Линклар

Европа Иттифоқи урушни эмас, инспекциялар давом эттирилишини қўллаб-қувватламоқда


Фарангис Саид

Европа Иттифоқининг Брюсселдаги саммити бошланмай туриб, кўплар унга аъзо давлатлар орасидаги Ироқ масаласи бўйича тафовут шу қадар кучлики, саммит давомида уни ҳал этишнинг, яъни Ироқ бўйича бир қарор қабул қилишнинг имкони йўқ, дея башорат қилаётган эдилар. Бироқ, душанба куни Европа Иттифоқига аъзо давлатлар вакиллари якдиллик билан БМТ инспекторлари Ироқдаги текширув ишларини давом эттиришлари керак, деган қарорга келдилар ва бу билан АҚШ ва Буюк Британиянинг уруш режаларига тўсиқ қўйдилар.

Европа Иттифоқининг Хавфсизлик ва ташқи ишлар масалалари бўйича масъули Хавер Солана Иттифоқ номидан гапириб, аъзо-давлатлар Ироқнинг қуролсизланиши кераклигидан шубҳа билдирмаганлари, бу жараёнда марказий ролни БМТ ўйнаши лозимлигини таъкидлаганларини қайд этди.

Ироқ билан урушга азалдан қарши чиқаётган Франция президенти Жак Ширак саммит якунида қабул қилинган қарорлар уни қониқтирганини айтди.

“Турли тарафлар нуқтаи назарларининг тобора бир-бирига яқинлашаётганини мен мамнуният билан кузатдим. Бир неча кун олдин эса Ироқни куч билан қуролсизлантириш керак, деяётганлар ва БМТнинг 1441 рақамли резолюцияси самара бераётганига ишонаётганлар орасидаги фарқ жуда катта эди”, - деб таъкидлади Франция раҳбари.

Кузатувчиларнинг фикрича, Европа ҳукуматлари позициялари орасидаги тафовутнинг камайишига шанба ва якшанба кунлари дунёнинг 600дан зиёд шаҳарида бўлиб ўтган норозилик намойишлари ҳам сабаб бўлган. Европа аҳолиси кайфиятларини инобатга олишга интилган ҳукуматлар саммитнинг якуний декларациясида инспекциялар фаолияти давом эттирилиши кераклигини қайд этдилар ва айни вақтда Ироқ президенти Саддам Ҳусайнни инспекторлар билан ҳамкорлик қилишга даъват этдилар. “Ироқ ҳукуматининг ҳамкорлигисиз инспекциялар фаолияти муваффақиятли бўла олмайди”, дейилади баёнотда.

Европа давлатлари Ироқ бўйича ягона позиция ишлаб чиққанларига қарамай, муаммолар таг-туги билан йўқ қилинди, деб бўлмайди. Чунки БМТ Хавфсизлик Кенгашининг икки доимий аъзоси – Британия ва Франция, ҳамда доимий бўлмаган икки аъзоси – Германия ва Испания Кенгаш муҳокамаларида суверен давлатлар сифатида мустақил фикр билдирадилар. У фикр эса Иттифоқ қарорига зид бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Бундан ташқари, қарор қабул қилинишида Европа Иттифоқига энди қабул қилиниши кутилаётган давлатларнинг роли муҳим бўлиши шубҳасиз. Уларнинг баъзилари эса АҚШнинг Ироққа қарши уруш бошлаш режасини қўллаб-қувватламоқдалар. Саммитда чиқиш қилган Франция президенти дипломатик протокол қоидаларини бузган ҳолда, бундай давлатлар сиёсатидан очиқчасига норозилик билдирди.

“Менимча, улар масалага жиддий ёндашмаяптилар. Европа Иттифоқига номзод бўлиш бошқалар фикрини инобатга олиш, бошқалар билан маслаҳатлашишни англатади. Менимча, номзод давлатлар масъулиятсизлик намойиш қилдилар”, - деб фикр билдирди Жак Ширак.


Европа Иттифоқига номзод уч давлат – Чехия, Венгрия ва Полша минтақанинг қолган беш давлати – Британия, Испания, Италия, Дания ва Португалия билан биргаликда уч ҳафта олдин АҚШ режасини қўллаб-қувватлаган эдилар. Кўп ўтмай, Шарқий Европанинг Вилнюс гуруҳини ташкил этадиган 10 давлати Ироққа қарши уруш бошлаш режасига таянч билдирган эди.

Иттифоққа 2007 йилда қабул қилиниши кутилаётган Руминия ва Болгария Жак Ширак танқидига учрадилар. “Агар бу икки мамлакат Иттифоққа қўшилишни истаса, яхшироқ ҳаракат қилиши керак”, деб айтди Франция раҳбари ва бунга шарҳ бермаганига қарамай, икки мамлакат ҳукуматлари уларга юборилган сигнални тушунгандек кўриндилар.

Руминия президенти Ион Илиеску сешанба куни Брюсселда:

“Кеча қилинган шарҳ демократик мубоҳасаларда ягона позиция ишлаб чиқиш учун имконият борлигини намойиш қилди. Биз бундай имкониятга умид билан қараяпмиз”, - деди Руминия раҳбари.
XS
SM
MD
LG