Линклар

Франциялик мусулмон ëшлари


Акрам Файзулло

Ўтган ëзда Францияда террорчилик фаолияти билан шуғулланганликда шубҳа этилган 30га яқин киши қамоққа олинди. Эндиликда янги ҳукумат радикал исломий гуруҳлар таҳдиди дастлаб тасаввур қилинганидан чуқурроқ илдиз отганига ишонмоқда.

Бундай хабарлар Франция мусулмон жамоатчилигини жиддий хавотирга солмоқда. Чунки уларга нисбатан шубҳа билан қарашлар янада ошиши мумкин.

Яқинда Париж атрофида шубҳа этилган тўққиз нафар исломий жангари хибсга олинди. Улардан бири жазоирлик имом Жалоли Бенжалолининг (Chellali Benchellali) ўғли Менад (Menad) Бенжалолидир. Ўтган йилда Бенжалолининг бошқа бир ўғли Мурод Афғонистонда Америка аскарлари томонидан қамоққа олинди. Ҳозир у ва бошқа террорчиликда шубҳа этилган юзлаб маҳбус АҚШнинг Кубадаги ҳарбий базасида ушлаб турилмоқда.

Париж ташқарисидаги Сант-Денис (Saint-Denis) ҳудудида жойлашган Тавхид Маданият ва диний маркази бошлиғи Фуад Иммариннинг (Fouad Immarin) қайд этишича, қачонки мусулмон ëшлари террорчиликда айблансалар, бу нарса кишиларда масжидлар Оллоҳга ибодат қилинадиган жой эмас, балки экстеримистларнинг учрашув жойи, деган тассурот қолдиради.

“Биз қачон мусулмон ëшлари ҳақида фақат улар террорчиликда айблансагина гапирамиз. Бундан жамоатчилик: Эҳтиëт бўлинглар, Ислом динини ўз билганича ўрганган бу ëшлар хавфли бўлиши мумкин деган хулоса чиқариб олади”, -дейди Фуад Иммарин.

Унга кўра, ëшлар - ўз хоҳишлари билан бирон бир динга эътиқод қилиши табиий ҳолдир. Аммо уламолар ва жамоатчилик раҳбарлари жамоатчиликдан узоқлашиб қолаëтган ëшлар муаммосига эътибор беришлари керак.

Фуад Иммариннинг таъкидлашича, Франциянинг чекка минтақаларида истиқомат қилувчи мусулмон ëшлари маданий илдизлари ва ўзлигини англаш каби мураккаб жараëндан ўтмоқда. Шу сабаб Франция полицияси томонидан террор тармоқларига қарши ўтказилаëтган рейдларда бегуноҳ ëшлар ушланаëтгани ачинарлидир.

“Мисол учун, полиция томонидан ушланган бир йигитнинг адрес дафтарчасидан қамоққа олинган таниши телефон рақами топилади. Фақат шу учунгина у бир неча кун ҳибсда ушлаб турилади. Йигит руҳан эзилади, ота-онаси ундан шубҳаланишга бошлайди. Йигит озодликка чиққанидан кейин кўплаб саволга жавоб топишни истайди. У полиция томонидан ҳибсга олингани учун француз жамоатчилигидан ғазабланиши керакми? Ëки ота-онаси ўзидан юз ўгиргани учун улардан хафа бўлиши керакми? Бу фақат бир мисол холос”, - дейди Фуад Иммарин.

Франция, мусулмонлар кўплиги жиҳатидан Ғарбий Европада биринчи ўринда туради. Мамлакат аҳолисининг тахминан етти фоизини мусулмонлар ташкил қилади. Уларнинг аксарияти Шимолий Африка мамлакатларидан келган биринчи ва иккинчи авлод муҳожирлардир.

Яқинда Франция ҳукумати француз жамоатчилигида мусулмонларга нисбатан мавжуд тушунмовчиликларга чек қўйиш мақсадида мухим бир қарор қабул қилди. Декабрда Ички ишлар вазири Николас Саркозэ (Nicolas Sarkozy) босими натижасида Франция расмийлари ва уламолар биринчи марта мамлакатдаги беш миллион мусулмонни бирлаштирувчи Кенгаш ташкил қилишга рози бўлдилар.

Сайланадиган мазкур Кенгаш Ислом динининг либерал кўринишини ташвиқот қилади, ҳамда маориф, кийиниш маданияти, меҳнат ва Франциядаги 1.500дан ортиқ жомеъ-масжидларни бошқариш масалалари бўйича ҳукуматга маслаҳатлар беради.

Францияда яҳудий, католик ва протестантларнинг бундай кенгашлари кўпдан фаолият кўрсатмоқда.
XS
SM
MD
LG