Линклар

logo-print

ЭРКИНЛИК ТАЪМИНИ ТОТГАН “ЖИН” ЧИРОҚҚА ҚАЙТИБ КИРАДИМИ?

  • Сарвар Усмон

6-7 феврал кунлари Қозоғистонда мамлакат журналистларининг Иккинчи конгресси бўлиб ўтди.

Қазинформ ахборот агентлиги хабарига кўра, анжуманда "Қозоғистон журналистикасининг маънавий асослари тўғрисида декларация" қабул қилинди.

***

Қозоғистон журналистларининг Иккинчи конгресси тўғрисида Қазинформ ахборот агентлиги тарқатган хабарга қараганда унда "Қозоғистон журналистикасининг маънавий асослари тўғрисида декларация" қизғин муҳокама қилинди.

"Қозоғистонлик журналистлар учун дастуриламал сифатида қабул қилинган мазкур ҳужжатда журналистиканинг позицияси ҳамда роли, матбуот ва ҳокимиятнинг ўзаро муносабатлари принциплари аниқлаб берилган. Булардан ташқари оммавий ахборот воситалари ва сиёсий жараён, оммавий ахборот воситалари ўртасидаги рақобат ва уларнинг бирдамлиги каби масалалар ҳам ўз ифодасини топган қозоғистонлик журналистларнинг Иккинчи конгрессида", дейилади ахборот агентлиги хабарида.

Конгресс ташкилий қўмитаси аъзоси, Чимкентда чиқадиган "Айғақ" газетаси бош муҳаррири Дулат Абишулидан олинган хабарга кўра, анжуманда республиканинг барча вилоятларидан 400га яқин журналист иштирок этган.

Қозоғистонлик матбаачиларнинг анжуманга йиғилиши ва унда "журналистиканинг маънавий асослари тўғрисида" декларация қабул қилинишига қандай зарурат бор эди? Конгресс кимнинг ташаббуси билан ўтказилди? Шу ва бошқа саволлар билан Озодлик радиоси Қозоқ хизмати директори Мирҳат Шарипжанга мурожаат қилдик.

"Бу иккинчи конгрессдир, биринчиси бир йил муқаддам бўлиб ўтган эди. Биринчи конгрессга ҳам, бу йилгисига ҳам ҳукумат назорати остидагилар, деб аташ мумкин бўлган ахборот воситаларининг етакчи журналистлари қатнашдилар. Анжуманга "Сўл Дот" газетаси ҳамда унга ўхшаш баъзи мастақил газеталарнинг вакиллари қатнашмаяптилар", дейди Мирҳат Шарипжан. Суҳбатдошимизга кўра, конгрессга йиғилган журналистларнинг аксарияти бир қарашда мустақил журналистлардир. Бироқ, улар мамлакат президенти билан тиғиз боғлиқ бўлган молиявий гуруҳлар ёҳуд президентнинг қариндош-уруғлари назорати остидаги ахборот воситаларида хизмат қилишади.

Ўтган йилги конгресснинг ҳам, бу йилгисининг ҳам олдига қўйилган мақсад биттадир, дейди республикадаги вазиятни яхши билган суҳбатдошим. Мақсад - боя айтилганидай, журналистиканинг маънавий асосларини ишлаб чиқишдир. Биринчи конгрессда ҳам шунга ҳаракат қилинган, бироқ уюштирувчилар бунинг уддасидан чиқа олмаган, натижада ўтган йил давомида бу масала мамлакат журналистларининг қизғин баҳс мунозараларига сабаб бўлган эди.

Республикадаги журналистларнинг мутлақ кўпчилиги, дейди Мирҳат, декларацияни қабул қилишга уринишни барча журналистларни бир қолипга солиб қўйиш учун қилинган ҳаракат сифатида қабул қилдилар. Чунки Назарбоевнинг ўзи ўтган йилги конгрессда журналистларнинг ишини тартибга солиш, улар ким учун ишлаяптилар, пулни қайдан олаяптилар, деган саволларга жавоб топиш пайти келди, деган эди.

Хўш, қозоғистонлик журналистлар ўз ижодларида қанчалик эркинлар, улар йўқотиб қўйишга қўрқадиган сўз эркинлиги борми, республикада? Суҳбатдошимиз Мирҳат Шарипжанга кўра,
90 йилларнинг ўрталарида Қозоғистонда сўз сезиларли даражада эркин эди. Шунинг учун ҳам Назарбоев ўша пайтда жинни чироқдан чиқариб юборганлигини бугунга келиб тушуниб турибди. Шунинг учун ҳам турли ҳужжатлар, жумладан декларациялар қабул қилишга уринилмоқда, дейди Мирҳат Шарипжан.

Демак, бу фикрдан келиб чиқадиган бўлсак, Конгрессда қабул қилинган ҳужжат – "Қозоғистон журналистикасининг маънавий асослари тўғрисидаги декларация" Марказий Осиё мамлакатлари орасида матбуоти нисбатан эркинроқ бўлган Қозоғистонда сўз эркинлигини чеклаши мумкинми?

Бу саволга суҳбатдошимиз мана бу жавобни берди:
"Менимча, бу сўз эркинлигига таҳдиддир. Балки, бу таҳдид ҳозирча у қадар қўрқинчли эмасдир, бироқ Назарбоев ва унинг аймоғи журналистикани бир қолипга солишга ҳаракат бошлаганининг биринчи белгисидир. Чунки ҳокимият бугун мухолифат лидерлари бўлган Мухтар Аблязов ҳамда Ғалимжан Жакияновларни қамашни, уларга тегишли оммавий ахборот воситаларини тортиб олиб, бошқаларга беришни уддалаган бўлса, эртага келиши мумкин бўлган навбатдаги аблязовлару жақияновлар ғалабага эришишлари мумкин. Чунки кучли иқтисодий эркинлик мавжуд бўлган Қозоғистонда оммавий ахборот воситаларининг роли бугунги кунда ўта кучлидир. Турли молиявий иқтисодий гуруҳлар манфаатларини ифодалаётган бу воситалар ҳокимият воситалари билан рақобатлашмоқдалар",- деди мухбирингиз билан суҳбатда Озодлик радиоси Қозоқ хизмати бошлиғи Мирҳат Шарипжан.
XS
SM
MD
LG