Линклар

logo-print

Шимолий Кореянинг ядровий қуроллари масаласи


А. Аррал

Террор ҳужумлардан вҳимага тушиб қолган америкаликлар Ироқ билан эҳтимолий уруш ва иқтисодий таназзулга юзма-юз келиб турган бир пайтда Шимолий Кореянинг ядровий қуролларга эгалиги ҳақидаги хабар қўшимча ташвиш-хавотирларга сабаб бўлмоқда.

АҚШ Марказий разведка бошқармасининг билдиришича, Пхенян АҚШнинг ғарбий қисимини ядровий учли ракеталар билан нишонга олиш имкониятига эгадир. Мазкур бошқарма бошлиғи Жорж Тенетдан, [George Tenet] "Шимолий Корея Америкага зарба бериши мумкинми ва у АҚШ Ғарбий соҳилини ракеталар билан нишонга олиб биладими?,-дея сўралганида: "Менимча бу саволга тўғридан-тўғри, ҳа, деган жавоб бўлади. Улар шундай имкониятга эгадирлар",-дея жавоб қайтарди. Унга кўра, ҳозирги кунда Пхенян таркибида плутоний моддаси бўлган битта ëки иккита ракетага эгадир.

Шимолий Кореянинг бундай имкониятга эгалиги эса, АҚШ томонидан биринчи бор жамоатчиликка ошкор этилди ва Пхеняннинг узоқ масофага мўлжалланган ракеталари АҚШ Ғарбий соҳилини нишонга олиши мумкинлиги матбуотда эълон қилинди.

Айни пайтда, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қошидаги Атом энергияси бўйича халқаро бошқарма БМТ Хавфсизлик Кенгашига мурожаат қилиб, Пхенян ядровий қуроллар тарқатмаслик ҳақидаги шартномани бузганлигини маълум қилди ва ушбу муаммонинг олдини олишни сўради.

Атом энергияси бўйича халқаро бошқарма расмийларининг билдиришича, Шимолий Корея халқаро инспекторларни мамлакатдан чиқариб юборган ва ядровий дастурлари устидаги ишни давом эттиришга киришган. Шу билан бирга Пхенян ядровий қуроллар тарқатмаслик ҳақидаги келишувга бўйсунмай, ўзининг халқаро мажбуриятларига хилоф равишда иш тутган.

Эндиликда БМТ Хавфсизлик Кенгаши, Шимолий Кореяга қарши иқтисодий жазо чоралари жорий қилиш масаласини кўриб чиқиши мумкин. Пхенян расмийлари эса, бундай иқтисодий санкция эҳтимолига Шимолий Кореяга қарши уруш эълон қилиш билан баробар, дея баҳо бермоқдалар.

Бу масалага бошқача ëндашаëтган Европа Иттифоқининг ташқи сиëсат бўйича масъул вакили Хавер Солананинг [Javier Solana] таъкидлашича, идтисодий жазо чоралари вазиятни юмшатиш ўрнига, уни тобора мураккаблаштириб юборади. Муаммони музокаралар орқали бартараф этиш маъқуллигига ишора қилган Солана, шу мақсадда Европа Иттифоқи Шимолий Кореяга ўз делегациясини юборишини маълум қилди.

Россия ва Хитой ҳам Шимолий Кореянинг ядровий дастурлари устида чиққан бўҳронни БМТ олға сўраëтган иқтисодий санкциялар эмас, балки дипломатик йўл билан ҳал қилиш кераклигига урғу беришади. Бу борада сўз юритган Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Чун Янг Вонинг [Chun Yung-woo] айтишича, Сеул, Хавфсизлик Кенгашининг муаммони ҳал қилишига ишонади: "Халқаро тинчлик ва барқарорликка жавобгар Хавфсизлик Кенгаши ушбу вазиятнинг кескинлашиб кетиши олдини олишига ишонамиз ва Кенгаш ядровий қуроллар масаласида дипломатик резолюцияни олға суришига умид қиламиз",- деди жумладан Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили.

Оқ уй матбуот вакили Ари Флейшер [Ari Fleischer] бу масалада АҚШ Хавфсизлик Кенгашига аъзо мамлакатлар билан яқинроқ иш олиб боришига ишора қилиб: "Шуниси аниқки, Шимолий Корея ушбу муаммони икки томонлама муаммога айлантиришни истайди",- дея баëнот берди.

Ўз навбатида Япония ҳам Шимоли Кореяни Атом энегияси бўйича халқаро бошқарма билан ядровий қуроллардан холи бўлиш тўғрисида зудлик билан музакараларни қайта бошлашга чақирди.
XS
SM
MD
LG