Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:21

Путин Каримов саломатлигини текширдими?


Фарангис Саид

Январ охирида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 65 ёшга тўлди. Уни бу муносабат билан, жумладан, Россия раҳбари ҳам табриклади. Дипломатия қонун-қоидаларига кўра, давлат раҳбарлари бир бирларининг таваллуд кунларида табрикларни телефон орқали изҳор этиш билан чекланадилар. Бироқ бу сафар Россия президенти Владимир Путин ўз табрик ва тилакларини Каримовга ўзининг маъмурияти раҳбари Александр Волошин орқали етказишга қарор қилди. Расмий хабарларга қараганда, Волошин Каримовга Путин табрикларини тақдим этган. Норасмий маълумотларга кўра эса, Волошин Каримов аҳволи, хусусан саломатлигини текшириш учун келган.

Россия президенти маъмурияти раҳбари Александр Волошиннинг Тошкентга ташрифидан асосий мақсад, расмий маълумотларга кўра, Каримовни туғилган куни билан президент Владимир Путин номидан табриклаш бўлган. Бироқ Волошиннинг Каримов билан жуда узоқ давом этган яккама-якка учрашуви турли тахминларга туртки берди. Баъзи кузатувчилар Волошин аслида Путиндан бошқа топшириқ, яъни Каримовнинг саломатлиги яхши ёки ёмонлигини текшириш топшириғини олган, деб фикр ҳам билдирдилар.

Гап шундаки, сўнги пайтларда Ўзбекистон аҳолиси орасида Ислом Каримов саломатлигининг ёмонлашгани ҳақида миш-мишлар тарқамоқда. Унинг Германияга норасмий ташрифига ҳам айнан саломатлигини тиклаш, даволаниш сабаб, деган гаплар ҳам бўлди. Миш-мишларга янги турки берган яна бир ҳодиса – январ бошидан буён интернетда, хусусан centrasia.ru саҳифасида Усмон Ҳақназаров номи остида чоп этилган мақолалар бўлди. Мақолаларда сўнги пайтда Ўзбекистон раҳбари соғлиги ёмонлашгани ва шу сабабли сиёсий элитанинг турли кланлари орасида ҳокимият учун кураш авж олгани ҳақида сўз боради. Мақолалар муаллифи ким, у ёки улар қандай мақсадларни кўзламоқдалар, деган саволларга турли жавоблар берилди. Улардан бирида мақолалар ортида Россия хавфсизлик хизмати тургани, у Марказий Осиёдаги вазиятни беқарорлаштириш орқали минтақада ўз таъсирини қайта тиклашга ҳаракат қилаётгани таъкидланган эди. “Московские новости” газетасининг 4 феврал сонида “Москва Ўзбекистондаги вазият ҳамда президент Каримов саломатлиги ҳақидаги маълумотни биринчи қўлдан олди”, деган мақола чоп этилди. Мақола муаллифи Санобар Шерматова, президент Путин ўз вакили Волошинни Тошкентга юборишидан мақсад - икки мамлакат ўртасига совуқчилик солиши мумкин бўлган бу миш-мишларнинг асоссизлигига президент Каримовни ишонтириш бўлган, деб тахмин қилади. Санобар Шерматова, шунингдек, исмини айтишни истамаган бир россиялик сиёсатчига таянган ҳолда Александр Волошин президент Каримовга хавфсизлик соҳасида ёрдам таклиф қилган бўлиши мумкин, деб ёзади.

Волошиннинг Ўзбекистонга ташрифи ортидаги асл сабаб президент Каримовнинг саломатлигини текшириш эди, деган тахминлар ҳақдаги савол билан Ўзбекистон президенти матбуот котибининг ёрдамчиси Ойбек Кимсанбоевга мурожаат қилдик. У ташриф сабаби ҳақидаги саволимизга:

“30 январ куни, деб жавобини бошлади Ойбек Кимсанбоев, президент Ислом Каримовнинг туғилган кунини назарда тутиб, Волошин Россия федерацияси президенти Владимир Путиннинг табрикларини етказиш мақсадида Тошкентга етиб келди. Сўнг икки томонлама учрашув чоғида Россия федерацияси ҳамда Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик муҳокама этилди”.

Ҳамкорликнинг қайси соҳалари муҳокама қилинди, деган саволимизга президент матбуот котибияти вакили:

“Ҳозир мен буни айтолмайман, бу саволга жавоб бера олмайман”, деди.

Халқаро муносабатлар қонун-қоидаларига кўра, давлатлар раҳбарлари бир-бирларини туғилган кунлари билан телефон орқали табриклаш билан кифояланадилар. Президентнинг қўшни давлат раҳбарига табрикларини ўз вакили орқали етказиш – дипломатия амалиётида ғайриоддий ҳол ҳисобланади. “Московские новости” мухбири ҳамда баъзи бошқа кузатувчиларнинг тахминлари тўғри эмасми? Туғилган кун билан табриклаш – фақат матбуот учун берилаётган тушунтириш бўлиб, асл сабаб - президент Каримов аҳволини текшириш бўлмадими?

“Мен сизга очиқчасига айтишим мумкин. Президент саломатлигининг ёмонлашгани ҳақидаги гаплар умуман асоссиз, уларга бугунги кунда ўрин йўқ. Чунки менга маълум бўлишича, президент саломатлиги олий даражада”, деб жавоб қайтарди бу хусусидаги саволимизга президент матбуот котиби ёрдамчиси Ойбек Кимсанбоев.

Баъзи бошқа тахминларга кўра, Россия президенти вакили Александр Волошиннинг Тошкентга ташрифидан мақсад - президент Ислом Каримов билан Россиядан Туркманистонгача бўлган нефт қувури лойиҳасини муҳокама қилиш бўлган. Январ ойида Россия делегацияси Ашхободга бориб, ушбу масалани муҳокама қилган эди. Россиянинг Омск шаҳрини Туркманистоннинг Сейдин нефт заводи билан боғлаши режалаштирилаётган нефт қувури лойиҳаси амалга ошса, бу Россияга нефтни Афғонистон, Покистон ва Эронга сотиш имконини беради. Қувур Ўзбекистон ҳудудидан ўтиши керак. Бунинг учун эса Москва Тошкент розилигига муҳтож.
XS
SM
MD
LG