Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:50

НАТО аъзолари Ироқ масаласи бўйича келиша олмаяптилар


Фарангис Саид

6 феврал куни НАТОнинг Брюсселда бўлиб ўтган йиғинида ташкилот аъзолари Ироқ билан уруш эҳтимолини муҳокама қилдилар, бироқ ягона позицияга кела олмадилар. Ташкилотнинг 19 аъзосидан 15таси АҚШнинг Ироққа қарши ҳарбий ҳаракатларни бошлаш режасини қўллаб-қувватлашини маълум қилди. НАТОнинг уч аъзоси – Германия, Франция ва Бельгия эса режага қаршиликларини билдирдилар. Бунга жавобан, ташкилот Бош котиби Жорж Робертсон ҳар уччала давлат вакилидан душанбагача ушбу масала юзасидан қатъий бир қарорга келиб, душанба кунги йиғинда ёки қаршиликларини ёки бўлмаса қарорни қўллаб-қувватлашларини билдиришларини сўради. Баъзи манбаларга кўра, йиғин давомида Робертсон асабийлашганини ҳам яширишга уринмаган ва уч давлат НАТО бирлигини шубҳа остига қўяётганини айтган. Душанба куни Германия, Франция ва Бельгия вакиллари қатъий жавоб бермасалар, Робертсоннинг ўзи НАТО ташкилоти номидан Ироққа қарши урушга таянч билдиради.

Бош котибнинг фикрича, НАТО Ироққа қарши урушда қайси базалари ва қўшинларидан фойдаланиш мумкинлиги, уларни қаерга юбориш ва кўчириш кераклигини билдириши лозим. Уруш бошланганидан сўнг, яна қандай қадамлар қўйиш хусусида алоҳида қарор қабул қилинади. Робертсоннинг режасига кўра, НАТО ўзининг Европадаги ҳарбий базаларида хавфсизлик чораларини кучайтириши лозим.

Пайшанба кунги йиғинда муҳокама қилинган яна бир масала – Туркиянинг кутилаётган урушдаги ўрни бўлди. НАТОга аъзо 19 давлат Туркияни ҳимоя қилишга келишиб олдилар.

“Шимолий Атлантика Кенгаши бугун учрашиб, Туркияга таҳлика туғилган тақдирда уни мудофаа қилиш йўлларини муҳокама қилди. Илгари айтиб ўтганимдек, НАТОга аъзо давлатлар якдиллик билан Туркияни ҳимоя қилишга келишдилар”, - деб маълум қилди НАТО Бош котиби Жорж Робертсон.

Айни вақтда маълумотларга кўра, 19 давлат вакилларининг бари НАТОга аъзо ва Ироққа қўшни бўлган Туркия уруш бошланишига қадар қолган бир неча ҳафта ичида ўз мудофаа тизимини мустаҳкамлашга улгурмаслиги мумкинлигидан хавотир билдирдилар.

Туркия мудофааси масаласи муҳокамалари натижасида бу мамлакат нималарга муҳтожлиги аниқланди. Исмини ошкор этишни истамаган юқори мартабали НАТО расмийсининг Озодлик радиосига билдиришича, йиғин иштирокчилари Туркия учун “Патриот” ракеталари ва АВАКС разведка учқичларини ажратишга келишганлар. Туркиянинг, шунингдек, ўзини биологик ва кимёвий қуролдан ҳимоя қилиш тизимларига муҳтожлиги ҳам аниқланган. “Патриот” ракеталарининг Туркияга етказилиши учун эса камида бир ой муҳлат керак, дейди НАТО расмийси. Бундан ташқари ташкилот ўзининг Болқондаги базаларини мустаҳкамлаш ҳақида қарор қабул қилган.

Расмийдан НАТО аъзолари орасидаги Ироқ билан уруш хусусида якдиллик йўқ, бу нимага олиб келиши мумкин, деб сўраганимизда, у ташкилот аъзолари орасида келишмовчиликлар бўлиб туради, дер экан, АҚШ барибир ўз мақсадига эришади ва урушни бошлайди, деб фикр билдирди. Душанба куни Германия, Франция ва Бельгия “йўқ” жавобини берсалар-чи, деб сўраганимизда у уч мамлакатга босим кучайтирилади ва улар эртами-кечми урушга рози бўладилар, деб жавоб берди.

АҚШ эса Европадаги ҳамкорларининг таянчини қозониш мақсадида шу ҳафта охирида Германиянинг Мюнхен шаҳрида халқаро хавфсизлик масалалари бўйича бўлиб ўтадиган конференцияга ўз вакилларини юбормоқда. Конференцияда АҚШ Мудофаа котиби Доналд Рамсфелд, Пентагоннинг бошқа расмийлари иштирок этадилар ва НАТО Бош котиби Жорж Робертсон ҳамда Европа иттифоқининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича мутасаддиси Хавьер Солана билан биргаликда Россия, Франция, Британия, Испания мудофаа вазирлари ва Эрон Ташқи ишлар вазири Камол Харрозий, ҳаммаси бўлиб 250 нафар иштирокчини АҚШ тарафига оғдиришга ҳаракат қиладилар.
XS
SM
MD
LG