Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:24

Россия Европа Иттифоқининг Ироқ хусусидаги резолюциясини қўллаб-қувватлади.


Россия ҳукумати Европа Иттифоқининг, агар Бағдод расмийлари БМТ инспекторлари билан ҳамкорлик қилмаса, Ироққа қарши ҳарбий ҳаракатлар бошланиши ҳақидаги огоҳлантирувчи резолюциясини қўллаб қувватлади. Россия президенти Владимир Путин ва Европа Комиссияси президенти Романо Проди ўртасида сешанба куни кечқурун сўзлашувлар бўлиб ўтганидан кейин Россия Ташқи ишлар вазири Игор Иванов шу ҳақда баёнот берди.

Игор Иванов журналистларга, президент Путин Европа Иттифоқи баёнотига умуман ижобий қарашини айтиб: “Биз БМТ инспекторларининг ушбу миссияси сернатижа бўлиши, инспекторлар Ироқда оммавий қирғин қуроллари йўқлиги ва бу турдаги қуроллар ишлаб чиқарилиши имконияти йўқлиги ҳақида халқаро ҳамжамиятга жавоб бериши ва буни кафолатлаши учун Ироқ алоҳида мажбуриятга эга, деб ҳисоблаймиз”,-деди.

Учрашув ҳақидаги таклифни қабул қилганидан сўнг Путин Продини Москвага олиб келиш учун унга ўз самолётини жўнатди. Шу куни Кремлда Путин, Иванов ва Проди ўртасида ёпиқ эшиклар ортида учрашув бўлиб ўтди. Сўзлашувда Европа Иттифоқи қабул қилган резолюция масаласи муҳокама этилди. Маълумки, душанба куни Европа Иттифоқига аъзо ўн беш давлат раҳбарларининг фавқулодда саммитида Ироқ хусусидаги резолюция қабул қилинган эди.

Игор Иванов Россия ҳукуматининг Ироқ хусусида тутган позицияси Европа Иттифоқиникига яқин эканини билдирди, яъни Ироқ бўҳрони қандай ҳал этилиши ҳақида БМТ Хавфсизлик Кенгаши қарор қабул қилиши лозим.

Россия Ташқи ишлар вазири Игор Иванов сўзига қўшимча қилиб: “Ироқ теварагидаги вазиятни сиёсий йўллар орқали ҳал этиш мақсадида биз бундан буён ҳам биргаликда ҳаракат қилишга келишиб олдик”,-деди.

Европа Иттифоқи ўз баёнотида Ироқни, бу Бағдод ҳукуматининг тинч йўл орқали қуролсизланиши учун сўнгги имконият экани ҳақида огоҳлантирган. Айни пайтда, баёнотда БМТ инспекторларига кўпроқ вақт берилиши таъкидланган. Бу – Ироққа қарши ҳарбий ҳаракатлар бошланишига монеълик қилиб келган Франция ва Германияга ёнбосишни англатади. Маълумки, Россия ҳам Ироқ масаласида АҚШ тутган позицияни танқид қилган эди.

АҚШ ва Британия дипломатлари ҳозирда Ироққа қарши ҳарбий куч ишлатилишига руҳсат берувчи БМТ Хавфсизлик Кенгашининг янги резолюцияси матни устида бирга ишламоқда.

Аксил-террор кампаниясида АҚШга иттифоқчи бўлган Москва расмий доиралари Вашингтоннинг Ироқ борасида бир томонлама ҳаракат қилишига монеълик билдирган.

Россиянинг нефт саноати нефт заҳираларига бой бўлган Ироқ билан кўп миллиард долларлик шартномани сақлаб қолиш ҳамда Бағдод расмийларининг Совет Иттифоқига бўлган саккиз миллиард долларлик қарзини қайтариб олишга умид қилмоқда. Шунга қарамай, Россия президенти Владимир Путин Ироққа қарши ҳарбий ҳужум уюштириш чорасини қўллаб-қувватлаш ҳақида ўзининг сўнгги қарорини маълум қилгани йўқ.

18 феврал куни Россия Ташқи ишлар вазири Игор Иванов Испания Ташқи ишлар вазири Ана Паласио билан учрашди. Маълумки, Испания Ироққа ҳарбий ҳужум қилиш борасида АҚШни қўллаб-қувватлаётган давлатлардан бири ҳисобланади.

Кремлда бўлиб ўтган учрашувда Владимир Путин ва Романо Проди Европа Иттифоқининг шарққа томон кенгайиши режасини ҳам муҳокама қилдилар. Сўзлашувлар чоғида шунингдек, май ойида Санкт-Петербург шаҳрида ўтиши режалаштирилган Россия ва Европа Иттифоқи саммити масаласини ҳам муҳокама қилдилар. Учрашувдан сўнг Романо Проди Москвадан Брюсселга жўнаб кетди.
XS
SM
MD
LG