Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:59

Гамбург суди 11 сентябр ҳужумига алоқадорликда айбланган шахс устидан ҳукм чиқарди.


Германиянинг Гамбург шаҳри суди марокашлик талабани 2001 йил 11 сентябрда АҚШга қарши уюштирилган террор ҳужумларига алоқадор деб топди ва 19 феврал куни уни 15 йил қамоқ жазосига ҳукм қилди. Суд, Гамбург шаҳрида таҳсил олган олти нафар араб студенти АҚШга ҳужум уюштириш режасини қандай ишлаб чиққани ва кейин ўша мудҳиш режани амалга ошириш учун, ал-Қайда террорчи тармоғидан молиявий ёрдам олганини ошкор қилди. Бу – террорчиларнинг қандай қилиб АҚШга қарши ҳужум уюштириш режасини тузганлари ҳақида тарқатилган дастлабки маълумотлар эди.

Суд, 28 ёшли Мунир Эл Мутасаддиқ, 2001 йил 11 сентябрда Ню Йоркдаги Жаҳон савдо маркази, Вашингтондаги АҚШ Мудофаа вазирлигига ҳужум уюштириш ва 3.066 кишини ўлдиришда қатнашган, деган хулоса чиқарди.

Мутасаддиқ, 1999 йилда АҚШга қарши ҳужум уюштириш ҳақида махфий тарзда қасам ичган олти араб студентининг бири бўлган. Уларнинг уч нафари, Муҳаммад Атта, Марван ал-Шеххи ва Зиёд Жарра йўловчи самолётини олиб қочиб, ҳужум уюштирган пайтда ҳалок бўлган эди. Қасам ичганлардан яна бири, Покистонда қўлга олинди, бошқаси эса ҳозир қидирувда.

Суд жараёнида марокашлик Мунир Эл Мутасаддиқнинг режа қандай бажарилаётгани ҳақида ҳисобот бериш учун, Афғонистонга ҳам боргани маълум қилинди. Мутасаддиқ режани молия билан таъминлаган ал-Қайда гуруҳи раҳбарларига телефон орқали ҳисобот беришни, хавфли деб билган.

Германия Ички ишлар вазири Отто Шилли Гамбург суди чиқарган қарор ҳақида гапириб: “Бу жуда қаттиқ, аммо одил жазо. Айни пайтда, бу террорчилар билан алоқада бўлиш ниятидаги кишилар учун жиддий огоҳлантиришдир. Суд қарори дунё бўйича мана шундай воқеалар қайтарилишининг олдини олишга ҳисса қўшадими ёки йўқ, буниси номаълум. Зотан ўз ҳаётини барбод қилишга аҳд қилган кишини тўхтатиб қолиш жуда қийин”,-деди.

Вашингтонда АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Ричард Бушер, АҚШ Гамбург судининг Мунир Эл Мутасаддиққа энг кўп жазо муддати белгилаганини олқишлашини айтди. АҚШ Адлия вазири Жон Ашкрофт эса, Германия суди чиқарган ҳукм, терроризмга қарши глобал кураш жараёнида эришилган йирик ғалаба эканини алоҳида таъкидлади.

Мунир Эл Мутасаддиқ адвокати Ханс Лайстриц судда келтирилган далиллар ҳақида гапириб: “Бугун маҳкамада бизга ўқиб эшиттирилган бир қатор далил исботлар, жаноб Мунир Эл Мутасаддиқ 11 сентябр воқеаларини олдиндан билган, деган хулосага олиб келади. Бизнингча, бу якуний хулоса эмас”,-деди.

Гамбург суди томонидан 15 йил қамоқ жазосига ҳукм этилган Мунир Эл Мутасаддиқ 2001 йил 11 сентябрда АҚШга қарши ҳужум уюштирган шахслар билан дўст бўлганини тан олди. Аммо у ўша машъум ҳужумга алоқадор эканини бўйнига олмади.

Мунир Эл Мутасаддиқ айбсиз эканини даъво қилаётган адвокатлари Ханс Лайстриц ва Хартмунд Джекоб, маҳкама қарори устидан Германия Олий судига шикоят аризаси ёзишларини эълон қилдилар.

Оддий германияликларнинг ушбу маҳкама жараёнига муносабатини билиш мақсадида биз Гамбург шаҳридаги чет эллик муҳожирлар мактаби ўқитувчиси Томас Штайнбахга қўнғироқ қилдик. Штайнбах бу хусусида Озодлик радиосига: “Менинг фикримча, Германияда Исломга қарши кайфият кузатилмаяпти. Гамбургда ўтган маҳкама жараёни ҳақида гапирадиган бўлсам, сиёсий муҳит қандай бўлишидан қатъий назар, Германия суди фақат далил исбот асосида одил қарор чиқаради. Ислом ва терроризм мавзусига сиёсатчилар катта эътибор беришаётган бўлса ҳам, оддий халқ орасида мусулмонларга қарши кайфият йўқ”,-деди.

Гамбург судидан кейин АҚШга қарши террор ҳужумлари уюштирганида айбланган бошқа шахслар устидан ҳам маҳкама жараёнлари бўлиб ўтиши шубҳасиз.
XS
SM
MD
LG