Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:08

Европа Ироқ сиёсатида иккига ажралмоқда


Испания бош вазири Хосе Мари Азнар ташаббусига кўра қабул қилинган баёнотда Европа давлатлари АҚШнинг Ироқни қуролсизлантириш сиёсатига ҳайриҳоҳ бўлишлари таклиф этилади. Мазкур қўшма баёнот чоршанба кечқурун Буюк Британия бош вазири Тони Блэр, Италия бош вазири Силвио Берлускони, Португалия бош вазири Дурао Бароссо, Чехия президенти Вацлав Хавел, Венгрия бош вазири Петер Медгиесси, Полша бош вазири Лежек Миллер ва Дания бош вазири Андрес Фог Расмуссенлар тарафидан имзоланди.

Пайшанба куни "Уолл Стрит Жорнал" ва "Таймс" газеталарида эълон қилинган баёнотда Ироқ режими ҳали ҳам қуролсизланиш бўйича БМТ резолюцияси шартларини бажармай, халқаро хавфсизликка таҳдид солаётгани қайд этилади.

Европа лидерлари қўшма баёнотни қабул қилар эканлар, Европанинг фашизм ва коммунизм истибдодидан озод этилишидаги АҚШ ролини яна бир бора эсга олдилар. Европа ва АҚШ ўртасидаги узоқ йиллар давомида синалган муносабатлар, дейилади қўшма баёнотда, халқаро жамоатчилик томонидан эътироф этилган демократия ва инсон ҳуқуқлари қадриятларига таянади ва бу трансатлантик муносабатлар Ироқ режимининг оммавий қирғин қуроллари билан хавф солишга уринишлари қурбонига айланмаслиги лозим. Хуллас, Европанинг саккиз давлати раҳбарлари Ироқ бўйича ягона сиёсат ишлаб чиқилишини таклиф этмоқдалар. Улар фикрича, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1441 резолюцияси Саддам учун берилган сўнгги огоҳлантиришдир. Бу борада Хавфсизлик Кенгаши резолюция шартлари бажарилишини таъминлаши кераклиги қайд этилади, қўшма баёнотда.

Аммо Ироқнинг ҳарбий йўллар билан қуролсизлантирилишига Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси бўлган Франция ҳамда Европа сиёсатида муҳим ўрин тутувчи Германия қарши чиқмоқда. Шу боисдан Европанинг бу икки муҳим давлати қўшма баёнотни имзоламади. Бу эса янги аъзолар эвазига бирлашаётган Европада Ироқ масаласида бўлинишни юзага чиқарди. Британияда чиқадиган "Дэйли Телеграф" газетаси, Лондон раҳбарининг Ироққа қарши Европа коалициясини тузиш борасидаги уринишлари Европада иккига ажралишни келтириб чиқаргани ҳақида ёзади. Айни мазмундаги айбловлар Дания бош вазири Андрес Фог Расмуссен номига ҳам айтилмоқда. Пайшанба куни Дания мухолифати Расмуссенни мамлакат парламенти билан келишмасдан баёнотга имзо қўйгани учун айблади. Мухолифат вакилларига кўра, Европанинг саккиз давлати, шу жумладан Дания ҳам маъқуллаган қўшма баёнот негизида АҚШнинг уруш ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш ётибди.

Лондонлик мустақил таҳлилчи Александра Ашборн фикрича, агар жаҳонда қандайдир бўхрон юзага келса Европа давлатлари дарҳол ўз сиёсатларини Вашингтон сиёсатига мослаштиришга уринадилар.

"Афсуслар бўлсинким, қалтис вазиятда Британия ва шунга ўхшаш баёнотни қабул қилган Европа Иттифоқининг бошқа давлатлари минтақадаги шерикларини назар-писанд қилмай биринчи навбатда Вашингтонга қарай бошлайдилар", - дейди британиялик таҳлилчи.

Ўтган ҳафтада Буш маъмурияти Германия ва Францияни эски Европа сифатида таърифлаб, Ироқ масаласида ўжар сиёсат олиб бораётгани учун танқид қилган эди.

Хуллас, Вашингтон таъбири билан айтганда Европа иккига, яъни, "янги" ва "эски" Европага ажралмоқда. Эски Европа Ироққа нисбатан урушга қарши, янгиси эса бу урушни қўллаб-қувватламоқда. Аммо, кўп нарса жума куни Кэмп Дэвидда АҚШ раҳбари Жорж Буш ва Британия бош вазири Тони Блэрлар ўртасидаги учрашувларда аён бўлади.
XS
SM
MD
LG