Линклар

Қозоғистонда ўлим жазоси бекор қилиниши мумкин.


Акрам Файзулло

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг қайд этишича, мамлакатда ўлим жазосига мораторий жорий этиш ва пировардида олий жазони бутунлай бекор қилиш масаласи жиддий муҳокама қилиниши зарур.

Ушбу таклиф Қозоғистонда сиëсатчилар, омма ва матбуот ўртасида қизғин баҳс-мунозаралар бошланишига сабаб бўлди.

Вера Ткаченко Остонадаги “Central Asia office of Penal Reform International” нодавлат ташкилотнинг бошлиғидир.

“Мазкур масала Қозоғистонда жамоатчилик орасида кенг муҳокама қилинмоқда. Менимча, агар бизнинг ҳукумат ушбу сиëсий қарорни қабул қилса, жуда ҳам ақлли иш қилган бўлади. Президент Нурсултон Назарбоев ўлим жазоси бекор қилинишига тарафдор бўлгани туфайли, яқин келажакда вазият ўзгариши мумкин”, - деди Вера Ткаченко.

Қозоғистон Европа Кенгаши парламент ассамблеясида кузатувчи мақомини олишга ҳаракат қилмоқда. Бундай мақомга эга бўлишнинг асосий шартларидан бири эса, ўлим жазосига мораторий жорий этиш ëки уни бутунлай бекор қилишдир.

Вера Ткаченконинг қайд этишича, масаланинг барча жиҳатлари тўғрисида маълумот бериш учун жамоатчилик орасида кампания олиб бориш лозим.

“Умуман олганда, Қозоғистонда жамоатчилик ҳар доим олий жазо тарафдоридир. Европа Кенгашига аъзо давлатларда эса ўлим жазоси бекор қилинганига кўп вақт бўлди. Мороторий фойдаси ҳақида батафсил маълумотлар бериш учун жамоатчилик орасида тушунтириш ишлари олиб боришга эҳтиëж сезилмоқда”, - деди Вера Ткаченко.

Шу ойда Қозоғистон Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган савол-жавобларга кўра, аҳолининг 62 фойизи олий жазога тарафдордир. Бу кишилар ўлим жазосини – жиноятни камайтирувчи омил сифатида кўрадилар.

Таниқли қозоқ журналисти ва ëзувчиси Ғаббос Қабийш ҳам шундай фикрда.

“Ўз мустақиллигига эришганига фақат 12 йил бўлган Қозоғистонда ўлим жазосини бекор қилиш эҳтимоли ҳақидаги мунозараларга иштирок этмайман. Ўлим жазосини таъқиқлашга ҳали вақт эртадир. Бизнинг жамият олий жазони тўхтатишга руҳан тайëр эмас. Биз қонун устивор бўлган давлатлар қаторига қўшилганимиз йўқ. Қозоғистонда қотиллик содир этишлар борган сайин ошмоқда. Биз ўлим жазоси тўхтатилишига қаршимиз”, - деди Ғаббос Қабийш.

Қозоғистон депутати Серикбой Алибоев ҳам бу фикрга қўшилди.

“Ўлим жазоси оғир жиноят содир қилган кишиларга берилади. Агар ўлим жазоси таъқиқланса, жиноятчилар ҳеч нарсадан қўрқмай, қанчалар қабиҳ ишларга қўл уришини тассавур қилаяпсизми?”, - деди Серикбой Алибоев.

Вера Ткаченкога кўра, Қозоғистонда кенг жамоатчилик ўлим жазосига тарафдор бўлганига қарамай, қонун ҳис-ҳаяжонлар устидан ғолиб чиқиши керак.

“Давлатлар тажрибаларидан маълум бўлдики, ўлим жазосини таъқиқлаш ҳар доим сиëсий қарордир. Сиëсатчилар бундай қарорни қабул қилиш учун оқил бўлишлари керак ва олий жазо жиноятни тўхтата олмаслигини эътироф этишлари лозим. Ўлим жазосини бекор қилиш – ҳукумат, парламент ва президентдан сиëсий ирода талаб қилади”, - деди Вера Ткаченко.

Қозоғистон Олий суд раиси Ғайрат Мамига кўра, 2002 йилда 31 киши суд хукми билан қатл қилинган.

Марказий Осиë минтақасида фақат Туркманистонда ўлим жазоси бутунлай таъқиқланган. Қирғизистонда 1998 йилдан бери ўлим жазосига мороторий жорий этилган.

Ўзбекистон ва Тожикистонда олий жазо амал қилмоқда. 2001 сентябр ойида Президент Ислом Каримов ҳар йили Ўзбекистонда тахминан 100 киши суд хукми билан қатл қилинаëтганини маълум қилган эди. Тожикистон Олий судига кўра, ўтган йилда бу мамлакатда 25 киши қатл қилинган.
XS
SM
MD
LG