кераклигини таъкидлайди. Шунингдек, у парламентда кимдир томонидан, "Эроннинг Каспий сиëсати натижасиз сиëсатдир" деб айтилган фикрга ҳам қўшилади.

Каспий денгизи атрофидаги мамлакатлар ўзаро келишувга эришишда айрим тўсиқларга дуч келмоқдалар. Чунки, Теҳрон ë умумий назорат қилиш ëхуд Каспийнинг 20 фоизини қўлга олишни истамоқда. Россия эса Озарбайжон ва Қозоғистон билан биргалашиб, ўртача йўлдан боришмоқда. Унга кўра, Эронга тегадиган қисм фақатгина 13 фоиздан иборат бўлади. Туркманистон эса, томонлар ўртасида муаллақ бўлиб турибди.

Бошқа томондан, деярли барча сармоялар чегара масаласида ўзаро келишган Россия, Озарбайжон ва Қозоғистон секторларига ëтқизилмоқда.

Ғарб мамлакатлари, айниқса АҚШ нинг Каспий денгизи атрофидаги давлатларда сармоя қўйиши Эронни анча ташвишга солиб келмоқда. АҚШ-Эрон муносабатларидаги кескинлик туфайли Эрон Американи минтақага яқинлашувини хоҳламайди. "Эрон АҚШ нинг минтақага кириб келишидан ва бу ердаги денгиз атрофидаги ва Марказий Осиëдаги мамлакатларда сармоя ëтқизишидан анча ташвишланади. Чунки Эрон Американи ўзига рақиб деб билади. Шу билан бирга Эрон хорижий мамлакатларнинг минтақага келиб сармоя ëтқизишларини ҳам истайди. Истайдигина эмас, унга зарурати бор", дейди журналист Ардаған Никном.

Яна Маликийнинг суҳбатига қайтадиган бўлсак, унинг бу интервюси ҳукумат ҳомийлигидаги Марказий Осиë ва Қафқозга бағишланган анжуман арафасида нашр этилди. Унда Харрозийни жамоатчиликка нуқтама-нуқта жавоб беришга ундайди. Маликий шунингдек, ўз интервюсида, Эрон ҳукуматининг собиқ Совет республикалари билан иш қилишда хавфсизлик масаласини рўкач қилаëтганини ҳам танқид қилиб, мабодо дипломатик муносабатларнинг марказида сиëсий ва иқтисодий масалаларга қараганда хавфсизлик масаласи турадиган бўлса, ташқарида қолиб кетишингизни тасаввур қилаверинг, дейди Аббос Маликий.

Озарбайжон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Халаф Халафовнинг айтишича, Эрон-Озарбайжон нуқтаи назарлари бир-бирига яқинлашмоқда. Келаси ой Бокуда Каспий давлатларининг учрашуви бўлиб ўтишига ишора қилган Халафов 25-29 январ кунлари Каспийдаги вазиятни мувофиқлаштиришга бағишланган конференция Теҳронда бўлиб ўтишини маълум қилди.

Журналист Ардаған Никном, Эроннинг Каспий денгизи сиëсати хусусидаги ўз кузатишларини мана бундай баëн этади: "Эронда бу масалага икки тур нуқтаи назар билан қарашади. Ҳукуматдаги баъзи кишилар 20 фоиз масаласида қаттиқ туриб, бошқа мамлакатларга айниқса, Озарбайжон ва Россияга ҳеч қандай имтëз бермаслик керак дейишади. Айрим бошқа шахслар эса, бу борада бир хулосага келиб, минтақадаги барча давлатларнинг таклифлари асосида қарор қабул қилиш керак дейишади", деб баëн этади радиомиз журналисти Ардаған Никном.
XS
SM
MD
LG