Линклар

logo-print

Украина Президенти Леонид Кучманинг МДҲ давлат бошлиқлари Кенгаши раиси этиб сайлангани қандай ўзгаришга олиб келиши мумкин?

  • Ҳасанжон

Ўн икки собиқ совет республикаси 1991 йили Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигини ташкил этганидан бери, у бирон бир йирик иқтисодий ёки дипломатик вазифани ҳал қилиб, ўзининг таъсирчан ташкилот эканини исботлай олмади. Ҳамдўстлик аъзолари қабул қилинган резолюцияларни бажармай келдилар. Киевда ўтган МДҲнинг сўнгги икки кунлик саммитига тўрт давлат бошлиғи бутунлай келмади. Маълумки, Россия ташкилотдаги асосий куч ҳисобланади. МДҲнинг шу пайтгача сақланиб қолгани ҳам Россия саъй ҳаракатлари натижасидир. 29 январ куни Россия Президенти Владимир Путин Украина Президенти Леонид Кучмани МДҲ давлат бошлиқлари Кенгаш раиси лавозимига номзод қилиб кўрсатди ва у бир овоздан сайланди.

Ҳозирга қадар Украина доим МДҲдан ўзини йироқ тутиб, ташкилотда кузатувчи мақомига эга бўлиб келди. Украина парламенти эса мамлакатнинг Ҳамдўстликка тўлиқ аъзолик мақомини ҳозиргача тасдиқлагани йўқ. Шундай бўлсада, вазият Владимир Путинни, бошқалар билан маслаҳатлашмаган ҳолда, Кучмани МДҲ давлат бошлиқлари Кенгашининг раиси этиб сайлашдан тўхтата олмади.

Сўнгги пайтларда юз берган жанжаллар, хусусан мамлакатдаги коррупция, сиёсий сабабга кўра амалга оширилган қотиллик, Украинанинг Ироққа замонавий ҳарбий техника сотгани каби фактлар Кучманинг Ғарб давлатлари билан муносабатини анча совуқлаштирди. Шундан сўнг Кучма Россия билан алоқаларни яхшилашга урина бошлади. Кузатувчилар фикрича, Владимир Путин Кучма муаммоларга дуч келаётганидан фойдаланиб, Украина билан юзага келган таранг муносабатларни юмшатишга ҳаракат қилмоқда. Шарҳловчилар, Кучманинг МДҲ раҳбари лавозимига сайлангани ташкилот обрўсини кўтариши эхтимолдан анча йироқлигини қайд этишмоқда.

Айни пайтда, Президент маъмурияти маслаҳатчиси, сиёсий таҳлилчи Михайло Похребинский Кучмага берилган янги лавозим Киев расмийлари учун манфаатли бўлиши мумкинлигини айтди. Киев маъмури, Украина ўзининг иқтисодий қийинчиликларини ҳал этишда Россия ҳамкорлигида МДҲ бозорларида мавжуд шароитдан фойдаланиши кераклигини қўшимча қилди. Похребинский сўзида давом этиб: “Украина, товарлар рўйхатига жуда кам истисно киритилган ҳолда, эркин савдо зонаси масаласи иложи борича тез ҳал этилишидан манфаатдор. Агар бу масала ҳал этилса, бундан энг кўп Украина ютади”,- деди.

Бошқа бир сиёсий таҳлилчи эса, МДҲ аъзо давлатлар иқтисодий вазиятини кескин яхшилай оладиган ташкилотга айлана олмаслигини айтди. Украинанинг БМТдаги собиқ элчиси Серхий Комисаренко ҳозирда Украинанинг Тинчлик ва Демократия Халқаро институти раҳбари лавозимида ишлаяпти. Комисаренко: “МДҲ кўплаб йиғилишлар ўтказишига қарамасдан, улар аниқ натижа бермаяпти. Албатта, бу давлат ва ҳукумат раҳбарлари ўртасидаги учрашув. Улар икки давлат ҳудуди орқали саёҳат қилишни яхшилаш ва бошқа иқтисодий масалаларни муҳокама қиладилар. Аммо биз мана шу учрашувлар натижасини ўз мамлакатимизда ҳеч қачон кўрмаймиз”,-деди.

Пилип Орлик номидаги мустақил Демократия институтининг тадқиқот директори Олександр Мосюк Кучманинг янги лавозимидан Киев расмийлари кўп манфаат қозонишига унчалар ишонмаслигини айтди: “Президент Кучма тарафдорлари унинг янги лавозимга сайлангани аввало ўзи ва Украина дипломатияси учун катта муваффақият эканини айтяпти-лар. Украина мухолифати вакиллари эса бошқача фикрдалар. Уларга кўра, Кучманинг МДҲ Кенгаш раиси лавозимига сайланиши мамлакатнинг Европага интеграциялашиш жараёни ва Ғарб сари ҳаракатини йўққа чиқаради. Менимча, ҳақиқат - шу икки фикр ўртасида бўлса керак”.

Кучманинг айрим танқидчилари, президентлик муддати тугаганидан кейин сиёсий рақиблари ўзига қарши расмий жиноий иш очишидан ҳимояланиш мақсадида Кучма, МДҲ давлат раҳбарлари Кенгаш раиси лавозимни эгаллаган, деган фикрни билдирмоқдалар. Тахлилчи Похребинский эса бу фикрга қўшилмаслигини айтади: “Буни тасаввур қилишим жуда қийин. Чунки, ҳозир бу лавозим доимий эмас. Агар Кучма ўзининг Украина президенти лавозимини тарк этса, унинг МДҲ раҳбари бўлиб қолишини тасаввур қилиш жуда қийин”. Олександр Мосюк, янги лавозимга сайлангани “сиёсатни яхши билмаган” айрим украиналиклар орасида Кучманинг обрўсини кўтарган бўлса-да, Кучма каби шахснинг ташкилотга раҳбар бўлиши МДҲнинг халқаро саҳнадаги нуфузини ошириши эҳтимолдан анча йироқлигини айтди. Чунки кўпгина Ғарб лидерлари МДҲга кўпдан бери аҳамиятсиз ташкилот сифатида қарайдилар.
XS
SM
MD
LG