Линклар

ЕХҲТ Тожикистондаги мина майдонларини тозалашга ëрдам бермоқда.


Акрам Файзулло

Маълумотларга қараганда, 2000 йили Ўзбекистон Тожикистон билан чегарасини бир томонлама миналаштирганидан буëн Тожикистоннинг 60дан ошиқ фуқароси ҳалок бўлган ва камида 100 киши яраланган.

Расмий Тошкентга кўра, чегараларни миналаштиришдан мақсад Ўзбекистон Исломий ҳаракати жангариларининг мамлакатга киришига йўл қўймасликдир. Аммо ҳозирча фақат оддий фуқаролар миналар қурбони бўлишмоқда.

Ўзбекистон-Тожикистон чегараси ягона хавфли жой эмас. Тожикистон ҳудудларида ҳам фуқаролар урушидан қолган кўплаб мина майдонлари мавжуд. Тожикистон расмийларининг қайд этишларича, 1990 йиллар давомида ҳукумат ва бирлашган мухолифат кучлари мамлакатнинг марказий ва шарқий ҳудудларини миналаштирганлар.

Тожикистон Мудофаа вазирлиги ҳозирча 110 гектар ерни ва тахминан 700 километр йўлни миналардан тозалади, холос.
Яқинда Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ) Тожикистонда мина майдонларини тозалаш ишларига ëрдам бериш учун 200 минг евро ажратди. Ташкилот Тожикистон ҳукумати ва собиқ мухолифатдан миналаштирилган майдонлар хариталарини беришни сўради.

Тожикистоннинг ЕХҲТдаги расмий вакили Эркин Қосимовга кўра, қаерда, қанча мина кўмилганини ҳеч ким аниқ билмайди.

“Фуқаролар уруши давомида миналаштирилган майдонларнинг айримлари харитада белгиланган, бошқалари эса белгиланмаган. Бу жиддий муаммодир. Биз мина майдонларини топиб, харитада белгилаб чиқишимиз зарур. Бугунги кунда Тожикистоннинг 2 минг 500 квадрат километр ҳудудида 16 мингдан ошиқ мина майдонлари мавжудлигига ишонилмоқда. Аммо бу маълумотлар ҳозирча расман тасдиқлангани йўқ”, - дейди Эркин Қосимов.

Собиқ қуролли мухолифат вакиллари фуқаролар уруши давомида аскарларга (пиëдаларларга) қарши миналар қўлламаганларини айтишмоқда. Аммо Тожикистон Ислом Ўйғониш партияси раҳбари ўринбосари Муҳаммадшариф Ҳимматзодага кўра, мухолифат кучлари миналарни, асосан, танкларга қарши қўллаганлар. Унинг Озод Европа/Озодлик радиосига айтишича, мухолифат мина майдонларини тозалаш амалиëтида ОБСЕ гуруҳи билан ҳамкорлик қилишга тайëрдир.

“Тожикистон мухолифати Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти билан ҳар қандай соҳада, жумладан демократик жамият қуриш, шунингдек мина майдонларини тозалаш борасидаги мазкур янги лойиҳа бўйича ҳамкорлик қилишга тайëр. Бундай ишлар юртимиз фойдаси учун қилинмоқда. Аммо шуни ҳам таъкидлаб ўтишим керакки, мухолифат кучлари аскарларга қарши миналар қўллагани йўқ”, - деди жумладан Муҳаммадшариф Ҳимматзода.

Тожикистоннинг Ўзбекистон билан бўлган чегара худудларида яшовчи фуқаролар миналар кўмилган жойлар аниқ белгилаб қўйилмагани тўғрисида шикоят қилишмоқда. Тожикистон Қизил Ярим Ой қўмитаси мазкур ҳудудларда фуқароларни миналар хавфидан огоҳ этишга қаратилган махсус дастурни амалга оширмоқда. Куни-кеча ушбу қўмита 30 нодавлат ташкилоти билан биргаликда Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматларига минтақадаги миналар муаммосини ҳал қилишга чақирувчи очиқ мактуб жўнатдилар.

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Тожикистондаги расмий вакили Марк Гилберт икки ҳукумат айни масалани кўриб чиққани ва расмий Тошкент чегара бўйида миналар кўмишни тўхтатишга рози бўлганини маълум қилди.

Гилберт, халқаро ҳамжамиятнинг ëрдами билан яқин келажакда Тожикистондаги мина майдонлари тозаланилишига ишонч билдирди.

“ЕХҲТ ва аъзо давлатлар Тожикистондаги миналаштирилган барча майдонларни тозалашга ëрдам беришлари шубҳасиздир. Мазкур муаммони бир йил ичида ҳал қилиб бўлмайди, бу ишкўпроқ вақт талаб қилади”, - деди Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Тожикистондаги расмий вакили Марк Гилберт.
XS
SM
MD
LG