Линклар

logo-print

Нефт контракти Россия тарихининг янги саҳифасини очиб берди


Фарангис Саид

Россиянинг ТНК нефт компанияси ва Британиянинг Бритиш Петролеум [British Petroleum] корпорацияси ўртасида сешанба куни имзоланган келишув Совет Иттифоқи парчаланганидан сўнг Россия томонидан имзоланган энг йирик контракт бўлиб, унга кўра, Бритиш Петролеум янги тузилажак компания учун 6 миллиард 750 миллион доллар ажратади. Кузатувчилар фикрича, бу Бритиш Петролеум заҳираларининг 30 фоизга ўсганини, Россия учун эса, нафақат катта миқдордаги сармояларни жалб этишга муваффақ бўлингани, балки ишлаб чиқариладиган ва экспорт қилинадиган нефт ҳажмининг оширилишини ҳам англатади ва айни вақтда мамлакатнинг Ғарб билан алоқаларининг чуқурлашаётганидан дарак беради.

Бритиш Петролеум корпорацияси Вице-президенти Роберт Дадли [Robert Dudley] ва Россиянинг тўртинчи ўринда турадиган ТНК нефт ширкати президенти Виктор Векселберг сешанба куни Москвада бўлиб ўтган матбуот анжуманида Россиянинг учинчи энг йирик нефт ва газ компаниясига асос солинганини маълум қилдилар.

“Фикримизча, бу узоқ муддатли ҳамкорликнинг бошланишидир. Бу жуда катта миқдордаги сармоя бўлиб, янги тузилган компаниянинг ўзи Россия нефт секторига катта сармоялар ётқизишга қодир бўлади ва бу билан ишлаб чиқарилаётган нефт ҳажмининг ошишига ҳисса қўшади”, - деб айтди Роберт Дадли.

Сармоялар - ишонч белгисидир. Мамлакат иқтисодига катта ҳажмдаги сармоялар ётқизилар экан, бу хорижий компанияларнинг ушбу мамлакатдаги сиёсий ва иқтисодий вазиятни барқарор, деб ҳисоблашларидан, шунингдек, ҳукуматнинг уларга нисбатан имтиёзли шароитлар яратганига ишонишларидан дарак беради. Россиянинг “Тройка Диалог” сармоя банки ходими Валерий Нестеровнинг айтишича, сешанба куни имзоланган шартнома Россия тарихининг янги саҳифасини очиб берди.

Бритиш Петролеум корпорацияси билан контракт имзолаган ТНК компанияси президенти Виктор Векселберг эса бу ҳодисага мана бундай баҳо берди:

“Ҳамкорларимиз томонидан қўйилган ушбу қадам Россия бугунги кунга келиб ўзга мамлакатга айланганини намойиш қилди. Мамлакатимиз халқаро иқтисодий ҳамжамиятнинг узвий қисмига айланмоқда”, - деди у.

Мутахассислар фикрича, янги имзоланган контракт ва унинг натижасида тузилажак компания (унинг номи ҳозирча айтилмаяпти) иккала тараф учун ҳам жуда фойдалидир. Бритиш Петролеум ўз капиталини 30 фоизга ошириш орқали жаҳоннинг ЭкcсонМобил [ExxonMobil] ва Ройял Датч/Шелл [Royal Dutch/Shell] каби йирик нефт компаниялари билан бир қатордан ўрин эгаллади. Россия эса ялпи ички маҳсулотининг бир ярим фоизига тенг контрактни имзолаш орқали нафақат ички, балки ташқи бозорларини ҳам кенгайтира олади. Имзоланажак контракт ҳақидаги маълумот матбуотда биринчи марта ўтган ҳафта жума куни пайдо бўлганида, Россия нефт компаниялари акцияларининг нархи қарийб 10 фоизга ошди. Бритиш Петролеум каби йирик корпорациянинг Россия иқтисодий вазиятини ижобий баҳолаб, сармоя ётқизишга қарор қилгани нафақат нефт ва газ, балки бошқа соҳа компаниялари учун ҳам ўзига ҳос сигнал ва Россия иқтисодига ётқизилаётган сармоялар ҳажмининг ошишига олиб келади, деб фикр билдиришмоқда мутахассислар. Айни вақтда Россия ички бозоридаги вазият ҳам ўзгаради. “Бритиш Петролеумнинг ҳамкори сифатида айнан ТНК компаниясининг танланиши ЛУКойл, Сибнефт, Юкос ва Россиянинг бошқа нефт корпорациялари учун узоқ муддатли стратегияни ўзгартириш лозимлигидан берилган огоҳлантирувдир”, - дейди “Тройка Диалог” банки ходими Валерий Нестеров.

Сешанба кунги контрактнинг имзоланиши жаҳон нефт соҳаси учун жуда муҳим ҳодиса бўлиб, у халқаро нефт ва газ компаниялари фақат Форс кўрфази нефт заҳираларигагина таянмай, бошқа минтақалар - янги бозорларни қидиришга мажбур бўлаётганларидан ҳам дарак бераётир.
XS
SM
MD
LG