Линклар

Бушнинг Америка халқига мурожаати

  • Ҳурмат Бобожон

АҚШ Президенти Жорж Буш "Мамлакатдаги иқтисодий вазият" тўғрисида қилган маърузасида асосий эътиборни Ироқ масаласига қаратди. Чоршанба куни Тошкент вақти билан эрталаб соат еттида Конгрессининг ҳар икки палатасига қарата қилган мурожаатида Буш америкаликларни Ироққа қарши урушни қўллаб – қувватлашга чақирди. Америка Саддам Хусайнни енгиш учун бор куч-салоҳиятини сафарбар этишга тайёр, деди президент.

Ўзининг Америка халқига қарата қилган йиллик мурожаатида Буш шунингдек, мамлакат айрим иқтисодий мураккабликлар, турғунлик ҳолатини ҳам четлаб ўтмаганини билдирди. Аммо Буш чиқишининг асосий лейтмотивини Ироқ масаласи ташкил этди.

Ҳар галгидек бу сафар ҳам Вашингтон раҳбари сўзини Бағдод ҳукуматини оммавий қирғин қуролларини халқаро инспекторлардан яширатёганликда айблашдан бошлади. "Саддам Ҳусайн минглаб баллистик ракеталарни, химиявий қуролларни халқаро ҳамжамиятдан яшириб, халқаро инспекторларни 12 йилдан бери лақиллатиб юрибди. Агар уни қуролсизлантириш Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қўлидан келмас экан, буни Америка ва унинг иттифоқчилари уддасидан чиқади, деб таъкидлади Жорж Буш.

"Агар биз уруш бошлашга мажбур бўлсак, биз ҳақиқат учун урушамиз ва урушдан бегунох кишилар азият чекмасликлари учун адолатли воситалардан фойдаланамиз. Агар биз уруш бошлашга мажбур бўлсак, биз Америка Қўшма Штатларининг бор ҳарбий куч - салоҳиятини сафарбар этамиз ва бари бир ғолиб чиқамиз".

Хавфсизлик Кенгашида БМТ инспекторларининг Ироқда олиб борган текширувлари хулосаси бўйича тортишувлар давом этар экан, Вашингтон раҳбари 5 феврал куни Бағдоднинг оммавий қирғин қуроллари тўғрисидаги разведка маълумотлари Давлат котиби Колин Пауэл тарафидан Кенгашга тақдим этилишини маълум қилди. Бунинг учун Буш Хавфсизлик Кенгашидан 5 феврал куни Давлат котиби Колин Пауэлга сўз берилишини сўради. Бушга кўра, Саддам қандай қуролларни халқаро инспекторлардан яшираётгани тўғрисида Қўшма Штатлар етарлича разведка маълумотларига эга. Яъни гап, Саддам Хусайннинг чипқон вирусини тарқатувчи 25 минг литр химиявий модда, асабни фалаж қилувчи 38 минг литрлик заҳарли хандал газлари, шунингдек 30 минг литрлик химиявий қурол ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган куйдирги ва кўк яра вирусини ташувчи моддалар ҳақида бормоқда.

Шунингдек, АҚШ раҳбари Ироқни 11 сентябр террор ҳужумларини уюштирган Ал-Қоида террор тармоғи билан яқин алоқада бўлганликда айблади.

"Разведка маълумотлари, махвий хизматлар ёзишмалари, шунингдек ҳибсдаги шахсларнинг кўрсатмалари Саддам Ҳусайн террорчиларга, шу жамладан "Ал-Қоида" аъзоларига ҳам ёрдам кўрсатиб, уларни ўз паноҳига олганидан далолат бермоқда".

Мамлакатдаги айрим иқтисодий мураккабликлар, ишсизлик, бюджет камомадлар ҳақида гапирар экан, Буш, америкаликлар ҳаёти ёмонлашаётганига АҚШнинг душманлари террорчилар ва бошқа маргинал режимлар сабабчи бўлаётганини алоҳида қайд этди. Оқ уй раҳбарининг таъкидлашича, террорчиликка қарши курашда олға силжишлар кузатилган, эндиликда "Ал-Қоида" бир йил олдингидақа хавф туғдирмаяпти, чунки унинг кўплаб аъзолари Париж, Лондон, Нью-Йорк, Гамбург ва Милан шаҳарларида қўлга олинди. Эндиликда, катта хавф Саддам Хусайн ва унинг оммавий қирғин қуролларидир. Агар у солаётган хавф вақтида бартараф этилмаса, яқин орада Саддамнинг оммавий қирғин қуроллари террорчилар қўлига тушиб қолиши ҳеч гап эмас, деди Буш жумладан.

Хуллас, Буш ўз сўзи якунида америкаликларни урушга тайёр бўлиб туришга чақирди ва Форс кўрфазидаги америка қўшинлари учун оғир дамлар бошланиши ҳақида огоҳлантирди. Шунингдек, Ироқ халқини буни тўғри тушунишга даъват этди. Жумладан, Буш ироқликларга қарата мурожаатида: "Сизнинг душманингиз мамлакат атрофида тўпланаётган қўшинлар эмас, сизнинг душманингиз мамлакатни бошқараётганлар. Бу режимнинг қулашига жуда оз қолди ва яқин кунлар ичида Ироқда Озодлик қарор топажак".

Бушнинг бундай чиқишлари гулдироc қарсаклар билан қарши олинди. АҚШ раҳбарининг деярли бир соат давом этган чиқиши Сенат ҳамда Вакиллар палатаси аъзолари тарафидан 77 марта қарсаклар билан бўлиниб турди. Аммо бу, Вашингтон раҳбарининг Ироқ сиёсатига Америкада ҳамма ҳайрихоҳ эканини англатмайди. Сўровлар Америкада 50 фоиз аҳоли Вашингтоннинг БМТ санкцияларисиз ҳам Ироққа қарши ҳужумларини қўллаб-қувватлашини кўрсатмоқда. Бир йил олдин ушбу кўрсаткич анча юқори, яъни 80 фоиз эди. Ҳозирда америкаликларни бошқа нарса, мамлакатнинг уруш туфайли иқтисодий таназзулга юз тутаётгани ташвишлантирмоқда. АҚШ долларининг жаҳон бозорида қадрсизланаётгани шундан далолат бераётир. Бушнинг асосий мухолифлари бўлган демократлар ҳам бу сиёсатга қарши. Вакиллар палатасидаги демократлар вакили Нанси Пелосига кўра, Буш ҳокимиятга келганидан бери мамлакат тобора иқтисодий тушкунликка юз тутмоқда. "Икки йил олдин Буш ҳокимиятга келганидан бери, хусусий секторда 2 миллион 300 минг иш ўрни йўқолди. Бундай кўрсаткич, иккинчи жаҳон уруши давридан бери кузатилмаганди", - таъкидлайди демократлар вакили.

Шунга қарамай, Бушнинг тарафдорлари ҳам анчагина. Сўровлар давомида кўпчилик америкаликлар уруш бўлса президент атрофида жипслашажакларини айтишмоқда.
XS
SM
MD
LG