Линклар

Корея ярим оролидаги вазият кескинлигича қолмоқда.


Акрам Файзулло

Сешанба куни Шимолий Корея ракета синовини ўтказгани оқибатида, Корея ярим оролидаги вазият кескинлашди. Уч йилдан кейин биринчи марта ўтказилган мазкур ракета синови Жанубий Кореянинг янги президенти Но Му Хун қасамëдга келтирилган кунга тўғри келди.

Кузатувчилар фикрича, ракета синови атайлаб амалга оширилган ва бундан кўзланган мақсад, халқаро ҳамжамият диққат-эътиборини Шимолий Корея ва Қўшма Штатлар орасидаги ҳозирги келишмовчиликларга қаратишдан иборатдир.

Маълумки, Шимолий Корея АҚШдан ҳужум қилмаслик ҳақида келишув имзолашни ва энергетика соҳаси бўйича ëрдам беришни талаб қилиб, Вашингтонни бевосита музокаралар олиб боришга чақирмоқда. Оқ уй эса, оғзаки шаклда АҚШнинг Шимолий Кореяга қарши ҳужум қилиш нияти йўқлигини билдириш билан чекланмоқда. Вашингтон шунингдек, музокаралар ўтказишдан аввал Пхенян тахмин қилинаëтган ядровий дастуридан воз кечиши ва бундай сўзлашувларда минтақадаги бошқа давлатлар ҳам иштирок этиши кераклигини таъкидламоқда.

Сешанба куни Сеулдаги матбуот анжуманида сўз юритган АҚШ Давлат котиби Колин Пауэлл, Қўшма Штатларнинг Шимолий Кореяга бостириб кириш режаси йўқлигини яна такрорлаб, ҳозир Америка ва Жанубий Корея аскарлари ўртасида ўтказилаëтган машғулотлар, шунчаки режалаштирилган оддий ҳарбий машқлар эканини қайд этди.

“Президент Буш бир неча бор таъкидлаганидек, биз муаммога тинч йўллар орқали ечим топиш тарафдоримиз. Мен айни пайтда президент Нога Америка ўзининг Жанубий Корея билан бўлган иттифоқдошлик мажбуриятларини ҳам тўлиқ тушунишини билдирдим”, - деди Колин Пауэлл.

Сешанба куни қасамëдга келтирилганидан кейин нутқ сўзлаган Жанубий Корея президенти Но Му Хун, Шимолий Кореянинг тахмин қилинаëтган ядровий дастурини жаҳон тинчлигига жиддий таҳдид сифатида таърифлади.

“Шимолий Корея ядровий қуроллар ишлаб чиқаришга уринаëтгани борасидаги тахминлар, нафақат Корея ярим оролида ва шимол-шарқий Осиë минтақаси, балки бутун жаҳон тинчлигига таҳдид солмоқда. Пхенян ядровий дастурдан воз кечиши зарур”, - деди Жанубий Корея президенти Но Му Хун.

Шимолий Корея кўп томонлама сўзлашувларда иштирок этишдан бош тортиб, келишмовчиликни фақат Вашингтон билан яккама-якка музокаралар ўтказиш орқали ҳал қилиш мумкинлигини таъкидламоқда.

Аммо Буш маъмурияти Шимолий Корея қуроллари бутун минтақага таҳдид солиши туфайли, бошқа давлатлар, айниқса, Пхенян билан яқин алоқалар ўрнатган Хитой ҳам музокараларда қатнашиши лозимлигини билдирмоқда. Хитой Шимолий Кореяни озиқ-овқат ва ëқилғи билан таъминлаëтган асосий ҳамкор ҳисобланади.

“Президент Буш ва президент Но, шунингдек бошқа лидерлар бу масалага бир хил ëндошмоқдалар. АҚШ, Жанубий Корея ва бошқа давлатлар Корея ярим ороли ядровий қуроллардан холи бўлишидан манфатдордирлар. Шу боис биз, ушбу мураккаб муаммони кўп томонлама музокаралар орқали ҳал этиш мумкинлигига ишонамиз”, - деди АҚШ Давлат котиби Колин Пауэлл.

Сеулнинг янги раҳбарияти ҳам Вашингтон позициясини қўллаб-қувватлади.

“Вазият кескинлашишига йўл қўймаслигимиз керак. Биз ядровий масалани музокаралар орқали ҳал этиш учун ўз ҳаракатларимизни АҚШ ва Япония билан янада кўпроқ мувофиқлаштирамиз. Биз шунингдек, Хитой, Россия, Европа Иттифоқи ва бошқа давлатлар билан ҳам яқиндан ҳамкорлик қилишни давом эттирамиз”, - деди Жанубий Корея президенти Но Му Хун.
XS
SM
MD
LG