Линклар

АҚШ: Ироққа берилган мухлат тугамоқда

  • Ҳурмат Бобожон

БМТ қурол-аслаҳа инспекторлари раҳбари Ханс Бликс тарафидан Хавфсизлик Кенгашига тақдим этилган ҳисоботда Ироқнинг халқаро кузатувчилар билан етарли ҳамкорлик қилмаётгани танқид қилинади. Шунга қарамай, бундай ҳулоса, Ироққа қарши уруш бошлаш учун асос бўлаолмаслиги таъкидланади.

Ханс Бликс душанба куни Хавфсизлик Кенгашида қилган маърузасида, Ироқда олиб борилган 60 кунлик инспекция ишларидан сўнг ҳам Ироқнинг химиявий, биологик қуроллар дастурига оид айрим саволлар ҳалигача очиқ қолаётганини қайд этди. Бликсга кўра, асабни фалаж қилувчи хандал газлари ва ўлимга олиб келувчи чипқон вирусини тарқатувчи химиявий моддалар қаерга яшириб қўйилгани номаълум.

Ўз навбатида Америка расмийлари ҳам БМТ инспекторлари хулосаларидан Ироққа қарши ҳарбий ҳаракатлар бошлашга баҳона сифатида фойдаланишга уринмоқдалар. Вашингтон Бағдодни ноябр ойида қабул қилинган 1441 резолюция бандларини тўлиқ бажармаётганликда айбламоқда. Аммо, Хавфсизлик Кенгашининг айрим аъзолари Ироқда текшириш ишлари давом этишини ҳоҳламоқдалар. Ҳисобот тақдимотидан сўнг, Хавфсизлик Кенгаши аъзолари ёпиқ эшиклар ортида муҳокама бошладилар ва у чоршанба куни ҳам давом этди. Аксарият кузатувчилар фикрича, Хавфсизлик Кенгаши АҚШнинг кескин қаршилигига қарамай, инспекторлар ўз фаолиятини давом эттиришларига руҳсат берилишини ва якуний ҳисоботга қадар Ироққа қарши ҳарбий чора қўллаш тўғрисида резолюциясини қабул қилмайди.

Гарчи БМТ қурол-аслаҳа инспекторлари раҳбари Бликс Ироқни оммавий қирғин қуроллари ишлаб чиқараётганликда айбламаган бўлсада, Бағдод бундай қуроллар йўқлигига жаҳон ҳамжамиятини етарлича ишонтира олмаганини қайд этди.

"Биз тақдим этган маълумотлар Ироқ оммавий қирғин қуролидан холи эканини кўрсатмайди ва ўз навбатида уларнинг йўқлигини ҳам инкор этмайди. Бу ҳақда етарлича далил-исботларнинг йўқлиги айрим саволларнинг очиқ қолишига сабаб бўлмоқда", - деб қайд этди Ханс Бликс жумладан.

БМТ инспекторлари раҳбарига кўра, икки ойлик инспекция ишлари шуни кўрсатмоқдаки, Ироқ сўнгги тўрт йил мобайнида учиш диапазони рухсат этилган 150 километрлик радиусдан ошувчи икки турдаги ракета дастурларини ривожлантиришга муваффақ бўлган.

Шунингдек, инспекторлар яқинда Ироқнинг ҳарбий дастурларига оид бир қатор далилий ашёларни топганлар. Улар орасида, ироқлик мутахассис уйидан топилган химиявий қурол ишлаб чиқишга оид 3000 саҳифалик ҳужжат ҳам бор. Халқаро инспекторларга кўра, уларни ўрганиб чиқиш яна қўшимча мухлатларни талаб этади. Шу боисдан Ханс Бликс ҳам, БМТнинг атом энергияси бошқармаси раҳбари Ал-Барадей ҳам Хавфсизлик Кенгашидан инспекция ишларини охирига қадар етказиш учун яна бир неча ой берилишини сўрадилар ва Саддам Ҳусайн ҳукуматини фаол ҳамкорликка даъват этдилар.

"Инспекторлар ишини енгиллаштирувчи Ироқнинг ҳар қандай ташаббуси ва қўшимча маълумотларнинг берилиши ҳозирда ўта муҳим. Қолаверса, Ироқнинг халқаро мажбуриятларни бажаришдаги фаол ҳаракати биринчи навбатда унинг ўзи учун яхши", - дея қайд этди БМТнинг Атом энергияси бўйича халқаро идораси бошлиғи Ал-Барадей.

БМТ қурол-аслаҳа инспекторларининг уларга қўшимча мухлат берилиши борасидаги таклифлари Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари бўлган Франция, Россия, Хитой давлатлари тарафидан қўллаб-қувватланди. Шунингдек, Германия, Сурия давлатлари ҳам бунга ҳайриҳоҳлик билдирдилар. Халқаро ҳамжамиятнинг Ироққа қарши урушнининг олдини олиш борасидаги бу уринишларига қарамай, АҚШ ва Буюк Британия Бағдодга нисбатан босимни кучайтирмоқда. Хавфсизлик Кенгашида БМТ инспекцияси раҳбарларининг хисоботи тингланар экан, Оқ уй матбуот мулозими Ари Флэйшер АҚШ ва унинг раҳбари Жорж Буш ҳали ҳам урушни четлаб ўтишга ҳаракат қилмоқда, аммо инспекторлар хулосалари шу пайтгача Бағдод халқаро ҳамжамиятни лақиллатиб келганини тасдиқламоқда, дея таъкидлади.

"Бугунги муҳим санадан эътиборан Ироқ БМТ резолюция шартларига бўйсунмаётгани ва у ҳали ҳам оммавий қирғин қуролларини халқаро ҳамжамиятдан яшираётгани аён. Бағдод шу пайтгача БМТ инспекторлари кўзини боғлаб, уларни лақиллатиб келди", - таъкидлайди Ари Флэйшер.

Айни оҳангдаги гапларни АҚШнинг яқин иттифоқчиси Буюк Британия ташқи ишлар вазири Жэк Строу ҳам такрорлади.

Бироқ, Хавфсизлик кенгашида тортишувлар давом этар экан, кўплаб давлатлар, жумладан Россия, Франция, Германия Ироқда оммавий қирғин қуроллар яширилгани тўла-тўкис исботланиши учун у ерда инспекция ишлари давом эттирилишини таъкидламоқдалар. Ҳатто Вашингтоннинг яқин иттифоқчиси бўлган Туркия ҳам айни қарашда.

Германия ташқи ишлар вазири Йошка Фишер ҳам Ироқ солаётган таҳликани бартараф этишнинг ягона воситаси инспекция эканини қайд этди.

"Келаётган хавфнинг олдини олиш ва вазиятни жиловлашнинг ягона усули инспекциядир. Шу боисдан халқаро инспекторлар учун бу борада етарлича имконият берилиши керак", деди Йошка Фишер жумладан.

БМТ инспекторлари ишларини давом эттиришлари учун қўшимча мухлат бериладими, йўқ - бу ҳозирча номаълум. Аммо Бўхронларни ўрганиш халқаро гуруҳи вице-президенти, бир вақтлар АҚШнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги элчиси бўлиб ишлаган Нэнси Шодерберг фикрича, ҳамма нарса жума куни Кэмп Дэвидда бўладиган Жорж Буш ва Британия Бош вазири Тони Блэрлар ўртасидаги учрашув давомида аён бўлади. "Тахминимча, Хавфсизлик Кенгаши халқаро инспекторларни узоғи билан феврал охиригача Бағдодда ушлаб туришга розилик беради ва шу тариқа тортишувларга чек қўйилади. Албатта, бу тахмин холос. Аммо, кўп нарса 31 январ куни Кэмп Дэвидда Буш ва Блэр ўртасидаги учрашув пайти маълум бўлади", - деб таъкидлади Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи вице-президенти Нэнси Шодерберг
XS
SM
MD
LG