Линклар

РОССИЯ-ҚОЗОҒИСТОН: ҲАМКОРЛИКНИНГ ЯНГИ УФҚЛАРИ

  • Ҳурмат Бобожон

Сўнгги пайтларда Қозоғистон-Россия муносабатларида фаолик сезилиб қолди. Айниқса, Астана раҳбари Нурсултон Назарбоевнинг 18-19 феврал кунлари Москвага ташрифи ва Россияда 2003 йил "Қозоғистон йили" деб эълон қилиниши ушбу муносабатларда янги давр бошланганидан дарак бераётир.

Россия раҳбари Владимир Путин Кремлда Назарбоевни қабул қилар экан, "Қозоғистон йили" деб эълон қилинган ушбу йилда икки давлат ўртасида нафақат маданий соҳада, балки сиёсий ва иқтисодий соҳаларда алоқалар фаоллашувига умид билдирди.

"Икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш бугунги учрашувимиз бош мавзуси бўлди. Россия ва Қозоғистон бу борада имзоланган шартномаларнинг бажарилишига эришишлари керак", - деди Путин Назарбоев билан музокаралар сўнгида.

Яъни гап Россия иштирокида Қозоғистоннинг Балхаш кўлида атом электр станциясини қуриш, Каспий нефтини транзит йўллар орқали олиб ўтиш ва "Бойқўнғир" космодромининг Россияга ижарага берилиши муддати узайтирилиши билан боғлиқ шартномалар ҳақида бормоқда.

Ўз навбатида Астана раҳбари Назарбоевга кўра, Қозоғистон билан Россия ўртасидаги дўстона алоқаларда ечимини кутаётган муаммолар йўқ. "Бу муносабатлар, - деди Назарбоев, - 2003 йилда тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро ишонч асосида ривожланиши керак."

Назарбоев таъкидлаганидек, ҳақиқатан ҳам бугунги кунда Россия-Қозоғистон муносабатларида жиддий қарама-қаршиликлар деярли йўқ ҳисоби. Ўтган йили икки мамлакат ўртасидаги савдо алоқалари хажми тўрт ярим миллион долларга етган. Ҳар икки давлат манфаатларига мос равишда "Бойқўнғир" космодромининг Россияга ижарага берилиши муддати узайтирилди. Таъкидлаш жоизки, ушбу ой бошларида Американинг "Колумбия" космик кемаси аварияга учраганидан сўнг "Бойқўнғир" космодромига қизиқиш янада ортди. Қозоғистон ва Россия ўртасида имзоланган космодром ижараси билан боғлиқ шартнома Астанага нафақат даромад келтиради, балки мамлакатнинг халқаро космос лойиҳаларида иштирокини ҳам таъминлайди ва Россия иштирокида миллий фазовий дастурини ишлаб чиқишига кўмак беради.

Сўнгги пайтларда Қозоғистон-Россия ўртасида нефт экспорти билан боғлиқ масалаларда ҳам яқинлик кузатилмоқда. Яқин кунлар ичида "Лукойл" ширкати вакиллари Каспий нефт конларини ўзлаштириш борасида "Қозоқмунайгаз" ширкати билан янги лойиҳа устида иш бошлайдилар.

Аммо, таҳлилчилар диққатини Қозоғистон-Россия муносабатларининг иқтисодий жиҳатларидан кўра, кўпроқ унинг сиёсий томонлари тортмоқда. Таҳлилчилар фикрича, Астана раҳбари ғарб танқидларидан ғаши келиб, кўпроқ Москвага ён босмоқда. Айниқса, қозоқ журналисти Сергей Дуванов қамоққа олинганидан сўнг ғарбнинг Назарбоевга танқидий қарашлари кучайди. Астана раҳбари Москвага келишидан бир неча кун олдин АҚШ Конгресси Қозоғистонда демократик меъёрлар қўпол равишда бузилаётгани тўғрисида резолюцияни қабул қилди. Айни мазмундаги резолюция 12 феврал куни Европа Парламенти тарафидан ҳам қабул қилинди. Россияни эса Қозоғистондаги инсон ҳуқуқлари масаласи қизиқтирмайди. Шу боисдан Москва Назарбоев учун истиқболли кўринмоқда. Қозоғистон сиёсатшунослари уюшмаси президенти Нурболат Масановга кўра, жаҳон ҳамжамиятида яккаланиб қолган Назарбоевнинг Москвага ён босишдан бошқа чораси қолмаган.

"Менимча, бунга Назарбоевнинг Россия сиёсий таянчини қозонишга бўлган уриниши, деб қараш керак. Чунки, ғарб Қозоғистонда демократик қадриятлар топталаётганини танқид қилаётган бир пайтда Назарбоевнинг Россияга ён босишдан бошқа чораси қолмаяпти", - дейди қозоғистонлик таҳлилчи.

Бир вақтлар Қозоғистон бош вазири бўлган, ҳозирда мухожиратда яшаётган Акежан Кажегелдин эса Россия билан Қозоғистон ўртасидаги яқинлашув ортида, биринчи навбатда Назарбоевнинг шахсий манфаатлари ётишини айтади.

"Халқлар ўртасида маданий ва бошқа муносабатларни ривожлантириш борасидаги уринишларни фақат олқишлаш керак. Аммо, кўп нарса булар ортида нима ётганига боғлиқ. Ушбу муносабатлар ўзаро прогресс учун бўлса бунга ижобий қараш лозим. Агар, булар ортида кимнингдир шахсий манфаати, яъни ички муаммолардан ўзни олиб қочиш ётса, бу ҳеч нарсани ҳал этмайди", - дейди Акижан Кажигелдин.

Бироқ, қозоғистонлик таҳлилчи Нурболат Масанов, Назарбоевнинг Москва билан яқинлашиш борасидаги уринишлари ғарб эътиборини қозониш йўлида қилинаётганини ҳам назардан соқит қилмайди. "Назарбоев Путин билан муносабатларни яхшилаш орқали ғарбни шантаж қилиб, ўзини халқаро ҳамжамиятда керакли қилиб кўрсатишга уринмоқда", - дейди таҳлилчи.

Россиянинг мақсади эса Қозоғистон нефтининг ўз ҳудудлари орқали олиб ўтилишига эришишдир. Мана бир неча йилдирки, Москва расмийлари Боку-Новороссийск йўналиши орқали кўпроқ нефт олиб ўтилиши борасида Астана раҳбарини кўндиришга уринмоқдалар. "EurasiaNet" нинг ёзишича, ўтган йили ушбу йўналишда 17.5 миллион тонна нефт олиб ўтилган. Бу йил ушбу кўрсаткич 19 миллион тоннага етиши кўзда тутилмоқда. Шу боисдан, кузатувчилар Назарбоевнинг шахсий амбицияларига қурилган бу муносабатлардан кўпроқ Россия манфаат кўришини айтмоқдалар.
XS
SM
MD
LG