Линклар

Афғонистон Халқаро жиноят судига қўшилди


Фарангис Саид

Жиддий жиноятлар содир этган афғонистонлик дала қўмондонлари бундан буён БМТнинг Ҳаагада жойлашган Халқаро жиноят суди [International Criminal Court] томонидан суд қилинадилар. 10 феврал куни Афғонистон ҳукумати ушбу судга қўшилганини расман эълон қилди ва бу билан халқаро тузилманинг 89-аъзоси бўлди.

Бош қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Хюман Райтс Уотч [Human Rights Watch] инсон ҳуқуқлари ташкилоти Афғонистон ҳукуматининг ушбу қарорини олқишлади.

“Бу Афғонистон учун жуда муҳим ҳодисадир. 23 йиллик уруш давомида дала қўмондонлари турли жиноятларга қўл урдилар ва жазоланмадилар. Афғонистон ҳукумати қабул қилган қарор эса, унинг инсон ҳуқуқлари масаласига жиддий ёндашаётганинидан дарак беради. Келажакда дала қўмондонлари, ҳукумат расмийлари, маҳаллий полиция ва ҳарбийлар томонидан содир этилган жиноятлар Халқаро суд юрисдикциясида бўлади ва у томонидан кўриб чиқилади”, - деб тушунтириш беради Хюман Райтс Уотч ташкилотининг Лондондаги қароргоҳи ходими Урми Шоҳ [Urmi Shah].

1979-89 йилларда совет қўшинлари Афғонистонда маҳаллий мужоҳидларга қарши уруш олиб бордилар. Совет армияси Афғонистон ҳудудини тарк этганидан сўнг маҳаллий қўмондонлар орасида тўқнашувлар авж олди. Толибон даврида ҳам турли ҳарбий гуруҳлар ўртасида уруш давом этди. Бу даврда Афғонистонда кўплаб жиноятлар содир этилди. Бу жиноятлар Халқаро жиноят суди томонидан кўриб чиқилмайди. Аммо келажакда содир этилган ҳар бир жиддий жиноят, жумладан террор хуружлари, оммавий қотилликлар, қийноққа солишлар ва зўравонликлар суд юрисдикциясида бўлади ва у томонидан кўриб чиқилади.

Халқаро жиноят суди ҳақида гапирадиган бўлсак, собиқ Югославиядаги уруш даврида содир этилган жиноятларни кўриб чиқиш учун Халқаро жиноят трибунали тузилиб, муваффақиятли фаолият олиб борганидан сўнг, геноцид, инсониятга қарши жиноятлар ва жиддий уруш жиноятларини кўриб чиқиш мақсадида 1998 йилда БМТ қошида Халқаро жиноят судини таъсис этишга келишилди. Халқаро ҳуқуқ тамойилларига кўра, муайян давлат ўз ҳудудида содир этилган жиноятни тан олишни, уни кўриб чиқишни ва жиноятчиларни суд қилишни истамаса ёки унинг бунга қудрати етмаса, бундай ҳолда Халқаро жиноят суди ишга киришади.

Юқорида айтиб ўтилганидек, Судга ҳозирги вақтга қадар 89 мамлакат қўшилган бўлиб, улар орасида нафақат Афғонистон, балки Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Покистон ва Хитой ҳам бор. АҚШ ҳозирга қадар судга қўшилмаган. АҚШ раҳбарияти судга аъзо бўлган тақдирда, америкалик тинчлик ўрнатувчи қўшинлар унинг юрисдикциясига тушиши ва суд қилиниши мумкинлигидан хавотирланиб, унга аъзо бўлишдан бош тортмоқда.

Афғонистоннинг Халқаро жиноят судига қўшилиши мамлакатда содир этилаётган жиноятларнинг камайишига олиб келадими, деган саволга Хюман Райтс Уотч ташкилотининг Лондондаги қароргоҳи ходими Урми Шоҳ:

“Бу, жиноят содир этганлар жазосиз қолмаслигидан дарак беради. Бу шунингдек, жиддий жиноят содир этганларни, инсон ҳуқуқлари ва инсонпарварлик ҳуқуқи тамойилларини поймол қилганларни жазолаш механизми мавжудлигини намойиш қилади”, - деб жавоб берди.

Суд низомига кўра, жиноят қурбони – мамлакат ҳукумати бўладими, у ёки фуқароми – шикоятнома ёзиб, судга мурожаат қилиши мумкин.

“Жиноят қурбони судга мурожаат қилиши, жазо эса бошқа давлат томонидан амалга оширилиши мумкин. Исбот қилиниши лозим бўлган нарса – жиноят қурбони бўлмиш фуқарога унинг давлати ёрдам беришни истамаётгани ёки ёрдам беришга қодир эмаслигидир”, - деб тушунтиради Урми Шоҳ.

Мустақил кузатувчилар фикрича, халқаро ҳуқуқ ғилдираги жуда секин айланади. Биринчи афғонистонликнинг қачон Халқаро жиноят судига мурожаат қилиши, биринчи жиноятчининг қачон жазо қилинишини айтиш қийин, муҳими – мамлакатнинг халқаро тузилмага қўшилгани ва унинг юрисдикциясига кирганидадир.
XS
SM
MD
LG