Линклар

logo-print

НАТО ичидаги келишмовчилик чуқурлашмоқда


Фарангис Саид

Душанба куни Брюсселда бўлиб ўтган йиғинда НАТО ташкилотига аъзо давлатлар, Ироққа қарши уруш бошланган тақдирда, Туркияни ҳимоя қилиш-қилмасдик хусусида ягона фикрга кела олмадилар. Германия, Франция ва Белгия ушбу масала юзасидан қатъий норозилик билдирдилар, ташкилотнинг бошқа аъзолари, хусусан АҚШ уч давлатга 24 соат вақт беришга келишдилар. АҚШнинг НАТОдаги элчиси Николас Бёрнс вазиятга баҳо берар экан, НАТО бўҳронга учради, деб таъкидлади.

“НАТО бўҳронга учради. Ташкилотнинг тамойили шундан иборатки, агар унга аъзо бир давлатга таҳлика туғилса, бошқалар ўша давлатга ёрдам кўрсатишлари зарур. Туркия ўзини ҳимоя қилиш учун НАТОдан АВАКС учқичлари, Патриот ракета тизимлари ва биологик, ҳамда кимёвий қуроллардан мудофаа тизимларини сўради. Бундай сўров уч ҳафта олдин қилинган эди. Бугун ҳам Туркия ушбу сўровни такрорлади. Биз НАТО бу масалани ижобий ҳал этишига умид қиламиз”, - деди АҚШ элчиси.

Дарҳақиқат, Туркиянинг ўзи ҳам уч давлат вакилларига қарорни қўллаб-қувватлаш борасида босим кўрсатмоқда. Туркия Бош вазири Абдулла Гул сешанба куни Анқарада:

“Туркия совуқ уруш даврида Европани ҳимоя қилган, унинг қалқони бўлган. Шу сабабдан НАТО ўз мажбуриятларини бажариши ва Туркияни ҳимоя қилиши кераклигига шубҳа йўқ”, деб таъкидлади.

Ироққа қарши уруш бошланган тақдирда унинг қўшни Туркияга таъсири жуда катта бўлиши шубҳасиз. Шу боис шарҳловчилар Туркия тушиб қолган ҳозирги вазиятни тушуниш мумкинлигини қайд этмоқдалар.

Исмини ошкор этишни истамаган НАТО расмийсининг маълум қилишича, АҚШ НАТОнинг 15 аъзосидан Германия, Франция ва Бельгияга босим кўрсатишни ва уларни ушбу қарорни қабул қилишга кўндиришни сўраган. Бироқ НАТО аъзолари уч иттифоқдошини кўндира олмасалар, АҚШнинг ўзи Туркияга ёрдам кўрсата бошлаши мумкин. Расмийнинг таъкидлашича, НАТО ичида муросага келиш эҳтимоли йўқ эмас. Чунки Вашингтон учун якка ўзи эмас, балки НАТО орқали ва ташкилот бўйича ҳамкорлари билан биргаликда ҳаракат қилиш маъқул.

Айни вақтда Франция, Германия ва Белгия расмийлари баёнот тарқатдилар ва унда Туркияга ёрдам кўрсатишга тайёр бўлсалар-да, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг жума кунги йиғинига қадар қарор қабул қилмасликларини маълум қилдилар. Эслатиб ўтаман, 14 феврал - жума куни Хавфсизлик кенгашида БМТ инспекторлари Ироқдаги фаолиятлари бўйича ҳисобот берадилар. Сешанба куни эса юқоридаги уч давлатга Россия ҳам жўр бўлди. Москва расмийлари БМТ инспекторларига кўпроқ вақт бериш кераклигини таъкидладилар. Шундай қилиб, Оқ уй сабрсизлик билан Форс кўрфазида урушга тайёргарликларни давом эттирар экан, НАТОнинг уч аъзоси - Германия, Франция ва Белгия ҳамда ташкилотнинг кузатувчи мақомига эга аъзоси Россия Вашингтонга қарши чиқмоқдалар. Кузатувчиларнинг фикрича, НАТО ичидаги келишмовчилик ҳарбий эмас, балки сиёсий бўлиб, унинг сабаблари фақат Ироқ билан уруш бошлаш-бошламаслик масаласигина эмас. Бунга бир неча омил - Франциянинг президент Шарл де Голл томонидан бошланган ва сўнг анъанага айланган Вашингтондан мустақил равишда ташқи сиёсат олиб бориш амалиётидан тортиб, то Германия Канцлери Герхард Шрёдернинг АҚШ президенти Жорж Буш билан таранг муносабатларигача таъсир қилаётир. Британиянинг АҚШни ҳар бир масала бўйича қўллаб-қувватлаши эса Европа давлатларининг жиғига тегаяпти ва Франция-Германия алоқаларининг мустаҳкамланишига туртки бераётир. Париж ва Берлин расмийлари Вашингтоннинг якка ўзи халқаро сиёсатни бошқаришга интилаётганидан норозилар ва шу боис ҳар бир имкондан фойдаланиб, унга қаршилик кўрсатяптилар. Европа давлатлари, шунингдек, Вашингтоннинг Туркияни мамлакат аҳолиси қаршилигига қарамай, урушга жалб қилаётганидан ҳам норозилар.

Мустақил кузатувчилар фикрича, НАТО ичидаги келишмовчиликлар Ироққа қарши уруш бошлаш-бошламаслик режасига катта таъсир қилмайди. Ташкилот ичида илгари ҳам келишмовчиликлар бўлган. Ветнам уруши, АҚШнинг Исроилда ўз қўшинларини жойлаштириш нияти, 1966 йилда Шарл де Голл томонидан Франциянинг НАТО қўшма қўмондонлигидан чиқишини эълон қилиниши, 80-йилларда эса Европада Першинг ракеталарининг жойлаштирилиши – булар НАТОга аъзо давлатлар орасида келишмовчиликларга сабаб бўлган масалалар жумласидан.

Ироққа қарши уруш бошланган тақдирда Туркияга кўмаклашиш масаласига келсак, аслида Вашингтон Туркияга якка ўзи ҳам ҳарбий ёрдам кўрсатишга қодир. Оқ уйнинг НАТО ичида якдилликка интилишидан мақсад эса Бағдодга уруш режаларию дўқ-пўписалар жиддийлигини намойиш қилишдан иборатдир.
XS
SM
MD
LG