Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:24

Афғонистонда гиëванд моддалар етиштиришга қарши кураш


А. Аррал

Афғонистон деҳқонлари учун кўплаб йиллардан буëн кам харажату сердаромад соҳага айланиб қолган гиëҳванд моддалар етиштиришнинг олдини олиш учун, уларни янги иш билан таъминлаш ҳамда афюн бозорини қонуний буюмлар бозорига айлантириш керак бўлади. Мамлакат ривожланиши учун мавжуд наркотиклар иқтисодидан воз кечишга тўғри келади. Айнан афюн иқтисодининг чуқур илдиз отганлиги Афғонистонни қайта қуриш ишларига монелик кўрсатмоқда.

БМТ қошидаги Наркотикларга қарши кураш ва жиноятчиликнинг олдини олиш идораси томонидан 3 феврал куни тарқатилган 220 бетлик ҳисоботда, асосан, гиëҳванд моддаларга қарши кураш масаласига эътибор қаратилади ва бу соҳада биргаликда иш олиб бориш учун халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилинади.

Унда қайд этилишича, Афғонистонда 20 йил давом этган фуқаролар уруши даврида мамлакатнинг ночор аҳолиси маҳаллий жангарилар ва халқаро жиноятчи гуруҳлар тармоғи орқали ушбу қонунсиз иқтисод гирдобига тушиб қолди. Улар мамлакатнинг жанубий, шимолий ва шарқий қисмида жойлашган деярли беш вилоятда фаолият олиб боради. Яъни, наркотиклар етиштириш билан шуғулланади.

БМТ қошидаги наркотикларга қарши кураш ва жиноятчиликнинг олдини олиш идораси бошлиғи Антонио Мариа Костанинг матбуот анжуманида айтишича, Афғонистонда кўкнори экиш ишларига кўпинча аëллар ва болалар жалб қилинади. Костага кўра, ушбу қонунсиз тижоратга барҳам бериш учун мазкур аëллар ва болаларни бошқа турдаги ишлар билан таъминлаш керак бўлади. "Агарда сиз афюн иқтисоди ëки савдосини тўхтатмоқчи бўлсангиз, унга муқобил иқтисод ëхуд тижоратни, таклиф қилишингиз керак. Шунингдек, аëлларни бошқа турдаги фаолиятлар билан банд қилишга ва болаларни мактабга жалб қилишга тўғри келади", дейди БМТ вакили Коста.

Мазкур ҳисоботда шунингдек, ëрдам кўрсатувчи гуруҳлар ва ноҳукумат ташкилотларини Афғонистондаги кўкнори экувчиларга кичик миқдорда қарз бериш микрокредит имкониятини яратишга даъват этади. Маълумки, муносиб даражада қарзлар таклиф этадиган микрокредит дастурлари ривожланишнинг муваффақиятли омили ҳисобланади.

БМТ расмийларига кўра, кўкнори экадиган деҳқонлар энг қиммат нархда нақд пул тўланишини билиб, афюн савдогарларидан қарзга пул оладилар. Сўнгра улар ана шу қарз эвазига яна гиëҳванд моддалар етиштириб берадилар. Бу эса, нафақат Афғонистон тараққиëтига рахна солади, балки, қўшни давлатлар хавфсизлигини ҳам таҳдид остига қўяди.

Афғон кўкнориси Европада қонунсиз равишда сотиладиган героин ва афюннинг бошқа турлари учун ишлатиладиган хом ашëнинг тахминан 80 фоизини ташкил этади. Шу билан бирга, сўнгги ўн йил мобайнида Афғон наркотиклари турли йўллар билан қўшни мамлакатларга ҳам олиб ўтилди.

Маълумотларга кўра, минтақадаги афюнфуруш жиноятчиларнинг сони Эронда бир миллионга яқин бўлса, бу рақам Покистонда 700 минг ва Марказий Осиëда 300 мингни ташкил этади. Агарда бу кўрсаткич 15 ëшдан юқори бўлган аҳолига нисбатан олиб қараладиган бўлса, Покистон ва Марказий Осиë аҳолисининг тақрибан бир фоизи, Эрон аҳолисининг 2.8 фоизини қамраб олади.

БМТ вакили Костанинг таъкидлашича, Совет даврида Марказий Осиëда унчалик кўп бўлмаган нарко жиноятчилар сони кейинги пайтларда сезиларли даражада кўпайиб кетган. "Уларнинг чегаралари очилгандан буëн афюн Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон каби мамлакатларга оқиб кела бошлади", деб қайд этади Коста.

Афғонистоннинг ўзида эса, ўтган йил давомида афюн савдосидан бир миллиард 200 миллион доллар қўлга келган. Бу рақам мамлакат иқтисодининг бешдан бир қисмини ташкил этади.

БМТнинг Афғонистондаги юқори мартабали вакили Лахтар Броҳимий Хавфсизлик Кенгашига маълум қилишича, мамлакатдаги гиëҳванд моддалар савдоси бўҳронли ташвиш сифатида давом этмоқда. "Ўтмишда Афғонистонда наркотиклар даромади урушни молиялаш учун ишлатилиб келинди. Бу нарсага олдинги вазифасини бажарадиган иқтисод сифатида ҳозирги ўтиш даври ҳукуматида йўл қўйилмайди", дейди Броҳимий.

Афғонистон Ўтиш даври ҳукуматининг президенти Ҳомид Карзай эса, ўтган йили мамлакатнинг кўкнори етиштириладиган вилоятлари ҳокимлари билан бирга кўкнорига қарши дастурни амалга оширишга киришган эди. Натижада, кўкнори етиштипиладиган ерларнинг 10 фоизи ушбу гиëҳванд ўсимлигидан тозаланди.

БМТ қошидаги Наркотикларга қарши кураш ва жиноятчиликнинг олдини олиш идораси Афғонистонда афюн иқтисодига чек қўйиш учун маҳаллий, минтақавий ва халқаро миқëсда чора кўриш зарурлигини таъкидлайди.
XS
SM
MD
LG