Линклар

Ироқ бўҳрони оқибатида Германия-АҚШ муносабатларида айрим зиддиятлар пайдо бўлгани кузатилмоқда.


Акрам Файзулло

Фарангиз Саид: Муҳтарам тингловчилар, эшиттиришимизни халқаро мавзу билан давом эттирамиз. Маълумки, Германия бошқа бир неча давлат билан Американинг Ироққа қарши ҳарбий ҳужум қилиш ҳақидаги эҳтимолий режасига қаршилик кўрсатмоқда. Германия Канцлери Герхард Шрëдер (Gerhard Schroeder) Ироқ бўҳронини тинч йўллар орқали ҳал этиш ҳали ҳам мумкин, деб ҳисоблайди.

Аммо Германия мухолифати лидерлари Шрëдернинг Ироқ сиëсати мамлакатнинг Америка Қўшма Штатлар билан бўлган муносабатларига зарар етказиши мумкин, дея уни танқид қилишмоқда. Вашингтонда Конгресснинг айрим аъзолари аллақачон Американинг Германиядаги ҳарбий қўшинларини олиб чиқишни талаб қилишга бошладилар.

Ҳамкасбим Акрам Файзулло мавзу оид воқеаларни кузатиб бормоқда ва ҳозирги суҳбатимиз мавзуи Германия канцлери Герхард Шрëдернинг Ироқ бўҳрони хусусида пайшанба куни парламентда қилган чиқиши ҳақида. Шрëдер мазкур чиқишида ўз ҳукумати ëндашувини қандай шарҳлади?

Акрам Файзулло: Пайшанба куни Германия парламентидаги чиқишида Канцлер Герхард Шрëдер, Ироққа қарши урушни четлаб ўтиш учун барча имкониятлардан фойдаланиш кераклигини таъкидлаб ўтди. Германия раҳбарига кўра, расмий Берлин Франция, Россия ва бошқа ҳамкор давлатлар билан урушни четлаб ўтиш устида жиддий ишламоқда.

“Энг муҳим халқаро мажбурият – урушга йўл қўймасликдир. Шунинг учун ҳам биз сиëсатимизни айнан шу йўналишга қаратганмиз. Ҳеч қандай сиëсий ëки ҳарбий ташкилот бизни урушни қабул қилишга мажбурлашига рухсат бермаслигимиз керак”, - деди Герхард Шрëдер жумладан.

Унга кўра, Ироқда оммавий қирғин қуролларини қидираëтган БМТ инспекторларига етарли вақт берилиши керак. Ҳозир Франция ва Германия илгари сураëтган таклифда Ироқдаги халқаро инспекторлар сонини ошириш ҳам назарда тутилади.

ФС: Маълумки, Германия АҚШнинг Европадаги муҳим иттифоқдошларидан бири саналади. Икки давлат ўртасида, айниқса, иқтисодий ва ҳарбий соҳалар бўйича яқин алоқалар ўрнатилган. Аммо Ироқ бўҳрони ушбу яқин алоқаларга маълум даражада салбий таъсир қиладигандек кўринаяпти. Германия АҚШнинг Ироқ сиëсатига қарши чиқаëтгани туфайли икки томон орасидаги муносабатлар кескинлашиши хусусида шарҳловчилар қандай фикрда?

АФ: Таҳлилчилар фикрича, Америка ҳам, Германия ҳам ўзаро муносабатларнинг ниҳоятда кескинлашишига йўл қўймаса керак. Чунки муносабатлар совуқлашишидан ҳар икки томон ҳам катта зарар кўриши мумкин. Европадаги бошқа давлатларга қараганда Германия иқтисодиëтининг Америка иқтисодига боғлиқлик жиҳатлари яна ҳам кўпроқдир. Қолаверса, ҳозир Германияда АҚШнинг 70 мингдан ошиқ аскарлари жойлаштирилган. Германия канцлери Герхард Шрëдер пайшанба куни парламентда қилган чиқишида, Америка билан бўлган келишмовчиликларни бир оз бўлса-да юмшатишга уриниб, Германия аксил-террор кампаниясига ҳисса қўшишни давом эттираëтганини ва бугун Германиянинг 10 минг аскари турли мамлакатлардаги тинчлик ўрнатувчи халқаро кучлар сафида хизмат қилаëтганини алоҳида тилга олди.

“Жорий ҳафта Германия Нидерландия билан биргаликда Кобулдаги халқаро кучларга қўмондонлик қилишни бошлади. Хонимлар ва жаноблар, бу кучлар сафида Германиянинг икки ярим минг аскари жуда яхши хизмат қилаëтгани, жамоатчилик томонидан эътироф этилиши керак. Германия сингари, аскарларини Афғонистондек нотинч минтақага жўнатган давлатлар жуда кўп эмас”, - деди Шрëдер.

ФС: Акрам ака, матбуотда тарқатилаëтган хабарларга қараганда, Германия мухолифати лидерлари Шрëдернинг Ироқ сиëсати мамлакатни халқаро ҳамжамиятдан яккалаб қўймоқда, дея хавотирланиш билдиришмоқда. Бундан ташқари, АҚШ Конгрессининг айрим аъзолари Ироқ борасида расмий Берлин билан бўлган келишмовчиликлар боис, Американинг Германиядаги ҳарбий қўшинларини олиб чиқишни талаб қилмоқдалар. Шу ҳақда билдирилаëтган муносабатларга ҳам қисқача тўхталиб ўтсангиз.

АФ: Тўғри, Шрëдернинг Ироқ сиëсатини айниқса, Германия “Христиан Демократлар Иттифоқи” кескин танқид қилмоқда. Мазкур иттифоқ лидери Анжела Меркел (Angela Merkel) хоним пайшанба куни парламентда Шрëдердан кейин чиқиш қилиб, канцлерни Ироқ бўҳронига Германиядаги ички сиëсий сабаблардан келиб чиққан ҳолда ëндашаëтганликда айблади.

“Жаноб Канцлер, нима учун сиз БМТ ўзининг сўнгги ҳисоботини тақдим қилишидан бурун Ироқ масалада қарор бердингиз? Менимча, сиз фақат ички сиëсий сабабларга кўра, шундай қарорга келгансиз”, - деди “Христиан Демократлар Иттифоқи” етакчиси Анжела Меркел хоним. Германия мухолифатининг бошқа бир лидери, консерватор Эдмунд Штойбер (Edmund Stoiber), Канцлер Шрëдернинг Ироқ сиëсати Европа ичида янги бўлиниш яратаëтганини қоралади. У шунингдек Шрëдерга ишончсизлик билдириш масаласини парламентда муҳокама қилишга чақирди. Айни пайтда , расмий Берлиннинг Ироқ урушига қаршилик кўрсатаëтгани Вашингтоннинг жиғига тегмоқда. Конгресс расмийларига кўра, яқинда генерал Жеймс Жонс (James Jones) қонун чиқарувчиларга Германиядаги АҚШ қўшинларининг катта бир қисмини Европадаги бошқа давлатларга кўчириш режаси ҳақида маълумот берган. Бундан кўзланган мақсад, Американинг фақат Германияда жойлашган қўшинларига боғланиб қолмасликдан иборат. Оқ уй матбуот вакили Ари Флейшер (Ari Fleischer) ҳам айрим мутахассислар АҚШ ҳарбий қўшинларини Германиядан олиб чиқиш ҳақида таклиф киритаëтганларини тасдиқлади. Аммо Флейшер қўшинларни кўчириш таклифининг Ироқ бўҳрони хусусида ҳозир Германия билан мавжуд келишмовчиликларга алоқаси йўқлигини қайд этди.
XS
SM
MD
LG