Линклар

Урушни Саддам Хусайн тўхтата олади

  • Ҳурмат Бобожон

Форс кўрфазида юз мингдан ортиқ қўшин жойлаштирилган вазиятда ҳеч ким Америка ва Буюк Британияни уруш ҳаракатларидан тўхтатиб қололмайдиган кўринади.

Аммо Озодлик мухбири билан суҳбатда бўлган америкалик таҳлилчилар фикрича, АҚШни бу йўлдан қайтариши мумкин бўлган айрим омиллар, сценарийлар ҳам йўқ эмас.

Вашингтондаги Минтақалараро тадқиқотлар маркази таҳлилчиси Жудит Киппер ана шундай сценарийлардан бири ҳақида гапиради: "Саддамни ҳокимиятдан четлаштириш ёки уни отиб ўлдирш орқали урушнинг олдини олиш мумкин", - дейди Жудит Киппер.

Албатта, Вашингтон расмийлари Ироқда ҳарбийлар ёрдамида ҳукумат тўнтаришини уюштириш ва шу йўл орқали Саддам Хусайнни хокимиятдан четлаштириш режасини ҳам назардан соқит қилишмаган. Аммо, Жудит Киппернинг фикрига кўра буни амалга ошириш осон вазифа эмас.

Урушни яна бир вазият тўхтатиши мумкин. Таҳлилчиларга кўра, агар Ироқ раҳбарияти ҳақиқатан ҳам мамлакатда мавжуд қурол-аслаҳаларни ошкор қилса, бу Буш маъмуриятига уруш бошлаш учун асос қолдирмаслиги мумкин.

Бир вақтлар АҚШнинг собиқ президенти Рональд Рэйганнинг хавфсизлик кенгашида ишлаган ҳозирда Мичиган университети профессори Раймонд Тантер масалага ички вазиятдан келиб чиққан холда ёндашиш кераклигини айтади. Тантерга кўра, Саддам қўриқчилари сараланган навкарлардан ташкил топган профессионаллардир.

"Улар Саддамга шунчалар яқинларки, уни давлат тўнтариши ёки бўлмаса ўлдириш йўли билан хокимиятдан четлаштириш анча қийин иш. Ироқни фақат уруш йўли билан Саддамдан холос этса бўлади", - дейди Тантер.

Таҳлилчига кўра, сўнгги кунларда Саддам Хусайн иложи борича ўзини БМТ инспекторлари билан ҳамкорлик қилишга интилаётгандай кўрсатмоқда.

Ироқда фаолият олиб бораётган БМТ қурол-аслаҳа инспекторлари раҳбари Ханс Бликс ҳамда Атом энергияси бўйича халқаро агентлик бошлиғи Ал-Барадейларнинг Бағдод расмийлари билан олиб борган икки кунлик музокаралари жиддий натижаларсиз якун топди.

Шунга қарамай, Бликс ва Ал-Барадей якшанба куни журналистлар саволларига жавоб бера туриб, музокаралар чоғида БМТ ва Бағдод ўртасида ҳамкорлик қилиш масаласида илгари силжишга эришилганини қайд этдилар. Ханс Бликсга кўра, ўтган хафта Бағдод раҳбарияти БМТ инспекторларига Ироқнинг биологик ва кимёвий қуроллар дастури ҳақидаги янги маълумотларни тақдим этганлар. Шу билан бирга, БМТ қурол-аслаҳа инспекторлари раҳбари Ироқнинг ҳамкорлик ҳақидаги баёнотлари ортида самимийлик сезилмаётганини таъкидлаб ўтди.

"Биз жорий ҳамкорлик билан чинакамига ҳамкорлик қилишнинг фарқига борамиз. Алабатта фаолиятимиз жараёнида Ироқ тарафидан ёрдам олдик. Аммо БМТ резолюциясида кўзда тутилган қуролсизланиш масаласида Ироқ ҳамкорлиги, афсуски, биз кутгандек бўлмади", -деди Ханс Бликс.

БМТ инспекторларининг Бағдод раҳбарияти билан музокаралари чоғида икки муҳим масала очиқ қолди. Улардан бири Американинг У-2 разведка учқичларнинг Ироқ узра учишига рухсат берилиши билан боғлиқ эди. Иккинчиси мутахассисларнинг БМТ инспекторларига улар сўраган масалада маълумот бериш масаласидир.

Бағдод раҳбарияти маҳаллий ироқлик мутахассислар билан учрашувлар ўтказилишига розилик берди. Инспекторларнинг улар билан суҳбатлари шу хафта бошланади.

БМТ инспекторларининг Ироқда олиб борган текширув ишларининг якуний хулосалари эса 14 феврал куни Хавфсизлик кенгашида мухокама этилади. Бироқ кузатувчиларга кўра, халқаро инспекторлар қандай ҳисоботни тақдим этишларидан қатъий назар, Америка ва Буюк Британия бари бир Ироққа қарши уруш бошласа керак. Атом энергияси бўйича халқаро агентлик раҳбари Ал-Барадей эса халқаро инспекторлар ҳаракатлари зоя кетмаслигига ва яқин кунлар ичида Ироқ ҳамкорлик қила бошлашига ишора қилувчи қадамлар ташланишига эхтиёткорлик билан бўлса-да умид билдирди.
XS
SM
MD
LG