Линклар

Франция президенти Жак Ширак Американинг Ироқ сиёсатини қўллаб-қувватлаган Европа Иттифоқига номзод давлатларни кескин танқид остига олди.


Брюсселда бошланган Европа Иттифоқининг фавқулодда саммитида чиқиш қилган Ширак бу давлатларни "ёмон тарбия кўрган давлатлар" сифатида таърифлади.
"Номзод давлатларга келсак, мен Иттифоққа аъзо давлатларни назарда тутмаяпман, албатта, бирон масала юзасидан қарор беришдан олдин, Европа Иттифоқининг бошқа аъзолари билан маслаҳатлашиб иш кўришлари керак эди. Қолаверса, ҳали уларнинг Европа Иттифоқига аъзолиги узил-кесил ҳал бўлмаган, - деди Жак Ширак жумладан.
Эслатиб ўтамиз, Буюк Британия, Испания, Италия давлатлари қатори Иттифоққа қўшилиши кутилаётган давлатлар Полша, Венгрия ва Чехия АҚШ сиёсатини қўллаб-қувватловчи баёнот билан чиқишган эди.
Жак Ширакнинг бундай чиқиши Европа Иттифоқига номзод айрим давлат расмийларининг кескин эътирозларига сабаб бўлди. Жумладан, Полша ташқи ишлар вазирлиги Ширак баёнотини Европа Иттифоқига қўшилиш арафасида турган давлатларга нисбатан "ҳақорат" сифатида таърифлади.
Бугун журналистлар олдида чиқиш қилган Британия бош вазири Тони Блэр Франция президенти Жак Ширакнинг кечаги чиқишига муносабат билдириб ўтди. Британия бош вазири, жумладан, Европа Иттифоқига аъзо бўлиши кутилаётган давлатлар Ироқ масаласида ўз қарашларини эркин ифода эта олганликларини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG