Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:59

Москвада “Норд-Ост” мюзикли қайта очилди.


Акрам Файзулло

Шанба куни Москванинг Дубровка театрида “Норд-Ост” мюзиклининг қайта тақдимоти томошабинлар томонидан қарсаклар билан кутиб олинди.

Ëдингизда бўлса бундан уч ой аввал тахминан 50 нафар чечен жангчиси, томоша зали ичидаги 750 нафар фуқарони 3 кун давомида гаровда ушлаб турди.

Гаровга олинганлардан 129 нафари қурбон бўлди. Уларнинг аксарияти, Россия махсус кучлари театрга бостириб киришдан олдин қўллаган заҳарли газдан нобуд бўлишди.

Фожиадан кейин театр биносини қайта таъмирлаш ишлари учун икки ярим миллион доллар сарфланди. Қонга беланган қизил рангли ўриндиқлар ўрнига янги, кўк рангли ўриндиқлар ўрнатилди.

Гаровга олинганлар ичида “Норд-Ост” мюзикли режиссëри Григорий Василев ҳам бор эди. Унинг қайд этишича, томоша залида жуда кўп ўзгаришлар бўлган ва шу боис Василев таъмирлашдан кейин гаровга олиш пайтида ўзи ўтирган ўриндиқни тополмаган. Василев озод киши сифатида театрга қайтганидан хурсанд эканини билдирди.

“Очиқ айтаман, фожиа кучли зарба бўлди, биз ўшанда оғир дамларни бошдан кечирдик. Аммо аввал бошданоқ, биз спектакл яшаши кераклигига ва уни қайта тиклашимиз лозимлигига заррача ҳам шубҳа қилмадик”, - дейди “Норд-Ост” мюзикли режиссëри Григорий Василиев.

Актриса Екатерина Гусева эса саҳнада ўз ролини қайта ўйнашни бошлаганидан мамнун бўлганини тилга олди.

“Мен спектаклни жуда соғинган эдим. Ўз ролимни бир йил давомида ҳар куни ўйнаганим учун мюзиклнинг қайта бошланишини жуда ҳам орзиқиб кутдим”, - дейди Екатерина Гусева.

Актëрлардан бири Андрей Богданов спектаклни қайта йўлга қўйиш учун куч ва маблағ топилганидан мағрурланиб гапиради.

“Менимча, бу мамлакат учун ниҳоятда мухим. Чунки бу рус мюзиклидир. Буни ўзимизнинг биринчи мюзикл, дейиш мумкин. Менинг фикримча, нима бўлишидан қатъий назар бу мюзикл яшаши керак”, - дейди Андрей Богданов.

Олга Фуксова Дубровка театрида фуқаролар гаровга олинишидан илгари “Норд-Ост” мюзиклини икки марта томоша қилган.

“Мен спектаклни кўз ëшисиз кўролмайдиган бўлиб қолдим, чунки фожиа менга кучли таъсир қилди. Бу гал томошага учунчи марта келишим. Мен театр актëрларининг спектаклни давом эттириш ҳақида берган қарорини ҳурмат қиламан”, - дейди томошабин Олга Фуксова.

Москва шаҳар ҳокимияти ва давлат томонидан берилган ëрдам эвазига “Норд-Ост” мюзикли қайта очилди. Лекин фуқаролар қўшган ҳисса сарф-ҳаражатларнинг 80 фоизини ташкил қилди. Мюзикл режиссëри Григорий Василевнинг қайд этишича, гаровга олиш операцияси натижасида театрга 23 миллион рубл, ëки 719.000 доллар қимматида моддий зарар етган.

Ҳозирда гаровга олиш воқеасидан азият чеккан фуқаролардан 61 нафари 60 миллион доллардан ошиқ товон тўланилишини талаб қилиб, Москва шаҳар ҳокимиятини судга бердилар.

Василев Дубровка театрига етган моддий зарар учун шаҳар ҳокимиятини судга бермаган бўлса-да, азият чеккан кишиларнинг талаби қондирилиши кераклигини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG