Линклар

Бош вазир Тони Блэр Британияда глобал иқлим исишига сабаб бўладиган газлар миқдорини камайтириш ҳақидаги режани эълон қилди.

  • Ҳасанжон

24 феврал куни Лондонда “Барқарор тараққиёт” номи остида халқаро анжуман уюштирилди. Унда сўзга чиққан Британия Бош вазири Тони Блэр АҚШ ва бошқа бой давлатларни глобал миқёсда камбағалликка қарши кураш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга чақирди. Блэр қуёш нури, шамол ҳамда энергия ишлаб чиқаришнинг шу каби бошқа экологик тоза йўлларидан фойдаланиш борасидаги режани эълон қилди.
Маълумки, Британия ва АҚШ глобал иқлим исишига сабаб бўладиган газларни атмосферага энг кўп чиқараётган давлатлар. Шунга қарамай, Тони Блэр ҳам АҚШ президенти Жорж Буш каби глобал иқлим исишининг олдини олишга қаратилган 1997 йилда Киотода имзоланган шартнома талабларини бажаришдан бош тортиб келмоқда.
Блэр 2050 йилга қадар мамлакатда иқлим исишига сабаб бўладиган газлар миқдорини 60 фоизга камайтиришни кўзда тутган режани эълон қилар экан: “Британия, 2050 йилга қадар мамлакатда иқлим исишига сабаб бўладиган газларнинг атмосферага чиқишини 60 фоизга қисқартириш режасига рози. Биз келаси бир неча йил ичида шу мақсад сари дастлабки қадамларни ташлаймиз”,-деди. Тони Блэр, саноат соҳасида янги технологиялардан фойдаланиш орқали кўзланган мақсадга эришиш мумкинлигини айтди ва 1997 йилдан бери Британия иқтисоди 17 фоизга ўсганини, айни пайтда иқлим исишига сабаб бўладиган зарарли газларни атмосферага чиқариш беш фоизга камайганини қўшимча қилди.


Қозоғистон ҳукумати мамлакатга радиоактив чиқиндиларни импорт қилмаслигини билдирди.

Қозоғистон Бош вазири Иманғали Тасмағамбетов, Қозоғистон хориждан радиоактив чиқиндиларни мамлакатга импорт қилмаслигини айтди. 25 феврал куни Остонада бўлиб ўтган ҳукумат йиғилишида Тасмағамбетов, ҳозир Қозоғистонда 20 миллиард тонна саноат чиқиндилари борлиги, уларнинг беш миллиард тоннаси эса заҳарли чиқиндилар эканини маълум қилди.
Бундан ташқари, Қозоғистон ҳукумати Совет Иттифоқи даврида ядровий синовлар ўтказилган Семипалатинск вилояти ва унга туташ минтақаларни “фавқулодда экологик зона” деб эълон қилди. Бош вазир, Қозоғистоннинг ўз радиоактив чиқиндиларини хавфсиз жойга кўмиши учун келаси 15 - 20 йил ичида 1 миллиард 152 миллион доллар керак бўлишини айтди. Иманғали Тасмағамбетов, Қозоғистон ҳукумати мамлакатдаги радиоактив чиқиндилар муаммосини ҳал этишда зарур бўлган маблағ хусусида тўхталиб: “Бу - Қозоғистон топа олмайдиган катта миқдордаги маблағ эмаслигига ишонаман. Бу биринчидан. Иккинчидан, унинг техник-иқтисодий асослари ҳақиқатан ҳам ўрганиб чиқилмаган”,-деди. Шундан келиб чиқиб Тасмағам-бетов, радиоактив чиқиндиларни йўқ қилишнинг техник-иқтисодий жиҳатлари ўрганилишига эҳтиёж борлигини айтди.



Аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш учун Сингапур ҳукумати саъй ҳаракат қилмоқда.

Сингапур ҳукумати тоза ичимлик сувига нисбатан қўшни Малайзияга қарамликни камайтириш мақсадида, ўтган ҳафтадан бошлаб тоза ичимлик суви резервуарига “янги сувни” қўша бошлади. Янги сув деганда- хонадонлардаги ошхона, ҳожатхона, ваннахона ва турли совутиш ускуналаридан чиққан канализация сувини тозалаш натижасида олинган сув тушунилиши лозим. Янги сув ҳозирча тоза ичимлик суви резервуарининг бир фоизини, аниқроқ айтадиган бўлсак, тўққиз миллион литрни ташкил этади. Сингапур ҳукумати 2011 йилга қадар резервуаридаги янги сув миқдорини 2,5 фоизга етказишни режалаштирган. Сингапур Бош вазири Гоу Чок Тонг: “Мамлакатда ичимлик суви етишмаслигини назарга олган ҳолда, биз келажак авлодлар ҳеч қачон сув танқислигига дуч келмаслиги учун чоралар кўряпмиз”,-деди.
Маълумки, Сингапур 1965 йилда Малайзиядан ажралиб чиққан. Ўтган вақт давомида ичимлик суви нархи борасида икки давлат ўртасида бир неча бор тортишув келиб чиққан. Шундан сўнг Сингапур ҳукумати янги сувдан фойдаланиш масаласини кўриб чиқишга бошлади. Айни пайтда Сингапур ҳукумати денгиз сувни тузсизлантириб, уни ичимлик сувига айлантириш устида ҳам бош қотирмоқда.
XS
SM
MD
LG