Линклар

Ироқ президенти Саддам Ҳусайн ўзига қарши қўйилган айбловларни рад этди.


Акрам Файзулло

Британия собиқ депутати, сўл қанот сиëсатчиси Тонни Бенн (Tony Benn) Ироқ президенти Саддам Ҳусайн билан ўтказган ярим соатлик суҳбат сешанба оқшоми тўртинчи телеканал (Channel 4 television) орқали намойиш этилди. Бенн, мулоқот бошида Ғарб ва Ироқ ўртасида урушнинг олдини мақсадида Бағдодга борганини қайд этди.

Ироқ президенти Саддам Ҳусайн Ал-Қайда террор тармоғи билан алоқаси йўқлигини ва мамлакатида оммавий қирғин қуроллари яширилмаганини таъкидлади. Саддам Ҳусайнга кўра, Қўшма Штатлар Ироқ нефтини назорат қилиш мақсадида ҳарбий ҳужум қилиш учун баҳона қидирмоқда.

“Агар бизнинг Ал-Қайда гуруҳи билан алоқамиз бўлганда эди, биз буни эътироф этишдан ор қилмаган бўлардик. Бизнинг Ал-Қайда гуруҳи билан ҳеч қандай алоқамиз йўқ”, - дейди Саддам Ҳусайн.

Суҳбат давомида у урушни четлаб ўтиш учун ҳамкорлик қилишга тайëр эканини таъкидлади.

“Қачонки Ироқ БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюциялари амалга оширилишига қаршилик кўрсатса, бу Ироқ уруш бўлишини хоҳлаяпти, деган маънони англатмайди. Ироқ урушга қаршидир. Ироқнинг бирор расмийси ëки оддий фуқароси урушга тарафдорлик кўрсатаëтгани йўқ”, - дейди Ироқ президенти.

У яна ўз сўзида давом этиб, “аслида бу саволни бошқа томонга бериш керак. Улар Ироққа қарши урушни оқлаш учун баҳона қидираяптиларми? Агар мақсад Ироқни ядровий, кимëвий ва биологик қуроллардан холи мамлакатга айлантириш бўлса, улар бунга қодирлар. Бу қуроллар чўнтакка яширса бўладиган таблеткалар эмас-ку. Ироқда бундай қуроллар бор-йўқлигини аниқлаш осондир. Биз кўплаб марта айтдик, бугун ҳам айтамиз, Ироқда ҳеч қандай оммавий қирғин қуроллари йўқ”, деди.

Саддам Ҳусайн Тонни Беннга мурожаат қилиб, “Илтимос, британияликларга айтинг, улар мард халқ, ироқликлар ҳам мард халқ. Британия халқига айтинг, улар иккинчи жаҳон урушида қандай курашган бўлсалар, ироқликлар ҳам агар босқинчиликка ëки камситишларга учрасалар, шу каби мардонавор курашадилар. Яна такрорлайман, ироқликлар уруш бўлишини истамайдилар, аммо агар ҳужумга учрасалар, ўзларини мудофаа қиладилар”, - деди.

Тонни Бенн Саддам Ҳусайн билан суҳбат ўтказгандан кейин ўзига тақалган “Ироқ малайи” деган айбловга муносабат билдирди ва “Мен бир кекса кишиман, одамлар менинг ҳақимда нима ўйласа, ўйлайверсин, бу мени қизиқтирмайди”, - деди.

Британия бош вазири Тонни Блэрнинг Ироқ сиëсатига қарши бўлган - Тонни Беннга кўра, ҳукумат ҳарбий ҳужум қилиш учун жамаотчилик таянчини қозона олмаган.

Тонни Бенн ўзининг сешанба кунги Ироқ сафари хусусида хўрсиниб гапирар экан, у Бағдод кўчаларида кўрган аëллар ва болалар бир ойдан сўнг Британия парламентининг рухсатисиз Британия ҳарбий кучлари томонидан ўлдирилиши мумкинлигини қайд этди. Бенн 1991 йилги Форс кўрфази уруши бошланишидан бир кун олдин Бағдодга бориб, “тирик қалқон” сифатида ушлаб турилган 15 нафар британияликни озод қилишга муваффақ бўлган эди.

Британиянинг собиқ Бош вазири Сэр Эдвард Хит (Sir Edward Heath) ҳам Ироқ лидери билан келишиш орқали 1991 йилги Форс кўрфази урушини тўхтатишга уринган эди.

Танқидларга қарамай, Сэр Эдвард Саддам Ҳусайнни Ироқ қуролли кучларини Қувайтдан олиб чиқишга кўндириш учун Бағдодга борди. Аммо унинг уринишлари муваффақиятсизликка учради ва орадан қисқа вақт ўтгач АҚШ етакчилигидаги коалиция кучлари ҳарбий ҳужумга ўтди.

Тонни Бенн диққатни ҳозирги бўҳронга қаратиш учун атайлаб Саддам Ҳусайндан Ироқдаги курдлар ва 80-йилларда Эрон аскарларига қарши кимëвий қуролларни қўллангани тўғрисида сўрамаганини қайд этди.

“Менимча, биз урушни тўхтатиш устида ишлашимиз ниҳоятда мухимдир. Мен Британия ва Америка ҳукуматлари ва халқаро матбуот томонидан илгари сурилаëтган уруш ташвиқотини қайтариш учун Бағдодга борган эдим”, - дейди Тонни Бенн сешанба куни Саддам Ҳусайн билан суҳбат ўтказганидан кейин.
XS
SM
MD
LG