Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:45

Европа Кенгаши Парламент ассамблеяси Чеченистон бўйича резолюция қабул қилди.


Ҳабибулло Ботиров

Европа Кенгаши Парламент ассамблеяси Россия маъмурлари бу республикада конституция бўйича референдум ўтказиш учун зарур шарт-шароит яратишга улгурмасликлари ташвиши билдирилган резолюция қабул қилди.

Аммо, бу ҳужжатда конституция бўйича аҳоли сўрови ўтказишни кейинга қолдириш даъвати йўқ. Маълумки, Европа Кенгашининг Чеченистонга бориб келган комиссияси илгари Россия маъмурларини референдумни кечиктиришга чақирган эди.

Бундан бир неча кун илгари Европа Кенгаши Парламент ассамблеяси Чеченистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни кўздан кечириш учун Френк Жадд бошлиқ комиссияни бу мамлакатга юборган эди.

Лорд Жадд Чеченистонга бориб келиб, Москвада ўтказган матбуот анжуманида мамлакатдаги ҳозирги вазиятда референдум ўтказиш имконияти йўқлигини баён қилди. Шу билан бирга у, маъмурлардан конституция лойиҳаси бўйича умумхалқ сўрови ўтказилишини кечиктиришни сўрашини ҳам билдирганди.
Лорд Жадд исёнкор республикадан Европага қайтиб келгандан кейин Европа Кенгаши Парламент ассамблеясига ўтган ҳафтада ўз тавсияларини берди. Тавсиялар қаторида референдум ўтказишни кейинга қолдириш ҳам бор эди. Жадд, жумладан шундай деди:“Сиёсий кенгаш қўмитаси Россияга Чеченистонда конституция лойиҳаси бўйича референдум ўтказиш учун зарур шарт-шароит яратиш кераклигини тавсия этди.Шуни айтишим керакки, референдум ўтказилаётган кун мен ўша ерда бўлишни истардим. Аммо ўтган ҳафтада мен Чеченистонда кўрган шароитда умумхалқ сўрови ўтказиб бўлмайди.Ассамблея тавсия этган шарт-шароитларни 24 мартгача яратиш гумон ”.

Менинг фикримча, деди Фрэнк Жадд, Россия референдумни кейинга суриш орқалигина бизнинг тавсияларимизни ижро қилиши мумкин.

Аммо Европа Кенгаши Парламент ассамблеяси Страсбургда чоршанба куни ўтказган сессиясида Чеченистондаги вазият тўғрисида муросага асосланган резолюция қабул қилди. Мазкур резолюцияда Россия томони Чеченистон республикаси конституцияси лойиҳаси бўйича умумхалқ сўрови ўтказилиши муддатини кечиктиришга даъват этилмайди.

Ассамблеянинг якуний ҳужжатида “бундай референдум ўтказиш учун зарур шарт-шароитни белгиланган санагача яратиш гумон”эканлиги борасида ташвиш билдирилган.

Бундан ташқари, Европа Кенгаши Парламент ассамблеяси якуний ҳужжатига, мабодо референдум кечиктирилмаса, Россиянинг ассамблеядаги мақоми қайта кўриб чиқилиши тўғрисидаги таклиф ҳам киритилмади.

Бундан аввал Россиянинг Европа Кенгаши Парламент ассамблеясидаги делегацияси бошлиғи Дмитрий Рогозин ҳам ўз навбатида:”Мабодо Ассамблея лорд Жадд тайёрлаган ҳужжатга овоз берса, бундан кейин Чеченистон муаммосини бизнинг иштирокимизсиз муҳокама этаверади. Россияни салоҳиятлироқ ва ишончлироқ шериклар қидиришга ундамоқдалар” дея пўписа қилган ва ҳатто Россия раҳбарияти лорд Жаддни комиссия маърузачиси лавозимидан четлаштиришни талаб қилиши мумкинлигини билдирган эди.

Лорд Жадд фикрича, референдумни кечиктириш тўғрисидаги тавсиянинг сабаби конституция лойиҳаси етарли даражада муҳокама қилинмаганидадир. Шунинг учун ҳам умумхалқ сўрови, шунчаки, расмиятчилик бўлиб қолаверади.

Шу билан бирга ҳуқуқни ҳимоя қилиш бир неча ташкилотлари, жумладан Инсон Ҳуқуқлари (Human Rights Watch), Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро Хельсинки федерацияси (The International Helsinki Federation for Human Raghts) ва Халқаро амнистия (Amnesty International) Чеченистонда инсон ҳуқуқлари поймол этилаётганини даъво қилмоқдалар. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг айтишича, қочқинлар мажбуран Чеченистонга қайтарилмоқда, тинч аҳоли икки урушувчи томон қурбони бўлмоқда, мамлакатга хорижий кузатувчилар киритилмаяпти.

Россия президентининг ёрдамчиси Сергей Ястржембский Вашингтонда гапириб, АҚШ Москванинг Чеченистондаги ҳаракатига халқаро аксилтеррор кампания доирасида қараётганини билдирди ва Оқ уйни учта чечен гуруҳини халқаро террорчилик ташкилотлари рўйхатига киритишга чақирди. Аммо булар қандай гуруҳлар эканлигини айтмади.

Умуман айтганда, Чеченистонда конституция лойиҳаси бўйича референдум ўтказиш можарони сиёсий йўл билан бартараф этиш тўғрисида мамлакат ичкариси ва ташқарисида янграётган даъватларга Москванинг ўзига хос жавобидир. Чунки Чеченистонда уруш давом этяпти. Ҳар куни ҳар икки томондан ҳам одамлар қурбон бўлмоқда. Конституция бунга чек қўядими?
XS
SM
MD
LG