Линклар

logo-print

АҚШ ва Туркия ўртасида Ироқ масаласи


А. Аррал

21 февралда Анқарада Туркия ҳукумати амалдорлари билан АҚШ Конгресси делегацияси ўртасида бўлиб ўтган музокаралардан кейин Туркия ўз ҳудудида АҚШ ҳарбий кучларининг жойлаштирилишига рухсат беришга рози бўлди. АҚШнинг Ироққа қарши ҳужум қилиш учун ўз кучларини Туркия ҳудудига жойлаштириш эвазига Анқарага кўрсатадиган иқтисодий ëрдами масаласида бир қадар ижобий силжишлар кўзга ташлана бошлаганига ишора қилган АҚШ Давлат котиби Колин Пауэлл [Colin Powell] "Ҳали бу масала узил-кесил ҳал бўлганича йўқ", деб баëн этди.

Шунга қарамай, АҚШ билан Туркия ўртасида Ироқ муаммоси тўғрисида олиб борилаëтган музокараларда томонлар бир-бирига ëн бериб, бу масалада қарор қабул қилишга яқинлашиб қолдилар. Айниқса, Туркия томонининг бу хусусда қуруқ ваъдалар эмас, балки ëзма кафолат ва шартномаларга оид талаби АҚШ томонидан инобатга олинадиганга ўхшайди. Чунки келишилган масалаларнинг ëзма равишдаги кафолатига АҚШ томони қисман розилик билдирган. Масаланинг узил-кесил ҳал бўлиши эса, Туркия парламентининг сешанба кунги мажлисидан кейин маълум бўлади.

Бу борада сўз юритган Туркия етакчи партияси лидери Ражап Эрдўған, келишувлар қоғозга туширилган ва АҚШ президенти кафолат берадиган даражада бўлиши кераклигини таъкидлайди: "Халқаро сиëсат саҳнасида қуруқ ваъдалар қабул қилинганини кўрмаганман ва мен ҳам оғзаки кафолатни қабул қилолмайман".

Маълумотларга кўра, сўнгги ҳафта бошларида Туркия парламентида икки масала кўриб чиқилади. Улардан бири АҚШ ҳарбий кучларини Туркия ҳудудига жойлаштириш ва Туркия орқали Ироқнинг шимолий қисмига киришига ва у ерда Туркия ҳарбий қисмларининг ҳам бўлишига оид рухсатнома бўлса, иккинчиси Туркия Ироқ урушидан кўрадиган зарарларининг қопланиши масаласидир. Бу ҳақда мулоҳаза билдирган Туркия инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Сабан Дайнан АҚШ кучларининг Туркияга жойлаштирилишига норозилик билдиради:
"Туркия парламенти АҚШ ҳарбий кучларининг мамлакатга киришларига рухсат бермайди, деб умид қиламиз. Урушни қўллаб-қувватлайдиганлар – АҚШ ва унинг иттифоқчилари, шунингдек, Туркия парламенти аъзоларини уруш қурбонлари учун жавобгар деб биламиз".

Ҳамкоримизнинг хабарига кўра, Туркия билан АҚШ ўртасидаги музокараларда Туркия Ироқнинг урушдан кейинги тақдири, яъни у ерда америкалик генерал бошқарадиган сиëсий тузум ўрнатиладиган бўлса, мазкур бошқарув қўмитаси таркибида туркиялик ҳарбийлар бўлишини талаб қилмоқда.

Туркияга кўра, молиявий ëрдам Ироқ уруши туфайли Туркия кўрадиган зарарларни қоплашдан иборат компенсация бўлади. Маълумки, Туркиянинг туризм саноатидан келадиган даромади бир йилда 10 миллиард долларни ташкил этади. АҚШ эса Туркияга ҳарбий қисимларини жайлаштириш эвазига 6 миллиард доллар грант ҳамда 20 миллиард доллар кафолатли қарз беришни таклиф қилмоқда.
Туркия томонининг талаби эса, 32 миллиард доллардан иборат. Шу жумладан 10 миллиард доллар грант сифатида берилишини истайди.
XS
SM
MD
LG