Линклар

Туркия Бош вазири муовини Абдуллатиф Шенер бугун Америка Қўшма Штатлари Туркия раҳбариятининг талабларига жавоб бермаётганини таъкидлади.


Бундан олдинроқ Вашингтон расмий Анқарадан АҚШ қўшинларини Туркия ҳудудида жойлаштириш ҳақида шартнома имзолаш кераклигини маълум қилган эди.
Шенернинг бу жавоби АҚШнинг Туркиядаги элчиси Роберт Пирсон Туркия Ташқи ишлар вазирлиги расмийлари билан учрашгани ва “вақт жуда муҳим”, деб айтганидан сўнг берилди.
Кеча расмий Анқара АҚШ қўшинларининг Туркия ҳудудида жойлаштирилиши учун БМТ Хавфсизлик кенгашининг бу ҳақида махсус резолюцияси қабул қилиниши лозимлигини таъкидлаган эди. АҚШ Туркияга қўшинларини унинг ҳудудида жойлаштириш эвазига 26 миллион доллар ёрдам таклиф этди. Туркия бу ёрдам унга берилишининг кафолатини сўрамоқда.
Айни вақтда Брюсселда НАТО ташкилотининг Мудофаа қўмитаси йиғини бўлиб ўтди. Унда қўмита аъзолари Ироққа қўшни бўлмиш Туркияга уруш бошланган тақдирда ўзини ҳимоя қилиш учун АВАКС русумидаги радар учқичлари, Патриот ракеталари ва кимёвий-биологик қуролдан мудофаа тизимларини юборишга келишдилар. Туркияга уруш бошланмай туриб, ёрдам бериш режасига қарши чиқаётган Франция – қўмита аъзоси эмас.
НАТО Бош котиби Жорж Робертсон бугун АҚШ президенти Жорж Буш билан учрашиш учун Вашингтонга борди.
Москвада Россия президенти Владимир Путин Хитой президенти Цзян Цземин билан телефон орқали суҳбатлашди. Ҳар иккала президент БМТ инспекторларининг Ироқдаги фаолияти давом эттирилиши керак, деган фикр билдирган.
XS
SM
MD
LG