Линклар

logo-print

ЕВРОПА ИТТИФОҚИ ИРОҚ БЎЙИЧА МУШТАРАК ТЎХТАМГА КЕЛА ОЛАДИМИ?

  • Ҳурмат Бобожон

Европа Иттифоқининг Брюсселда душанба куни кечқурун бошланган фавқулодда саммитида тузилмага аъзо давлатларнинг Ироқ масласи бўйича ягона ёндашуви ишлаб чиқилиши кўзда тутилмоқда. Саммит иштирокчилари Европа Иттифоқида Ироқ масаласида юзага келган бўлинишни муросавий йўл билан ҳал этишга уринмоқдалар. Саммит бошланишидан олдин куннинг биринчи ярмида тузилмага аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашув давомида расмийларнинг Ироқ масаласидаги чиқишларида якдиллик кузатилмади. Жумладан Буюк Британия ташқи ишлар вазири Жэк Строу ўз чиқишида АҚШ президентининг хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Кондолиза Райс баёнотларига ҳамоҳанг тарзда, дипломатик воситалар иш бермаётган бир пайтда Ироқни қуролсизлантиришнинг ягона йўли куч ишлатиш экани ҳақида гапирди. Айни пайтда Белгия ташқи ишлар вазири Луи Мишел Ироқни тинч йўл билан қуролсизлантириш мумкинлигига ишонишини қайд этди.

"Ўйлашимча тинчликка яна бир бор фурсат берилиши керак. Агар бунинг учун яна бир икки хафта мухлат берилганида, вазият бу қадар таҳликали тус олмаган бўларди. Ироқ оҳир оқибат тинч йўл билан қуролсизлантирилган бўларди", -деди Белгия ташқи ишлар вазири Луи Мишел.

Гарчи, фавқулодда саммитни ўтказишдан мақсад Иттифоққа аъзо давлатлар ўртасида Ироқ масаласида юзага келган келишмовчиликка барҳам бериб, ягона ёндашувни ишлаб чиқиш бўлсада, томонлар муроса қиладиган кўринмайди. Саммит олди учрашувлари Ироққа қарши куч ишлатиш сиёсатини қўллаб-қувватлаётган Британия тарафдорлари ва масаланинг дипломатик йўллар билан ҳал этилишини истаётган Франция ва Германия тарафдорлари ўртасида тортишувлар ҳамон сақланиб қолаётганини кўрсатди.

Кузатувчилар фикрича, саммит якунида, Европа Иттифоқига аъзо қайсидир давлат раҳбари ўзининг Ироқ бўйича позициясини ўзгартиради, дейиш қийин. АҚШнинг Ироқ сиёсатини қўллаб-қувватлаётган давлатлар Буюк Британия, Испания ва Италия ҳанузгача ўз фикридан қайтганлари йўқ. Ўз навбатида Франция, Германия ва Европа Иттифоқига раҳбарлик қилаётган Греция Ироққа қарши уруш бошлашга ҳозирча зарурат йўқлигини таъкидлаб, дипломатияга яна бир бор фурсат берилиши кераклигига урғу беришмоқда.

Агар саммит иштирокчилари Ироқ бўйича муштарак тўхтамга келолмаслар, саммит кун тартибига ўзгартишлар киритилиб, у яна бир кунга узайтирилиши мумкин. Саммит ишида БМТ Бош котиби Кофи Аннан ҳам иштирок этаётгани эса Европа Иттифоқи давлатлари ўртасида Ироқ масаласида ягона позицияни ишлаб чиқилишига ёрдам бериши мумкин.

БМТ инспекторларининг хулосалари Хавфсизлик кенгашига тақдим этилгани ва жаҳон бўйлаб урушга қарши оммавий намойишлар бўлиб ўтганидан сўнг Ироқ бўхронининг дипломатик йўллар билан ҳал этилишини истаётган Франция ўз сиёсати тўғрилигига ишонмоқда. Аммо, Европа Иттифоқи раҳбарлари қандай қилиб бўлмасин Ироқ бўйича ягона тўхтамга келишлари керак. "Акс холда,- дейишмоқда кузатувчилар, -Европа Иттифоқининг шундоғам иккига бўлинган ташқи сиёсатига янада катта путур етиши мумкин". Фавқулодда саммитнинг ўтказилишидан мақсад ҳам ана шу бўлинишнинг олдини олишдан иборат.

Айтиш лозимки, Ироқ масаласи бўйича бўлиниш нафақат Европа Иттифоқига аъзо давлатлар, балки тузилмадаги айрим мамлакатлар ва АҚШ орасида айниқса кескин тус олган. Масалан, яқинда Франция раҳбари Жак Ширак Америкада чиқадиган "Тайм" журналига берган интервьюсида БМТ инспекторларига Ироқда текшириш ишларини оҳиригача етказишлари учун қўшимча мухлат берилиши кераклигини қайд этди. Ўз навбатида, АҚШ президентининг хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Кондолиза Райс, Ироқ масаласининг дипломатик йўллар орқали ҳал этилишини кутавериб, Вашингтоннинг бошқа тоқати қолмаганини айтди. Райсга кўра, БМТ инспекторларига Ироқда текшириш ишларини олиб боришлари учун қўшимча мухлат берилиши халқаро ҳамжамиятнинг Саддам Хусайнга нисбатан халқаро босими заифлашишини англатади.

"Уруш сўнгги чора эканини ҳамма билади. Бироқ, Саддам Хусайнга босимни бўшаштирмаслик керак". Райснинг таъкидлашича, Хавфсизлик Кенгашида 14 феврал куни бўлиб ўтган мажлис ва Франция ва Германия эътирозлари Ироқни қуролсизлантириш учун эмас, балки кўпроқ Саддам режими фойдасига ҳизмат қилмоқда.

Ҳозирча, Брюсселда ўтаётган саммит давомида унинг иштирокчилари АҚШнинг Ироқ сиёсатига қай муносабат билдиришларини олдидан башорат қилиш бироз мушкул.
XS
SM
MD
LG