Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:37

Шимолий Корея Жанубий Корея билан имзоланган ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги шартномадан чиқишга таҳдид қилди.


17 феврал куни Шимолий Корея 1953 йилда Корея урушига чек қўйган ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги шартномадан чиқишга таҳдид қилиб, АҚШни коммунистик ғояларга содиқ бўлган Шимолий Кореяга қарши олдиндан ҳарбий ҳужум уюштиришмоқчи эканида айблади. Шимолий Корея халқ армияси матбуот котиби, Америка Корея ярим ороли атрофига ҳарбий куч тўплаётгани ва ҳужум уюштиришга тайёргарлик кўраётганини билдирди.

Бироқ, АҚШ президенти Жорж Буш яқинда сўзлаган нутқида Шимолий Корея бўҳрони дипломатик йўл орқали ҳал этилишини гапирган эди: “Танлов кўп, албатта. Мен аввал бир неча бор айтганман ва ҳозир ҳам шунга ишонаман. Бу муаммо дипломатик йўл орқали хал этилади ва бунинг учун биз дипломатик соҳадаги фаолиятни давом эттирамиз”.

Маълумки, 1950 – 1953 йилларда давом этган Корея уруши тинчлик ҳақидаги эмас, балки ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги шартнома туфайли тўхтаган. Бу эса, амалда икки давлатни уруш ҳолатида қолдирган. Агар Шимолий Корея ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги келишувдан бир томонлама чиқса, бу дунё бўйича энг кўп қуролли кучлар билан қўриқланаётган чегарадаги вазиятни кескинлаштириб юборади. АҚШ Давлат департаменти бу ҳақда баёнот тарқатмади.

Шимолий Кореянинг шартномадан чиқиш ҳақидаги таҳдиди келаси ой бошида АҚШ ва Жанубий Корея биргаликда ҳарбий машқлар ўтказишни режалаштирган пайтга тўғри келди. Вашингтон расмийлари, ушбу машқлар фақат мудофаа мақсадида ўтказилишини маълум қилдилар. Бироқ кузатувчилар фикрича, ушбу ҳарбий манёврлар Шимолий Кореянинг ядровий дастури хусусида АҚШ билан юзага келган вазиятни кескинлаштириши мумкин.

Маълумотларга кўра, Жанубий Корея ва АҚШ ҳарбийлари биргаликда ўтказадиган ҳарбий машқлар 4 март куни бошланиб, бир ой давом этиши мўлжалланган. Ундан асосий мақсад, Жанубий Корея қўшинлари қўмондонлигининг жанг давомида мадад кучларини қабул қилиши ва уни жангга киритиш имкониятини текширишдан иборат.

Бортида жанговар учқичлар бўлган АҚШ ҳарбий кемаларининг ушбу манёврларда қатнашиш учун Корея ярим ороли яқинига сузиб бориши режалаштирилган. Аслида, бу ҳар йили ўтказиладиган одатдаги ҳарбий машқлар ҳисобланади.

АҚШ мудофаа вазирлиги расмийларига асосланиб Жанубий Корея ахборот агентлиги билдиришича, жорий йилги ҳарбий машқлар кўлами аввалги йиллардагига қараганда хатто қисқартирилган. АҚШ ҳарбийлари Ироққа қарши урушга тайёргарлик кўрилаётган бўлишига қарамай, Қўшма Штатлар бир вақтнинг ўзида биттадан ортиқ минтақада йирик уруш олиб бориш имкониятига эга эканини айтмоқдалар. АҚШ Мудофаа вазири Доналд Рамсфелд яқинда шу ҳақда гапириб: “Бизнинг ҳарбий кучларимиз дунё бўйлаб бировга таҳдид соладиган тартибда эмас, балки бир вақтнинг ўзида биттадан ортиқ минтақада ҳарбий ҳаракатлар олиб бориш имкониятига эга эканини дунёга кўрсата оладиган тартибда жойлаштирилган”,-деди.

Япония матбуоти хабарларига кўра, Америка ҳарбийлари Япония билан бирга қанотли ракеталарни уриб тушириш бўйича ҳарбий машқ ўтказишга келишганлар. БМТ қошидаги Атом энергетикаси бўйича халқаро агентлик ўтган ҳафтада Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида, Пхенян расмийлари қуролларни тарқатмаслик ҳақидаги шартномани бузмоқда, деган қарорга келганидан сўнг, Япония билан харбий манёвр ўтказишга келишилган.

Шимолий Корея билан юзага келган кескин вазиятни юмшатиш масаласида 18 феврал куни Пекинда сўзлаган Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Жанг Қию: “Биз, Корея ярим оролининг ядровий қуролсиз зона бўлишини - ҳозирги муаммонинг ечими, деб биламиз. Айни пайтда, Корея халқ демократик республикасининг хавфсизлик борасидаги таклифлари ҳам эътиборга олиниши лозим. Муаммо янада мураккаблашиб кетмаслиги учун ҳар икки томон диалоглар учун яхши муҳит яратишга уриниши лозим”,-деди.

АҚШ маъмуриятидаги манбаларга асосланиб “Ню Йорк Таймс” газетасининг 17 феврал куни тарқатган хабарига кўра, АҚШ расмийлари Шимолий Кореяда ишлаб чиқарилган қуролларнинг ҳорижий давлатларга жўнатилишини тўхтатиш, Японияда яшаётган кореяликларни ўз ватанларига қайтариш жараёнини тўхтатиш ҳамда Пхенян расмийларини ядровий қуролни қўлга киритиш йўлидаги уринишига чек қўйишни кўзда тутган санкцияни жорий этишни режаламоқда.

“Ню Йорк Таймс” газетасининг яна ёзишича, бу санкция - Шимолий Кореяни ўзининг ядровий қуроллар дастуридан воз кечишга мажбурлаш йўлидаги дипломатик уринишнинг бир кўриниши холос. Икки корейс давлати ўртасидаги вазият ҳамда Шимолий Корея ва АҚШ ўртасида юзага келган таранг вазият қайси йўсинда ривожланади – бунисини яқин келажак кўрсатади, албатта.
XS
SM
MD
LG