Линклар

logo-print

Шимолий Корея атом электр станциясини ишга туширди.


Акрам Файзулло

Чоршанба куни Шимолий Корея ўзининг атом электр станцияси тўлиқ ишга туширилганини эълон қилди ва шу билан Қўшма Штатлар билан бораëтган зиддиятларни янада кучайтирди.

Пхенян расмийларига кўра, станцияда фақат электр қуввати ишлаб чиқарилади. Аммо Қўшма Штатлар Шимолий Корея аслида ядровий қуроллар ясашда қўлланиладиган уран ишлаб чиқаришга уринаëтган бўлиши мумкинлиги хусусида хавотирланмоқда.

Чоршанба куни АҚШ Мудофаа вазири Доналд Рамсфелд (Donald Rumsfeld) Шимолий Корея атом электр станцияси қайта ишга туширилганини кескин танқид қилди.

“Шимолий Кореядаги вазият хавфлидир. Пхенян ҳукуматининг хатти-ҳаракатлари борган сайин таҳликали тус олмоқда. Мамлакат ўзининг ҳарбий қуввати билан Америка ва Жанубий Корея қуролли кучларига таҳдид солмоқда”, - дейди Рамсфелд.

Маълумки, чоршанба куни АҚШ Давлат котиби Колин Пауэлл (Colin Powell) БМТ Хавфсизлик Кенгашида Ироқ хусусида чиқиш қилди. Шимолий Корея эса ўзининг атом электр станциясини қайта ишга туширгани ҳақидаги хабарни атайлаб шу куни эълон қилди.

Шимолий Корея ядровий қуроллар дастури масаласида юзага чиққан бўҳронни ҳал этиш учун Қўшма Штатларга ҳужум қилмаслик тўғрисида келишув имзолашни таклиф қилиб келмоқда. Расмий Пхенян Ироқ бўҳрони билан банд бўлган Вашингтонни музокаралар ўтказиш учун мажбур қилишга уринаëтган кўринади.

Оқ уй маъмурияти Шимолий Кореяга ҳужум қилиш нияти йўқлигини билдирган бўлса-да, Пхенян билан келишув тузишни ҳохламаяпти. Чоршанба куни АҚШ Мудофаа вазири Доналд Рамсфелд Пхенян таҳдидини қайтариш учун Америка Жанубий Кореяга қўшимча ҳарбий кучлар жўнатиши мумкинлигини маълум қилди.

“Американинг жаҳон мамлакатлари бўйлаб ўз қўшинларини жойлаштиришдан мақсади кимгадир таҳдид қилиш учун эмас, балки халқаро ҳамжамиятга Қўшма Штатлар бир вақтнинг ўзида бир неча жойда ҳарбий амалиëтлар ўтказишга қодир эканини намойиш қилишдан иборат”, - дейди Рамсфелд.

Расмий Вашингтонга кўра, БМТ ва Шимолий Кореяга қўшни бўлган давлатлар иштирокида мазкур бўҳронга ечим топиш керак.

Шимолий Кореянинг шубҳа этилган ядровий дастури Японияни ҳам хавотирга солмоқда. Пайшанба куни Токиода мухбирлар олдида чиқиш қилган Япония ҳукумати матбуот вакили Ясуо Фукуда (Yasuo Fukuda) Пхенянни ўзининг ядровий дастуридан воз кечишга чақирди.

“Биз Шимолий Корея ўзининг атом электр станциясини қайта ишга туширгани ҳақидаги хабарларни ҳозирча тасдиқлай олмаймиз. Аммо биз Шимолий Кореянинг ядровий дастури ишдан чиқарилиши керак, деб ҳисоблаймиз”, - дейди Япония ҳукумат матбуот вакили Ясуо Фукуда.

Қўшма Штатлар маъмуриятининг таъкидлашича, Шимолий Корея ядровий дастуридан воз кечган тақдирдагина, Вашингтон ва Пхенян ўртасида муносабатлар яхшиланиши мумкин.

Британияда чиқадиган “Гардиан” (Guardian) газетасининг чоршанба куни Шимолий Корея Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Ри Пионггапга (Ri Pyong-gap) асосланиб билдиришича, Шимолий Кореянинг Америка Ироқ масаласини ҳал этишини кутиб турмасдан, Қўшма Штатларга қарши мудофаа зарбаси беришга ҳақи бор.

“Қўшма Штатлар Ироқдан кейин Шимолий Корея нишонга олинишига ишора этмоқда. Аммо биз ўзимизни ҳимоя қилишга қодирмиз. Мудофаа ҳужумлари қилиш – ëлғиз Қўшма Штатларнинг ҳуқуқи эмас”, - дейди Ри Пионггап.

Афтидан, Жанубий Корея ва Япония босими остида Қўшма Штатлар ўзининг Шимолий Корея сиëсатини юмшатишга бошлаган кўринади. Чоршанба куни АҚШ Давлат котиби ўринбосари Ричард Армитаж (Richard Armitage) биринчи марта Вашингтон Шимолий Корея билан бевосита музокаралар олиб боришини маълум қилди.

“Албатта, биз Шимолий Корея билан бевосита музокаралар олиб борамиз, бу ҳақда гап бўлиши мумкин эмас”, - дейди Армитаж.

Армитажнинг фикрича, бундай музокараларда Жанубий Корея, Япония, Хитой, Россия ва Европа Иттифоқи расмий вакиллари ҳам иштирок этиши керак.
XS
SM
MD
LG