Линклар

АҚШ ва Марказий Осиё талабалари алмашуви дастурлари маданиятлараро мулоқотни чуқурлаштиришга ёрдам бермоқда


Фарангис Саид

АҚШ ҳукумати мусулмон давлатлари билан талабалар алмашуви дастурларини кенгайтиришга ҳаракат қилмоқда. АҚШ Давлат департаментининг Таълим ва маданият алоқалари бюроси ходими Стивен Хартнинг [Steven Hart] маълум қилишича, 2003 йилда АҚШ Конгресси томонидан Ислом мамлакатлари, шу жумладан Марказий Осиё республикалари ёшларининг АҚШ университетларида таҳсил олишлари учун ажратилган маблағ 120 миллион долларга тенгдир.

Хартнинг фикрича, 11 сентябр воқеаларидан сўнг АҚШ ва Ислом дунёси орасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш лозимлиги барчага аён бўлди. Тарафлар орасидаги мулоқотни эса, биринчи навбатда, ёшлар олиб борадилар, дейди АҚШ расмийси:

“11 сентябр ҳодисаларидан сўнг биз исломий мамлакатларга етарли сармоя ажратмаганимизни, халқлар орасидаги муносабатларнинг ривожланишига етарлича эътибор қаратмаганимизни англадик. Ўзаро алоқаларни чуқурлаштиришда ёшларнинг роли жуда муҳимлиги шубҳасиз. Ёшлар алмашуви дастурлари орқали биз бошқа мамлакат халқларининг АҚШга бўлган муносабатини шакллантиришимиз мумкин”, - дейди АҚШ Давлат департаменти ходими.

АҚШнинг хорижлик талабаларга грантлар ажратадиган яна бир дастури – 1992 йилда таъсис этилган Бўлажак лидерлар алмашуви - Future Leader Exchange [FLEX] дастури бўлиб, деярли 11 йиллик фаолияти давомида у собиқ Совет Иттифоқининг 11 мингдан зиёд талабасига АҚШда ўқиш имконини берди. Масалан, 2002-2003 ўқув йилида FLEXнинг молиявий ёрдами билан 75 нафар ўзбекистонлик талаба АҚШ университетига қабул қилинди. Бундай имкониятни, шунингдек, Қозоғистондан 65, Тожикистондан 21, Туркманистондан 50 ва Қирғизистондан ҳам 50 нафар талаба қўлга киритди.

FLEX дастури ходими Кэти Пирс [Katy Pearce] собиқ совет республикалари ёшлари АҚШда таҳсил олиш давомида демократик қадриятлар ҳақида тасаввурга эга бўлишларини айтиб, бу демократик ислоҳотларни амалга ошираётган мамлакатлар учун ниҳоятда муҳим, деб таъкидлайди.

“Дастуримиз Евроосиё мамлакатлари талабаларига АҚШда ўқиш имконини беради. Дастурнинг асосий мақсади - талабаларга Америка демократик тажрибасини ўрганиш имконини яратиб, Марказий Осиё ва Евроосиёнинг бошқа республикаларига қайтгач, у ерда демократик институтларнинг барпо этилишига ҳисса қўшишларини таъминлашдан иборатдир. Бундан ташқари, АҚШга келган талабалар фуқаровий жамият, Америка таълим тизими ва бошқа масалалар бўйича билим оладилар”, - дейди Кэти Пирс.

АҚШда таҳсил олиб, ватанларига қайтгач, талабалар нодавлат ташкилотларни тузишга, фуқаровий жамиятнинг шаклланишига ҳисса қўшишга киришадилар. Бунда уларга нафақат ФЛЕКС дастурининг ўзи, балки АҚШ элчихоналари ҳам ёрдам берадилар.

Тожикистон пойтахти Душанбеда Халқаро таълим бўйича Америка кенгашининг ACCELS дастури мувофиқлаштирувчиси бўлиб ишлаётган Манучеҳр Холов ҳам АҚШда ўқиб қайтган.

“Мен Америкада жуда кўп нарсани ўргандим. Тожик маданиятидан кескин фарқ қиладиган Америка маданияти ҳақида тасаввурга эга бўлдим, инсон ҳуқуқлари ва бошқа демократик қадриятлар ҳақида билим олдим”, - дейди Манучеҳр.

Марказий Осиё республикаларида АҚШ университетларида ўқишни истаган ёшлар жуда кўп. АҚШ Давлат департаментининг Таълим ва маданият алоқалари бюроси ходими Стивен Харт танловда номзод-талабанинг жинси, миллати, дини, ижтимоий ва иқтисодий аҳволи инобатга олинмаслигини айтади. “Шундай қилиб, танлов шартлари демократик тамойилларга асосланган”, - дейди Харт.

“Бу - дастурнинг жуда муҳим қисмидир. Биз танловда қатнашмоқчи бўлганларнинг бари ижтимоий ва иқтисодий мақомидан қатъий назар, унда иштирок этиш имконига эга бўлишларини таъминлашга ҳаракат қиламиз. Бу демократик қадриятлардан бирини акс эттиради: сиз таниш-билишлару, ота-онангиз кимлигидан қатъий назар, етарли билим ва қобилиятга эга бўлсангиз, танловда ютиб чиқасиз”, - деб тушунтиради у.

Бироқ, ҳар бир вазиятда пора бериш ва таниш-билишдан фойдаланиш кераклигига одатланган марказий осиёлик ёшларнинг баъзилари танлов очиқ ва адолатли ўтказилишига ишонмайдилар. Тошкентлик журналист Юсуф - шундайлардан биридир. (ОВОЗ)

Юсуфнинг таъкидлашича, у ўзининг ижтимоий аҳволи туфайли танловдан ўта олмаган. (ОВОЗ)

Душанбеклик Манучеҳр Холов эса танловдан ҳеч кимга пора бермай ўтганини айтади.

“Мен 1999 йилда тест синовларидан ўтаётганимда, порахўрлик ҳақида кўп эшитган эдим. Бир одам менга бир-икки минг доллар берсанг, имтиҳонсиз синовдан ўтасан, деган эди. Менда унча пул йўқ эди. Мен ўзим барча имтиҳонларни муваффақиятли топширдим ва АҚШда ўқиш имконини қўлга киритдим. Порахўрлик ва таниш-билиш ҳақидаги гаплар – ёлғон”, - дейди Манучеҳр.

Хўжандлик Муҳаррам Оқилова ҳам АҚШ университетида таҳсил олган. У танлов жараёнини адолатли, деб баҳолар экан, ажратиладиган ўринлар сони чекланган бўлгани туфайли, кўплар танловдан ўта олмайди ва бунинг сабабини пора бермаганликда, деб ўйлайди, дея фикр билдиради ва ўринлар сони кўпайтирилиши кераклигини таъкидлайди.

Тошкентлик Тўйчи Мелибоев ҳам АҚШ университетида ўқиб қайтган. Муҳаррамнинг фикрига қўшилар экан, у АҚШ билан алоқаларни чуқурлаштириш орқали экстремизмга қарши курашиш мумкин, деб фикр билдиради.

“АҚШда ўқиётган талабалар тинчлик ва халқлар орасидаги дўстликни қадрлай бошлайдилар. Улар нима яхшию, нима ёмонлигини ажратишни ўрганадилар, экстремизм ҳақида тўла тасаввурга эга бўладилар, унинг жамиятга салбий таъсирини англаб етадилар”, - дейди тошкентлик Тўйчи Мелибоев.

Тўйчи каби, АҚШда таҳсил олганларнинг бари талабалар алмашуви дастурлари ҳам мусулмон давлатлари, ҳам АҚШ учун фойдали, дер эканлар, бундай дастурлар ёрдамида маданиятлараро алоқалар мустаҳкамланади, демак, жаҳонда тинчлик ўрнатилиши учун имкониятлар кўпаяди, деб фикр билдиришмоқда.
XS
SM
MD
LG