Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:28

ҚЎШИЛМАСЛИК ҲАРАКАТИ УРУШ БЎЛИШИГА ҚАРШИ


Қўшилмаслик ҳаракатининг ўн учинчи бор ўтказилаётган саммитида Ироқ теварагидаги вазият ҳамда Шимолий Кореянинг ядровий дастури билан боғлиқ масалалар муҳокамалар диққат марказида турибди. Малайзия пойтахти Куала Лумпур шаҳрида ўтаётган саммит якунида унинг иштирокчилари Ироқни БМТ резолюцияси шартларига бўйсуниб, қуролсизланишга даъват этувчи қўшма баёнотни қабул қилишлари керак. Айни пайтда Қўшилмаслик ҳаракатига аъзо давлатлар Қўшма Штатларнинг Ироққа қарши ҳар қандай бир тарафлама ҳужумларига ҳам қарши чиқишмоқда.


Маълумки, шу хафтада Вашингтон раҳбарияти Ироққа қарши кескин чоралар кўрилишини назарда тутувчи янги резолюция лойиҳасини Хавфсизлик Кенгашига тақдим этиши керак. Кенгашда бешта доимий аъзо давлатлардан ташқари, яна бир неча аъзо давлатлар ҳам бор. Агар улар орасида Қўшилмаслик ҳаракатининг олти давлати борлиги инобатга олинса, саммит қарорларининг урушни тўхтатиб қолишда муҳим рол ўйнашини таҳмин қилса бўлади.

Саммит қатнашчилари Хавфсизлик Кенгашининг янги резолюциясига хожат қолдирмаслик учун Ироқни БМТ шартларига бўй суниб, қуролсизланишга даъват этдилар.

"Кўп йилларлан бери ҳаракатимизнинг фаол аъзоси бўлиб келаётган Ироқ мамлакатларимиз тинчлиги ва барқарорлиги йўлида БМТ Хавфсизлик Кенгаши ва халқаро инспекторлар талабларига бўй суниб, дунё ҳамжамиятини оммавий қирғин қуролларига эга эмаслигига ишонтириши керак", - деди Жанубий Африка Республикаси президенти Табо Мбеки.

Ўз навбатида БМТ Бош котиби Кофи Аннан ҳам Куала Лумпурда ўтаётган саммит иштирокчиларига мурожаат йўллаб, Қўшилмаслик ҳаракатига аъзо давлатларни БМТ билан ҳамкорлик қилиш масаласида Ироққа босим қилишга чақирди.

Саммитга мезбонлик қилаётган давлат - Малайзия бош вазири Махатир Муҳаммад эса ғарбни халқаро террорчиликка қарши кураш номи остида дунёда ўз ҳумронлигини ўрнатишга уринаётганликда айблади.

"Бу инсоният, яъни Ислом дунёси ва яҳудий-насроний дунёси ўртасидаги тўқнашувми? Очиғини айтсам мен бундай ўйламайман. Фикримча, ғарбнинг дунёга ҳукмронлик қилиш кайфиятлари қайтадан туғиляпти ва бундай экспансия кайфиятлари, шак-шубҳасиз адолатсизликларга ва босқинчиликларга таянмоқда", - деб қайд этди Малайзия бош вазири Махатир Муҳаммад.

Қўшилмаслик ҳаракатига аъзо давлатлар саммитида, шунингдек, Шимолий Корея ва унинг ядровий дастури билан боғлиқ масала ҳам мухокамалар марказида турибди. Маълумки, январ ойида Шимолий Кореянинг ядровий қуролларни тарқатмаслик борасида АҚШ билан имзолаган шартномадан чиққани Корея яриморолида вазиятнинг таранглашувига сабаб бўлган эди. Куала Лумпур анжумани иштирокчилари бунда Пхенян ҳукуматини айбладилар. Маълумотларга кўра, Саммит якунида қабул қилиниши кутилаётган қўшма баёнотда Шимолий Кореянинг ядровий қуролларни тарқатмаслик шартномасига қайтиш зарурлиги ва бу масалага дахлдор томонлар уни музокаралар орқали ҳал этишлари кераклиги қайд этилади.

Куала Лумпур саммитида, шунингдек, глобализация, қашшоқлик, Фаластин муаммоси каби масалалар ҳам Қўшилмаслик ҳаракатига аъзо давлатлар раҳбарлари эътиборидан четда қолмади. Йиғилиш қатнашчилари Фаластин ҳудудларида инсон ҳуқуқлари систематик равишда бузилаётганини қайд этиб, бу масала Хаага трибуналида кўриб чиқилиши ва ҳарбий жиноятларни содир этганлар жиноий жавобгарликка тортилиши керак, деган ташаббус билан чиқдилар.

Саммитда яна жаҳон аҳолисининг эллик беш фоизини ташкил этувчи Қўшилмаслик ҳаракатига аъзо давлатларининг глобализация асрида катта иқтисодий муаммоларга юз тутаётганликлари ҳам таъкидланди. Ҳозирда дунё ялпи ички маҳсулотининг 20 фойизигина бу давлатларга тўғри келади. Саммит иштирокчилари ғарблик шерикларини бу муаммони биргалашиб ҳал этишга чақирдилар.
XS
SM
MD
LG