Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:46

НЮ ЖЕРСИ СУДИ ИСЛОМ ВА ИМОН КАРИМЛАРНИ АМЕРИКАГА ҚАЙТАРИШГА ҚАРОР ҚИЛДИ


Гулнора Каримова.
Гулнора Каримова.

Узоқ давом этган маҳкама жараёнидан сўнг Ню Жерси (New Jersey) суди Америка фуқароси Мансур Мақсудий ва унинг собиқ турмуш ўртоғи Гулнора Каримова-Мақсудий фарзандлари отаси қарамоғига ўтиши кераклиги ҳақида қарор берди. 31 январ куни эълон қилинган суд қарорида 35 яшар Мансур Мақсуди ва 32 яшар Гулнора Каримованинг 10 яшар Ислом ва 4 яшар Имон исмли ўғиллари отаси тарбиясига олиниши кераклиги таъкидланади.


Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи бўлган Гулнора Каримова 2001 йилнинг июлида эри Мақсудий билан ажрашганидан буён, икки фарзанди билан Ўзбекистонда яшамоқда.

Ҳар икки бола Америка фуқароси бўлиб, уларнинг онаси Америкада доимий яшаш мақомига эга. Болалар Америкада туғилгани ва узоқ муддат у ерда яшаганликларини эътиборга олиб, ўтган йили Ню Жерси штати суди Мақсудийларнинг оилавий можаролари Америка маҳкамасида ҳал этилиши лозим, деган қарорни чиқарган эди.

Гарчи маҳкама ню жерсилик Мансур Мақсудий фойдасига ҳал бўлган бўлса-да, суднинг бу қарори осонликча амалга ошадиганга ўхшамаяпти. Маҳкама жараёнларини мунтазам ёритиб бораётган "Ню Йорк таймс" ("New York Times") газетаси мухбири Ричард Жонсга (Richard Lezin Jones) кўра, Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи бўлган Гулнора Каримова ихтиёрида қолаётган болаларнинг Ню Жерсида яшаётган оталарига қайтариб берилиши анча мураккаб иш.

Чунки, 2001 йилнинг октябр ойида Тошкент шаҳар маҳкамаси Гулнора Каримованинг эридан ажрашиш ҳақидаги даъво аризасини кўриб чиқиб, ҳар иккала боланинг онаси билан қолиши ҳақида қарор чиқарган эди. Аммо Тошкент суди қарорини тан олмаган Ню Жерси маҳкамаси, масала адолатли ҳал бўлиши учун бу иш АҚШда кўриб чиқилишини истади.

Ҳакам Дин Уилсонга (Deanne M. Wilson) кўра, Мансур Мақсудий Ўзбекистонда бўлиб ўтган эшитишлар тўғрисида рисоладагидай хабардор қилинмаган. Мақсудийнинг ўзи ҳам суд жараёнлари собиқ қайнатаси бошқараётган авторитар давлатда ўтишини хоҳламаганини айтади.

Ню Жэрси маҳкамаси қарорининг амалга ошишига тўсиқ бўлаётган яна бир омил, Ўзбекистоннинг Фуқаролик қонунлари бўйича Ҳаага конвенциясига қўшилмагани билан боғлиқ. Қолаверса, бунга мамлакат президентининг мавқеи ҳам йўл қўймайди.

Бироқ бу иш қанчалик мураккаб бўлмасин Мақсудий адвокати ўз мижози талабини қондира олишига, яъни икки боланинг отасига қайтарилишига ишонади. Бу ҳақда Мансур Мақсудий адвокатий Эдуард О'Донел (Edward O'Donnell) Озодлик мухбирига шуларни гапиради: "Мен бу борада жуда оптимистман, яъни болаларнинг отасига қайтариб берилишига ишончим комил. Чунки халқаро ҳамжамият босимлари Каримовани бунга мажбур қилади. Мен унинг Ню Жэрси маҳкамаси қарорига бўйсуниб, болаларни АҚШдаги отасига қайтариб беришига ишонаман. Қолаверса, Каримова хоним она сифатида фарзандлари келажагини ўйлаб ҳам бу ишни қилади, деган умиддаман", - деб таъкидлади биз билан телефон суҳбати давомида адвокат О'Донел.

Адвокат Эдуард О'Донелга кўра, Мақсудий ўз ўғиллари билан ўткан йилнинг октябр ойидан буён телефон орқали боғлана олмаган. Олдинроқ, даъвогар аризасини кўриб чиққан Ню Жерси маҳкамаси Гулнора Каримова бир ой ичида икки фарзанди билан Ню Жерсига келиши кераклиги ҳақида фармон чиқарган эди. Бироқ суднинг бу кўрсатмаси амалга ошмади. Бунга яна собиқ совет давлати бўлмиш Ўзбекистоннинг 61 давлат аъзо Фуқаролик қонунлари бўйича Ҳаага конвенциясига қўшилмагани сабаб бўлди. Мақсудий адвокатига кўра, агар қонун иш бермаса, улар бунинг бошқа дипломатик йўлларини ахтаришади. "Биз бу ишни охиригача олиб борамиз. Лозим бўлса уни халқаро майдонда давом эттирамиз. Бунинг учун АҚШ Давлат департаменти ёрдами зарур бўлади, албатта. Халқаро босимлар ва бошқа дипломатик чоралар билан бунга эришамиз", - дейди адвокат Эдуард О'Донелл.

"Ўзбекистон каби ёпиқ жамиятда нормал қонунлар йўли билан албатта, бунинг уддасидан чиқиш қийин. Шунга қарамай, агар қонунлар иш бермаса, биз дипломатик босимларни ишга соламиз. Ҳаага конвенциясига қўшилган давлатлар бу борада шижоат кўрсатишларига ишонаман".
Бу Мансур Мақсудий адвокати Эдуард О'Донел фикрлари эди.

Биз Ню Жэрси олий маҳкамаси қарори юзасидан Гулнора Каримова адвокатларининг ҳам фикрини ўрганишга ҳаракат қилдик. Аммо тинимсиз қўнғироқларимиз жавобсиз қолди.

Ню Жерсида ўтган суд жараёнларида фақатгина эр-хотин Мақсудий фарзандларининг отасига қайтариб берилиши билан боғлиқ масалагина кўрилгани йўқ. Америкада ўтган маҳкама жараёнида Мақсудий, хотини билан ажрашганидан буён Ўзбекистондаги бизнесидан маҳрум бўлганини, Ўзбекистонда қолган уч қариндоши молиявий қонунбузарликда айбланиб қамоққа олинганини суд хайъатига маълум қилди.

Мансур Мақсудий даъво аризасини кўриб чиққан Ню Жерси маҳкамаси Гулнора Каримова ва Мансур Мақсудийларнинг Америкадаги оилавий мулкини 80 миллион долларга баҳолади. Суд қарорига кўра бу мулкнинг каттагина қисми Мақсудийга тегадиган бўлди. Чунончи, эр-хотинларнинг Мендхам шаҳридаги 2,5 миллион долларга баҳоланган ҳовлиси, 1998 йилда ишлаб чиқарилган "Лексус", ҳамда "Мерседес-бенз" автомашиналари, Ўзбекистондаги бизнесдан кўрилган 1,5 миллион долларлик даромад ва 3,2 миллион доллар нақд пул Мақсудий ихтиёрига ўтказилди.
XS
SM
MD
LG