Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:38

Янги турдаги қизил армиянинг жануб томон босқини.


Собиқ совет диктатори Иосиф Сталин вафотидан ярим аср кейин, яъни бугунга қадар у амалга оширган ишларнинг салбий натижасини Европанинг турли бурчакларида кузатиш мумкин. Сталин турли миллатларни мамлакатнинг бир минтақадан бошқасига бадарға қилиш билан чекланмади. Сталин айрим сув жониворларини ҳам бошқа жойга кўчиришни, яъни Камчатка қисқичбақаси номи билан кўпчиликка яхши таниш бўлган минглаб йирик қизил қисқичбақаларни уларнинг асосий яшаш жойи хисобланган шимолий Тинч океанидан Россиянинг Европа қисмидаги Арктика денгизга кўчиришни режалаштирган эди. 1953 йилда вафот этган Сталин ўзининг қўштирноқ ичидаги меҳнати мевасини кўра олмади. Аммо Сталин ворислари у тузган режани 60-йилларда амалга оширдилар. Етилган пайтида хажми бир метрдан ошадиган минглаб Камчатка қисқичбақалари Владивостокдан поездларда етти кунлик йўл босиб Кола ярим оролига олиб келинди ва денгизга қўйиб юборилди. Унинг бир неча минги эса кемаларда белгиланган жойга олиб келиниб, сувга улоқтирилди. Ўз она юртидан бадарға қилинган турли миллат ва элатлардан фарқли ўлароқ Камчатка қисқичбақалари янги жойга қисқа фурсатда мослашиб олди. Орадан ўттиз йил ўтгач, ушбу қисқичбақалар сони кўпайиб, ниҳоят Норвегия сувларига ҳам етиб келди. Бунинг маҳаллий атроф-муҳитга таъсири қандай? Аҳвол шу тарзда давом этса, келажакда нима бўлади?

Норвегия денгиз тадқиқотлари институти бош тадқиқотчиси Аасмунд Бжордал бу саволларга қуйидагича жавоб беради: “Келажакда нима бўлишини биз умуман билмаймиз. Шимолий денгизда қисқичбақанинг бошқа турлари ёки шунга ўхшаш жониворлар умуман яшамайди. Овқат масаласида Камчатка қисқичбақаларига рақобатчи жонивор йўқ. Шу сабабли, улар сони тез кўпаймоқда”.

Маълумки, балиқчилик Норвегияда нефт қазиб чиқаришдан кейин, иккинчи йирик саноат ҳисобланади. Атроф-муҳит мутахассислари фикрича, сўнгги беш йил давомида сони икки баробар кўпайиб, ҳозирда 15 миллионга етган Камчатка қисқичбақалари туфайли яқин фурсатда айрим балиқ турлари камайиб кетиши. “Ёввойи Табиат” жамғармасининг Норвегия бўлими директори Андреас Тветераас Озодлик радиосига берган интервюсида: “Баренц денгизидаги асосий балиқ тури ҳисобланган чейплин балиғи баҳорда урчийдиган пайтда қирғоққа яқин, сув тубига тухум қўяди. Айни шу пайтда оқиб келадиган кўп сондаги ёш қисқичбақалар сув тубидаги бор нарсани еб тугатади. Биз йиртқич қисқичбақалар сони кўпайгани сабаб Арктикада чейплин балиқлари камайиб кетиши мумкинлигидан хавотирланаяпмиз”,-деди.

Бу вазият Норвегия ҳукумати олдига “Нима қилмоқ керак?”, деган саволни қўймоқда. Ҳозир балиқлар Норвегия учун муҳим иқтисодий ресурс ҳисобланаётган бўлса, келгусида бу вазият ўзгариши мумкин. Чунки, Камчатка қисқичбақаси гўшти ноёб (деликатес) ҳисобланиб, унинг бир килограмми чакана савдода 100 доллар туради. Камчатка қисқичбақаси вояга етган пайтда унинг оғирлиги тахминан 10 килограмм бўлади. Шу сабабли, айрим расмийлар қисқичбақаларга денгиз босқинчилари эмас, балки муҳим иқтисодий даромад манбаи сифатида қарамоқдалар.

Ҳозир Осло расмий доиралари ресурслардан оқилона фойдаланиш сиёсатини олиб бориб, қисқичбақа тутиш чекловини икки баробарга камайтирдилар. Тобора кўпайиб бораётгани ҳисобга олинган ҳолда йилига 100 мингдан 200 минггача қисқичбақа тутишга рухсат берилди.

Тветераас Камчатка қисқичбақалари сони кўпайиши хусусидаги ташвишини қуйидагича билдиради: “Ҳайвон ва жониворларни бир жойдан бошқа жойга олиб келиб, уларни кўпайтириш катта иқтисодий ва экологик зарар етказганига кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Баренц денгизининг балиқларга бойлиги иқтисодий жиҳатдан катта даромад келтиряпти. Бизнингча, Баренц денгизида қисқичбақаларни кўпайтиришга умуман ҳожат йўқ. Бу ишни қилиш керак эмас. Улар сони хаддан зиёд кўпайиб кетишидан олдин, бу ҳодиса маҳаллий экологик муҳитга таъсирини ўрганиш керак”.

Норвегиядаги денгиз тадқиқотлари институти ходими Аасмунд Бжордал, Тветераас билдирган фикрга қўшилмайди. Бжордал, Камчатка қисқичбақалари ҳақида жуда кам маълумот борлигини, уларнинг кўпайиб жануб томон яна қанча масофага тарқалиши ҳеч кимга маълум эмаслигини айтади. Мазкур масала хусусида унинг шахсий фикри сўралганида Бжордал: “Бу ҳақиқатан ҳам сиёсий масала”,- деб жавоб берди. Ҳақиқатан ҳам бу сиёсий масала - Иосиф Сталиндан қолган барча меърос каби...
XS
SM
MD
LG