Линклар

Россиялик олимларни Ғарб қўллаб-қувватламоқда


Фарангис Саид

1995 йил март ойида Япониянинг Аум Синрикё сектаси Токио метросида заҳарли газни ишлатган ва пасажирларнинг оммавий тарзда ўлишларига сабабчи бўлганди.

Қурбонлар сони 13га етган, газдан заҳарланиб, оғир аҳволда касалхонага ётқизилганлар эса 3 минг нафардан ошган эди. Ўша ҳодисани террорчи гуруҳ томонидан кимёвий қуролнинг ишлатилиши, у тарихдаги энг йирик кимёвий теракт бўлган, десак, муболаға қилмаймиз.

Тергов иши жараёнида секта Россияда ҳам алоқаларга эга бўлгани тезда аниқланган. АҚШ разведка маълумотларига кўра, Аум Синрикё сектаси элчиси Кийохиде Хайакава 1992 йилдан 1995 йилга қадар Россияга 21 марта борган. У Россиядан МИ-17 вертолётларини сотиб олган, россиялик муҳандисларни эса Японияга таклиф қилган ва японияликларга вертолётларни таъмирлашни ўргатишни сўраган. Айни вақтда у ядровий қурол сотиб олишга қизиқиш билдирган. Секта раҳбари Шоко Асахара Россия Хавфсизлик кенгаши раҳбари Олег Лобов ва бошқа расмийлар қабулларида ҳам бўлган. Учрашувларда нималар муҳокама қилингани номаълум.

Совет Иттифоқининг 1991 йилда парчалангунига қадар, мамлакат бўйлаб ўн минглаб олимлар кимёвий, ядровий ва биологик қуроллар дастурларига жалб этилганлар. Улар фан соҳасидаги “оқ суяк” - элита ҳисобланганлар. Бугунги кунда эса уларнинг аксарияти 50 АҚШ долларига тенг ойлик маошга яшашга мажбур. Буни билганлар, олимлар осонликча Аум Синрикё каби бошқа террор секталарига жалб этилишлари мумкинлигидан, хавотирдалар. АҚШ ва Европа давлатлари бунинг олдини олиш мақсадида махсус лойиҳаларни амалга оширмоқдалар. Улардан бири АҚШ Конгресси томонидан 1995 йилда таъсис этилган Фуқаровий тадқиқотлар ва тараққиёт жамғармасидир. Жамғарма вице-президенти Кэти Кэмпбелл унинг мақсадлари ҳақида мана бундай дейди:

“Таъсис этувчи ҳужжатларимизда кўрсатилганидек, бизнинг мақсадларимиз бир нечта бўлиб, улар, асосан, собиқ Совет Иттифоқи олимлари учун фуқаровий тадқиқотлар ўтказиш имкониятларини яратишдан иборатдир. Амалда бу эмиграцияга муқобил йўлни англатади. Ташкилотимизнинг асосий мақсади, албатта, қуроллар ва улар ҳақидаги билимларнинг тарқалишига чек қўйиш бўлиб, айни вақтда биз саноат билан ҳамкорлик қилиш орқали собиқ Совет Иттифоқида бозор иқтисодини барпо этишга ўз ҳиссамизни қўшяпмиз”.

Шундай дер экан, Жамғарма вице-президенти бугунги кунга қадар собиқ Совет Иттифоқи ҳудудида 5 минг нафар олимга тадқиқотларни давом эттириш учун грантлар ажратилганини маълум қилади. Жамғарманинг яна бир мақсади – совет даврида маҳфий фаолият олиб борган олимларга фуқаровий соҳада ишлаш ёки тадбиркорлик билан шуғулланиш йўлларини ўргатишдир. Илгари маҳфий тадқиқотлар олиб борган ва шу сабабдан номлари халқаро ҳамжамиятга номаълум бўлган олимлар бугунги кунда хорижлик ҳамкасблари ҳамда чет эллардаги тадқиқотлар институтлари билан алоқа ўрнатиш имконига эгалар. Жамғарма фаолияти шу вақтгача муваффақиятли бўлганига қарамай, президент Жорж Буш маъмуриятининг Ироққа қарши уруш бошлаш режалари доирасида “инсон омили” инобатга олинмаяпти, дейди жамғарма вице-президенти Кэти Кэмпбелл.

“Президентнинг куни кеча эълон қилинган бюджет лойиҳаси Эркинликни қўллаб-қувватлаш акти учун маблағларни кескин камайтиришни кўзда тутади. Демак, биз каби ташкилотлар ҳам яқин орада бюджетнинг қисқарилишини кутишимиз керак”, - дейди у.
XS
SM
MD
LG