Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:16

Қирғиз давлатчилиги 2200 ёшдами?


Фарангис Саид

Бошқа совет республикалари каби, Қирғизистонда ҳам тарихни қайта кўриб чиқиш кузатилмоқда. Халқ қачон халқ бўлиб шаклланган? Давлатчиликка қачон асос солинган? Тарихчилар бу саволларга жавоблар изламоқдалар. Бу табиий жараён. Совет даврида халқларга 1917 йилга қадар рўй берган барча ҳодисалар салбий, деб тасвирланган ва уларни асослича ўрганиш ман этилган эди. Бугунга келиб мустақил давлатлар ўз тарихларини қайта ўрганишга ҳаракат қилаётирлар. Бироқ ҳудди совет даври каби ҳозирги кунда тарихни қайта ўрганишда жиддий хатолар қўйилмоқда. Бунинг сабаби тарихий манбаларнинг камлиги ёки бир-бирини инкор этиши каби илмий муаммоларда эмас, балки сиёсий мақсадлардадир. Туркманистон президенти Сапармурот Ниёзов ўзининг “Руҳнома” китобида туркманлар тарихи 5 минг йилга тенг, деб ёзади. Тожикистонликлар (тарихчиларнинг таъкидлашлари натижасида) орий эканларига шубҳа қилмаётган кўринадилар. Ўзбекистон раҳбари ҳам ўзбеклар миллат сифатида 16 асрда шаклланган, деган хулосани қайта кўриб чиқишни ва ўзбеклар қадимий халқ эканини исботлашни тарихчиларга буюрган. Қирғизистонда эса президент Асқар Ақаев қирғиз давлатчилигига асос солинганига 2200 йил тўлганини таъкидлаб, буни кенг нишонлашни буюрди.

Қирғизистон президенти Асқар Ақаев сўровига кўра, БМТ Бош Ассамблеяси 2003 йилда Қирғиз давлатчилигининг 2200 йиллигини нишонлаш ҳақида махсус қарор қабул қилди.

Ақаев ва бошқа қирғизистонлик тарихчилар бундай хулосага асос сифатида Хитой манбаларида тилга олингани - қирғиз давлатининг эрамизгача учинчи асрда мавжуд бўлганини келтирмоқдалар.

Ақаевнинг “Қирғиз давлатчилиги ва “Манас” халқ эпоси”, деб номланган китобида эрамизгача 201-йилда Хитойдаги хуннлар ҳукмдори суверен Қирғиз ерини ўз ерларига қўшиб олгани айтилади. “Бундан шуни хулоса қилиш мумкинки, деб ёзади академик Асқар Ақаев, ўша давр қирғизлари ташқи кучга қаршилик кўрсатишга қодир бўлганлар. Бу эса давлат тизими мавжуд бўлганини англатади”.

“Эрамизгача биринчи асрга келиб Хитой манбаларида қирғизларнинг тилга олиниши, деб давом этади Ақаев, қирғиз халқи мустақилликка эришганидан ва ўз давлатини барпо этганиндан дарак беради”.

Қирғизистон Фанлар академиясининг Тарих институти директори, профессор Женгишбек Жунушалиев Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатида Ақаев фикрини тўғри, деб ҳисоблашини билдирди.

“2200 йил – тарихан тўғри санадир. Ундан шубҳаланиш учун асос йўқ. 2200 йил олдинги Хитой қўлёзмаларида қирғиз давлати тилга олинган”. Шундай дер экан профессор Жунушалиев эрамизгача иккинчи асрда яшаган ва Хитой кўҳна қўлёзмалари муаллифи бўлмиш Ссума Цян қирғиз давлатчилиги ҳақида ёзганини айтади.

Яна бир тарихчи, Қирғизистон Миллий университети профессори Зокир Эралиев қирғиз давлатчилигига деярли ўша даврда асос солинган, деган фикрга қўшилсада, 2200 йил, деб биринчи бор Асқар Ақаев таъкидлаганини айтади.

“Биринчи маълумотлар эрамизгача 201-йилга бориб тақалади. Уларда қирғиз давлатчилиги, қирғиз давлати ва қирғиз хонлиги тилга олинади. Шу сабабдан тарихчилар мубоҳасаларни тўхтатиб, бу хулосани қўллаб-қувватлашга келишдилар. Бироқ бу ғоя илк бор президент Ақаев томонидан билдирилгани аниқ. Бу ғоя муаллифи – президент, десак адашмаймиз”, дейди профессор Эралиев.

Тарихчи-олимлар президент-олим хулосаларини шубҳа остига олмаяптилар. Лекин кўплаб сиёсатчилар Ақаевнинг бу санани тантанали равишда нишонлаш керак, деган фикрига қатъиян қаршилар.

“Эркиндик” партияси лидери Топчубек Турғуналиев халқ қийналаётган бир вақтда тантаналарга ўрин бўлмаслиги керак, деб ҳисоблайди.

“Бу сананинг тантанали равишда нишонланиши давлатимизга салбий таъсир кўрсатади. Чунки иқтисодиёт ва халқ фаровонлигини ўйлаш ўрнига миллионлаб сўм маблағ тантаналарга ишлатилади. Тарихий маълумотларни яхшилаб ўрганмай туриб, халққа “байрам қилинглар”, дейилади”, дейди сиёсатчи.

Америкалик тарихчи Денис Сайнор эса ўзининг “Ички Осиё: дастур”, деб номланган китобида қирғиз давлатчилиги 2200 йил олдин мавжуд бўлган ғояга шубҳа билан ёндашишини ёзади. Ғарбда қирғизлар илк бор 568-йил манбаларида тилга олинган. 840 йилга келиб эса Мўғўлистоннинг Уйғурлар империяси туркий халқлар томонидан ҳокимиятдан ағдарилган. Ўша туркий халқлар Енисей дарёси ҳудудида яшаганлар ва “қирғиз” номи билан танилганлар.

Баъзи бошқа тарихчилар эса ҳозирги қирғизлар Енисей қирғизлари авлодлари эмаслар, деб ҳисоблайдилар. Ҳозирги қирғизлар Олтой тоғлари қирғизлари авлодлари бўлиб, улар 15-16 асрларда ҳозирги Қирғизистон ҳудудига кўчиб келганлар ва қирғиз давлатини барпо этганлар.

Британиялик профессор Денис Твичетт 2200 йил олдин қирғиз давлати бўлмаган, деб фикр билдиради.

“Уни давлат деб аташ муболаға бўлади. Бугунги кунда давлат дейилганида доимий равишда фаолият олиб бораётган тартиботларга, мустаҳкам ижтимоий пойдеворга эга бўлган, марказлашган ҳокимият тушунилади. Манбаларда қирғизлар ҳақида гап борганида эса буларнинг ҳеч бири ҳақида маълумот берилмайди”, дейди британиялик тарихчи ва қирғизлар ҳақидаги иддаоларни ҳам қайта-қайта текшириш лозимлигини айтади. “Уларни қирғизлар, деб аташ, менимча, нотўғри бўлади”, дейди у. Шу билан бирга Твичетт эрамизнинг 9-асрига келиб қирғизлар ўз давлатларига эга бўлганларини айтади.

“840-йилдан тахминан 850-йилгача қирғизлар шимолий саҳро сиёсатининг муҳим ўйинчиси бўлганлар”, дейди британиялик тарихчи.

Қирғизистон ичида ҳам, унинг ташқарисида ҳам “қирғиз давлатчилиги неча ёшда”, деган савол атрофидаги баҳслар давом этар экан, президент Ақаев қирғиз давлатчилигининг 2200 йиллигини нишонлаш режасини илгари суришда давом этаётир. Унинг мақсади нимадан иборатлиги эса номаълум. У қирғизлар тарихи бошқа собиқ СССР халқлари тарихидан қадимроқлигини исботламоқчими? Ёки 1995 йилда “Манас” эпосининг 1000 йиллигини нишонлаш каби, қирғиз давлатчилигининг 2200 йиллигини нишонлаб, Қирғизистоннинг халқаро саҳнадаги нуфузини оширмоқчи, Қирғиз республикасини туристлар учун жозибалироқ қилиб кўрсатмоқчими? Ёки бўлмаса у мухолифатга ўзининг Ғарб ташкилотлари томонидан ҳурмат қилинишини кўрсатиб, ўзини шу каби қарорларнинг БМТ Бош Ассамблеясида ҳам қабул қилинишини таъминлай оладиган давлат раҳбари сифатида намойиш қилмоқчими?

Сиёсатчилар бундай саналарни нишонлаш ҳақида буйруқ берар эканлар, сиёсий мақсадларни кўзлашлари яхши маълум. 1999 йил августда Тожикистон президенти Имомали Раҳмонов қарори билан Сомонийлар давлатининг 1100 йиллиги нишонланаётганида Раҳмонов бу ҳодиса фуқаролар урушини ёддан чиқариб, миллат бирлигини мустаҳкамлашига умид қилишини айтган эди. Шу билан бирга Раҳмонов ташқи кучларнинг Тожикистон халқига салбий таъсир қилаётгани ҳақида гапириб, Тожикистон исломий мухолифатини назарда тутган эди.

Асқар Ақаев қайси мақсадларни кўзда тутаётганини эса вақт кўрсатади.
XS
SM
MD
LG