Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:09

АҚШнинг Ироққа қарши уруши шиддатли ҳаво ҳужумлари билан бошланадиганга ўхшайди.


Акрам Файзулло

Агар АҚШ президенти Жорж Буш Ироққа қарши ҳужум қилиш тўғрисида буйруқ берса, ҳеч ким Пентагоннинг уруш режасини аниқ билмайди.

Аммо сўнгги кунларда Америка матбуотининг номи ошкор этилмаган АҚШ ҳарбий ва ҳукумат расмийларига асосланиб билдиришича, Ироққа қарши уруш шиддатли ҳаво ҳужумлари билан бошланади. Бундан кўзланган мақсад, Ироқ армиясини президент Саддам Ҳусайнга қарши бош кўтаришга мажбур этиш ëки қаршилик кўрсатган Ироқ кучларини тор-мор қилишдан иборатдир.

“Нью-Йорк Таймс” (The New York Times) газетасининг ëзишича, АҚШ урушнинг биринчи 48 соати ичида Ироқнинг ҳарбий қароргоҳлари, базалари, алоқа марказлари ва ҳукумат биноларига 3 мингдан ошиқ бомба ташлашни ва ҳарбий кемалардан ракеталар отишни режалаштирган.

Мудофаа соҳаси бўйича мустақил таҳлилчи Пол Бивернинг (Paul Beaver) қайд этишича, ҳаво ҳужумлари тўғрисида билдирилаëтган фикр-мулоҳазалар АҚШнинг ҳозирги ҳарбий стратегиясига мос келади.

“Пентагон бир неча режа ишлаб чиқмоқда, лекин менимча ҳаво ҳужумлари ҳақида матбуотга ошкор қилинган режа кўпроқ мантиқли бўлиши мумкин”, дейди таҳлилчи Пол Бивер.

Аммо унинг огоҳлантиришича, ҳар қандай ҳарбий режада турли эҳтимоллар инобатга олиниши керак ва ҳозирги режа янги вазият тақозаси билан ўзгариши ҳам мумкин.

АҚШнинг ҳозирги ҳарбий стратегияси Ироқнинг оддий аскарлари ва фуқаролари орасидаги йўқотишларни қисқартириш билан бирга, Бағдод режимини ҳокимиятдан четлаштириш учун кўп сонли ҳарбий куч қўллашга қаратилган. Агар амалда шунга эришилса, Ироқ халқи Америка кучларини босқинчилар эмас, балки халоскорлар сифатида қабул қилиши мумкин.

Таҳлилчи Пол Бивернинг қайд этишича, Пентагон кўп сонли ҳарбий куч қўллаш орқали Ироқ аскарларини Бағдод режимига қарши бош кўтаришга ëки АҚШ қўшинларига таслим бўлишга кўндириш ҳақида умид қилмоқда.

“Америкаликлар Ироқ аскарларининг исëн қилишини ëки қуролларини топшириб, уйларига кетишини истайдилар. Саддам Ҳусайн ҳокимиятдан четлаштирилганидан кейин АҚШ қўшинлари вазиятни назорат қилиш учун Ироқда маълум вақтгача қолиши зарур”, дейди таҳлилчи Пол Бивер.

Унга кўра, ҳаво ҳужумларини бошлашдан олдин варақалар ташлаш орқали Ироқ ҳарбий кучларини таслим бўлиш ҳақида огоҳлантириш лозим.

Таҳлилчиларнинг фикрича, иттифоқдош давлатлар бу сафар ҳаво ҳужумларидан унумли фойдаланиши мумкин, чунки ҳаво ҳужумларида қўлланиладиган қуроллар сифати Форс кўрфази урушидан бери ўн баробар ошди. Мисол учун, ҳар қандай об-ҳаво шароитида сунъий йўлдош орқали бошқариладиган замонавий бомбалар, 1991 йилда қўлланган лазер бомбаларига қараганда нишонга янада аниқроқ бориб тегади.

Ройтар ахборот агентлигининг номи ошкор этилмаган Америка расмийларига асосланиб хабар беришича, Қўшма Штатлар аллақачон Форс кўрфази минтақасида сунъий йўлдош орқали бошқариладиган етти мингта бомба жойлаштирган.

“Нью-Йорк Таймс” газетасининг ëзишича, Ироққа қарши уруш бошланганда, деярли бир вақтнинг ўзида ҳам ҳаводан, ҳам қуруқликдан ҳужумларга ўтилади. Американинг Қувайтдаги қўшинлари жанубдан, Туркиядаги қўшинлари эса шимолдан Ироққа бостириб киради. Айни пайтда, Ироқнинг ҳаво базалари ва нефт конларини ишғол қилиш учун ҳаводан оз сонли махсус кучлар ташланади.

Форс кўрфази минтақасида қуруқлик амалиëтлари учун тайëргарлик кўриш ишлари давом этмоқда.

Маълумотларга кўра, ҳозир бу минтақада АҚШнинг тахминан 100 минг аскари бор. Шу ой охиригача бу кўрсаткичнинг 180 мингга етиши кутилмоқда. Минтақадаги Америка қўшинлари сафида Британия ва Австралиянинг ҳам бир неча минг аскари бор.
XS
SM
MD
LG