Линклар

logo-print

МИНТАҚА БЎЙЛАБ БИР ШАРПА КЕЗИБ ЮРИБДИ...

  • Сарвар Усмон

19 февралда Туркманистоннинг миллий байрамларидан бири - Сапармурод Туркманбошининг туғилган куни ҳамда Миллий байроқ куни нишонланади.

Бу йил Туркманистон президенти Сапармурод Ниёзов ўзининг пайғамбар ёшини нишонламоқда. У 63 га кирди.

Туркманлар отасининг таваллуд кунини Қирғизистон жамоатчилигининг бир қисми ҳам нишонламоқда. Бу мамлакат пойтахти Бишкекда 19 феврал куни Туркманбоши қаламига мансуб асар - "Руҳнома"нинг тақдимот маросими ўтказилиши режалаштирилган.

Туркманистон президентининг туғилган куни мамлакатнинг миллий байрами сифатида нишонланишининг ўзиёқ минтақадаги бу ўзига хос давлат тўғрисида муайян тасаввур пайдо қилади. Шундоқ бўлсада, Туркманбошининг туғилган куни бу мамлакатда кечаётган жараёнларга яна бир бор назар ташлаб олишга имкон берар экан, биз шу имкониятдан фойдаланмоқчи бўлдик.

Бироқ, бугун Сапармурод Ниёзовнинг туғилган куни билан боғлиқ деталларга тўхталмоқчи эмасмиз. Гап унинг асари – "Руҳнома" атрофида бўлади.

Туркманистондаги ҳар бир мактаб, ҳар бир олий ўқув юрти, корхона, ташкилот ва муассасаларнинг барчасида мажбурий равишда ўргатилаётган "Руҳнома"нинг Қирғизистон пойтаҳтидаги тақдимоти расмий Бишкекнинг тутуми эмас. "Руҳнома"нинг тақдимотини мамлакат парламенти - Жогорку Кенеш Қонун чиқарувчилар палатаси депутати Алишер Собиров ўтказмоқда.

Ўшлик депутат Алишер Собиров кейинги йилларда Қорасув шаҳридаги "Қуръонни ўрганиш маркази"га ҳомийлик қилаётгани, Қуръони Каримни минтақа халқлари тилларига ўгириш ва нашр этиш йўлида қилаётган уюштирувчилик ҳаракатлари билан кенг жамоатчилик орасида эътибор қозонган депутатдир.

Биз Бишкекка сим қоқиб депутат Собировдан Туркманбошининг "Руҳнома"си нимаси билан унинг диққатини тортгани тўғрисида сўрадик.

"Бу китоб тўғрисида хилма-хил маълумотларни жуда кўп эшитгандим, бироқ уни ўқигач, унинг бутун Марказий Осиё минтақаси маънавий потенциалини қамраб олганлигига ишонч ҳосил қилдим. Чунки китобда минтақанинг реал тарихи акс эттирилган. Унда мафкуравий ишнинг реал йўналишлари белгилаб берилган", - деб баҳо берди Туркманбошининг "Руҳнома"сига қирғизистонлик депутат Алишер Собиров.

Маълумки, "Руҳнома"га нисбатан бундай муносабатда бўлолмайдиганлар ҳам бир талай. Ўшандайлардан бири Туркманистоннинг собиқ Ташқи ишлар вазири, ҳозирда мамлакатдан ташқарида истиқомат қилаётган Авди Қулиевдир.

Мухбирингизнинг саволларига жавоб берар экан, жаноб Қулиев бугунги Туркманистоннинг энг асосий асарига мана бундай баҳо берди:
"Бунданда бетамизроқ, бунданда зарарлироқ китобни мен ҳали учратган эмасман. Бу ғирт аҳмоқона китоб, айниқса, биз туркманлар учун зарарлидир", - деди "Руҳнома"га баҳо берар экан, Туркманистоннинг собиқ Ташқи ишлар вазири Авди Қулиев.

Қирғизистонлик депутат "Руҳнома"нинг тақдимотини ўтказаётгани тўғрисида Интернетдаги баъзи сайтлар маълумот берди, бу сайтларнинг баъзи муштарийлари эса депутатнинг тутумидан кулиб, ўз муносабатларини тармоқ саҳифаларида ёзиб қолдиришди. Қолаверса, Туркманистондаги вазиятни яхши билган арбобнинг ҳам "Руҳнома" тўғрисидаги фикрини ўқидингиз. Шу гапларни суҳбатимиз давомида депутат Собировга айтдик. У киши:
"Мен бу китобни иложи борича кўпроқ одам ўқиб чиқишини ҳоҳлар эдим, танқид қилишдан аввал, уни ўқиб чиқиш лозим. Совет даврида шундоқ бўларди: асарнинг ўзини ўқимасдикда, у тўғрисидаги танқидий китобларни ўқирдик", - дейди қирғизистонлик депутат.

Камина ҳам "Руҳнома"ни ўқиб чиққан. Бироқ, менинг китоб тўғрисидаги фикрларим ўзимга тан. Келинг, яхшиси, Авди Қулиевнинг фикрига қулоқ тутайлик. "Руҳнома"нинг "бетамиз ва зарарли" эканлиги тўғрисидаги фикрларини давом эттирар экан, жаноб Қулиев, "У, (яъни Ниёзов), бутун халқни аксилилмий асосларга қурилган мазкур китобга бўйсундириб, унга боғлаб қўймоқчи", - дейди жаноб Қулиев.

Туркманбошининг "Руҳнома"си тақдимотини ўтказар экан, қирғизистонлик депутат Алишер Собиров Туркманистондаги вазият билан, бу мамлакат аҳолисининг ижтимоий аҳволи билан жуда яхши таниш бўлса керак, деб ўйладик ва ўша вазият тўғрисида маълумот беришини сўрадик.

"Мен анчадан бери Туркманистонда бўлганим йўқ, у ерда нима бўлаётганини айта олмайман", - деди депутат Собиров.

Туркманистоннинг собиқ Ташқи ишлар вазири Авди Қулиев эса, бу саволга "Халқ ўта ёмон яшаяпти ва у байрам кайфиятига, президентнинг байрамона кайфиятига шерик бўлолмаяпти", деб жавоб берди.

Туркманистон президенти Сапармурод Ниёзовнинг 19 февралда нишонланаёттган туғилган куни муносабати билан унинг қаламига мансуб "Руҳнома" асари тўғрисида икки сиёсий арбобнинг фикрлари билан таништирдик.

Қирғизистон парламенти депутати Алишер Собировдан олинган маълумотга қараганда, "Руҳнома" қирғиз тилига ҳам таржима қилинмоқда.

Шундай қилиб, минтақа бўйлаб, пайғамбар ёшига кирган Туркманбошининг шарпаси кезиб юрибди...
XS
SM
MD
LG