Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:31

Водород ёқилғиси билан юрадиган автомобил яратиш тадқиқотларига ҳукуматнинг аралашуви халал берадими ёки ёрдам берадими?


АҚШ президенти Жорж Буш (George W.Bush) водород ёқилғисида юрадиган автомобил яратиш йўлидаги тадқиқотлар учун ҳукумат 1.2 миллиард доллар маблағ сарфлашини таклиф қилмоқда. Водород ёқилғиси атмосферага сув буғидан бошқа зарарли газ чиқармайди. Бу масала ҳал этилса, АҚШ ва қолган дунёнинг нефтга қарамлиги камаяди. Америкаликлар кунига 20 миллион баррел нефт сарфлайди. Бунинг ярмидан кўпи ташқаридан импорт қилинади. Сўнгги йиллар мобайнида нефт нархи пасайгани сабабли америкаликлар каттароқ автомобиллар ишлаб чиқара бошладилар ва бундай машина халқ орасида оммалашиб кетди. Табиийки, бу ўз-ўзидан нефт истеъмоли ҳажмини ҳам анча оширди.

Жудит Киппер (Judith Kipper) Вашингтондаги хусусий Стратегик ва халқаро тадқиқотлар марказида нефт ва геосиёсат бўйича мутахассис бўлиб ишлайди. У Озод Европа ва Озодлик радиоси мухбирига берган интервюсида: “Бу масала маълум тадқиқотлар олиб бориш, шунингдек, америкаликларнинг бензин қандай ишлатилаётганига нисбатан муносабатини ўзгартириш йўлидаги ижобий қадам бўлиши аниқ”,-деди.

Патрик Майклc (Patrick Michaels) Вашингтонда жойлашган Като тадқиқот институтининг атроф-муҳит масалалари бўйича мутахассиси. У Жудит Киппер юқорида билдирган фикрга қўшилмайди. Майклcга кўра, ҳукуматнинг бу ишга аралашуви янги автомобил яратишни рағбатлантиришдан кўра, кўпроқ тўсиқ бўлади. АҚШ ҳукумати сўнгги марта президент Билл Клинтон (Bill Clinton) даврида, яъни 1990 йиларда автомобил технологияси жараёнига аралашган. Майклcнинг Озод Европа ва Озодлик мухбирига айтишича, ўша пайтда ҳукумат гибрид яъни бензин ва электр қуввати билан юрадиган автомобил устида тадқиқотлар олиб бориш учун уч автомобил компаниясидан бир гуруҳ ташкил этган. Майклc сўзида давом этиб: “Учала ширкат ҳамкорлиги натижасида гибрид автомобил яратилмади. Бу лойиҳада иштирок этмаган бошқа иккита автомобил ширкати Тойота ва Хонда гибрид автомобил яратдилар ва у одамларга маъқул келди. Бу воқеа янги автомобил яратиш жараёнига ҳукуматдан кўра хусусий сектор сармоя ётқизса, анча самарали бўлади, деган хулоса чиқариш мумкин. Водородда ишлайдиган мотор яратиш ҳам худди шундай”,-деди.

Тойота компаниясининг Калифорния штатидаги идораси матбуот вакили Сэм Бютога (Sam Butto) кўра, Тойота гибрид моторда юрадиган янги русумдаги “Приус” (Prius) автомобили билан фахрланади. Бюто Озод Европа ва Озодлик мухбирига берган интервюсида, ёқилғини анча тежайдиган ва артоф-муҳитга кам зарар етказадиган ушбу автомобил бензинда юрадиган автомобиллардан қолишмаслигини айтиб: “Бу борада технологик жиҳатдан ортга кетиш йўқ. Чунки бу кичик ҳажмдаги автомобил. У тезлигини соатига 160 километргача ошириши мумкин. Кичик машина учун бундан ортиғи бўлмайди”,-деди.

Бютога кўра, Тойота ишлаб чиқарган “Приус” автомобили 21 километрга бир литр бензин сарфлайди. Бошқача айтганда “Приус” 100 километр масофани босиб ўтиш учун беш литрдан кам бензин сарфлайди. У ёқилғини кам сарфлаши ҳисобига оддий автомобилга қараганда атроф-муҳитни 90 фоиз кам ифлослантиради. Бюто, Тойота компанияси водород билан юрадиган автомобил яратаётганини, уни оммавий равишда ишлаб чиқариш учун бир неча йил керак бўлишини айтади.

Тойота компаниясининг Вашингтондаги вакили Марта Восс (Martha Voss) фикрича, ҳукуматнинг водород ёқилғисида юрадиган автомобилларни яратиш дастури янги автомобил турлари устидаги тадқиқотларини рағбатлантиради. Унинг қўшимча қилишича, агар янги моторни яратишга бошқа ҳукуматлар ҳам бош қўшса, автомобилнинг қандай юриши, унга қандай ёқилғи қуйиш ва бошқа стандартлар масаласида келишмовчиликлар бўлмайди.

“Бизнигча, бу ишда ҳукуматнинг роли катта. Ҳақиқаттан ҳам жаҳон бўйлаб ҳал этилиши лозим бўлган инфраструктура ва стандартлаштириш каби масалалар кўндаланг бўлиб турибди. Биз мослашишимиз лозим бўлган жаҳон бозори стандартлари бор, шу боис глобал ҳамкорликни қўллаб-қувватлаймиз.”

Сўзининг охирида Марта Восс, водород ёқилғиси билан юрадиган техник жиҳатдан кўнгилдагидек автомобил яратиш ва унга ёқилғи қуйиш муаммосини тезда ҳал этиш, фақат ҳукуматлар ёрдами билан амалга ошиши мумкинлигини таъкидлайди.
XS
SM
MD
LG