Линклар

СЕРГЕЙ ДУВАНОВ УЧ ЯРИМ ЙИЛГА КЕСИЛДИ

  • Сарвар Усмон

Қозоғистонлик мустақил журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Сергей Дуванов устидан 2002 йилнинг кузида жиноий иш қўзғатилганидан ҳамда янги йилнинг илк кунларида унинг устидан суд жараёни бошланганидан хабарингиз бўлса керак.

22 кун давом этган маҳкама жараёни 28 январда ўз ниҳоясига етди ва Сергей Дуванов уч ярим йилга озодликдан маҳрум қилинди.

***

Инсон ҳуқуқлари бўйича Қозоғистон бюроси вакиллари 49 ёшли таниқли журналист Сергей Дувановнинг ҳибсга олинишини ҳокимият томонидан амалга оширилган иғво, деб баҳолагандилар. Қамоққа олинишидан олдинроқ Сергей Дуванов Қозоғистондаги коррупция тўғрисида бир қатор мақолалар ёритган, уларда президент Назарбоевнинг номи ҳам тилга олинган эди.

Дуванов, эртага АҚШга учаман, деб турган пайтида ҳибсга олинди. Шу ўринда ўз-ўзидан ўтган йилнинг августидаги бир воқеа ҳам ёдга тушади. Ўшанда Дуванов Варшавага, ЕХҲТ саммитига учиши, анжуманда Қозоғистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволи тўғрисида маъруза қилиши керак эди. Польша пойтахтига учиши арафасида Сергей Дувановни номаълум кимсалар калтаклаб кетадилар ва у касалхонага ётқизилади.

Ўтган йили Дуванов мамлакат президентини ҳақорат қилганликда ҳам айбланиб, унга қарши жиноий иш очилган, бироқ у ёпиб қўйилган эди.

Ниҳоят, Сергей Дувановга қарши очилган яна бир жиноий иш 28 январь куни мантиқан якун топди. Мустақил журналист Қозоғистоннинг Қорасой тумани суди томонидан уч ярим йилга озодликдан маҳрум этилди.

Озодлик радиоси Қозоғистондаги мухбирининг хабар қилишича, маҳкама хукми ўқиладиган куни туман суди биноси атрофида қарийб 200 киши - Дувановга ҳайриҳоҳлар йиғилдилар. Улар орасида Қозоғистон демократик танлови ҳаракатининг Олмаота шаҳар бўлими раҳбари Маржон Асфандиёрова ҳам бор эди: "Кишилар "Сергей Дуванов озод қилинсин!", "Сергей айбдор эмас!", "Қозоғистондаги сиёсий маҳбуслар озодликка чиқарилсин!", деган шиорлар билан келганлар бу ерга, дейди Қозоғистон демократик танлови ҳаракати аъзоси Маржон Асфандиёрова.

Қозоғистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларидан бири Гулжан Хамитова Дувановга нисбатан шундай хукм чиқарилишини жамоатчилик олдиндан кутган эди, чунки, президент Назарбоевнинг ўзи хорижий сафарларида Дувановнинг айбдор эканлиги тўғрисида гапириб юрган эди. Айбсизлик презумпциясини ҳам икки пулга олгани йўқ, дейди. "Чиқарилган хукм Қозоғистон учун, Қозоғистондаги режим, мамлакат судлов тизими учун мутлақо мантиқий хукмдир", - деб давом этди у.

Бу Қорасой туман судида Сергей Дуванов устидан хукм ўқиб бўлинган дақиқаларда билдирилган дастлабки фикр эди.

Ҳукм чиқарилганидан сўнг ўтган бир кеча-кундуз давомида Дувановнинг уч ярим йилга қамалишини республика жамоатчилиги кенг муҳокама қилаяпти. Қозоғистондаги мустақил нашрлардан бири "Сўл Дод" газетасининг бош муҳаррири Эрмурод Бопий мана бундай фикр билдирди: "Кечаги суд ҳукмини Сергейнинг президентни ҳам қўшиб ёзган мақолалари учун тўлаган ҳақи, деб тушуниш керак".

Шу ўринда бир дақиқага суд залига қайтамиз. Маҳкама мажлисида давлат қораловчиси судьядан Сергей Дувановни етти йилга озодликдан маҳрум этишни сўради. Судланувчининг адвокатлари унинг айбсиз эканлигини исботлашга ҳаракат қилдилар. Дувановнинг ўзи эса суд мажлиси пайтида мана бу гапларни айтган: "Мен мутлақо айбсизман. Мен ҳеч кимни зўралаганим, ҳеч кимни йўлдан урганим йўқ. 27 октябрь оқшомида рўй берган воқеаларнинг барчаси иғводир. Ундан кўзланган мақсад эса, биринчидан, мени обрўсизлантириш, иккинчидан, турмага тиқиб қўйишдир. Мен қамалишдан қўрқмайман. Кажегелдин, Жакиянов ва Аблязовлардан кейин қамалишни ўзим учун шараф деб биламан.(Номлари зикр этилганлар Қозоғистондаги таниқли мухолифатчилар, Жакиянов билан Аблязов узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилганлар- C.У.) Бироқ, менга нисбатан қўйилган айблов шу қадар ўзгачаки, демак, мени ғарбдаги ҳамкасбларим кўзида ғирт ёлғон сабаб ва энг жирканч усул билан обрўсизлантиришни ҳамда қамоққа ташлашни мақсад қилиб қўйишган. Мени қамашдан масад ҳокимият тепасидагиларга ёқмайдиган мақолаларимдан қутулишдир",- деган Сергей Дуванов суд мажлиси пайтида гапириш ҳуқуқидан фойдаланиб.

Шу кунларда инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи бир қатор халқаро ташкилотлар Сергей Дувановнинг озодликдан маҳрум этилиши муносабати билан баёнотлар ёйинламоқдалар. Жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро лига 28 январь куни Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев номига битилган мурожаатномасини ёйинлади. (Сергей Дуванов тергов изоляторида ўтирган пайтида мазкур ташкилотнинг мукофотига сазовор бўлган эди.) Халқаро лига президент Назарбоевга мурожаат қилар экан, Сергей Дуванов ишини холис, халқаро ҳуқуқ меэёрлари асосида қайта кўриб чиқишни сўраган.
XS
SM
MD
LG