Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:09

Ислом конференцияси ташкилотига аъзо давлатлар йиғини тафсилотлари


Фарангис Саид

Малайзия Бош вазири Маҳатҳир Муҳаммад [Mahathir Mohamad] Ислом конференцияси ташкилотининг Куала Лумпурда бўлиб ўтаётган норасмий йиғинида чоршанба куни чиқиш қилиб, исломий мамлакатлар АҚШнинг Ироқ билан уруш режасига тўсиқ сифатида ўз “нефт қуролларини” ишлатиш-ишлатмаслик масаласини муҳокама қилганларини маълум қилди:

“Ироққа қарши урушнинг олдини олиш учун нефт заҳираларbдан фойдаланиш хусусида таклифлар билдирилди. Биз улардан қандай фойдаланишимиз – бир масала, бироқ биз бу ҳақда ўйлашимиз кераклиги шубҳасиз”.

Бундан олдин Куала Лумпурда Қўшилмаслик ҳаракати саммити бўлиб ўтган эди. Унда Ҳаракатга аъзо давлатлар Ироқ билан уруш режасига қаршиликларини билдирган эдилар. Сешанба куни саммит якунида Маҳатҳир Муҳаммад Қўшилмаслик ҳаракатига аъзо давлатлар номидан гапириб:

“Биз, кўп томонлама бўладими у ёки бир томонламами, урушга қаршимиз. Биз БМТ қарорларига риоя қиламиз, бизнинг бундан қайтиш ниятимиз йўқ, бироқ айни вақтда биз уруш бошланмайди, деб умид қиламиз”, деган эди.

Шундай позиция билдирган Малайзия раҳбари Қўшилмаслик ҳаракати саммити якунига етмай, Куала Лумпурга йиғилган меҳмонлар ўз мамлакатларига қайтмай туриб, Ислом конференцияси ташкилотининг норасмий йиғинини ўтказиш ниятини билдирди. Бу бежиз эмас. Гап шундаки, nашкилотга раислик қилиш ҳуқуқи октябр ойида Малайзияга ўтади. Ҳозирда унга раислик қилаётган Қатар раҳбарияти ташкилот номидан АҚШнинг Ироқ билан уруш бошлаш режасига қаршилик кўрсатишга тўсқинлик қилаётган эди. Чунки, маълумки, Қатар -Вашингтоннинг минтақадаги ҳамкорларидан бири бўлиб, унинг ҳудудида АҚШ қўшинлари жойлаштирилган.

Мана энди Ислом конференцияси ташкилоти ҳам ўзининг урушга қаршилигини билдирди. АҚШ ва Британия томонидан режалаштирилаётган уруш бошланган тақдирда, нефт омили жуда муҳим бўлиши шубҳасиз. Шу сабабдан ташкилот аъзолари ўзларининг нефт заҳираларидан қайси мақсадда фойдаланишни муҳокама қилдилар. Малайзия Бош вазирининг маълум қилишича, ташкилотга аъзо давлатлар йиғин давомида бир фикр билдирдилар:

“Нефтдан урушнинг олдини олиш учун фойдаланиш жуда хавфли бўлиши мумкин. Бунинг оқибатлари жиддий бўлиши шубҳасиз. Бироқ биз бу ҳақда ўймасак, вазиятни ўз фойдамизга ўргартира олмаймиз”.

Ўйин ҳақиқатан ҳам хавфли бўлиши мумкинлигини инобатга олган давлатлар нефтни АҚШнинг режаларига қарши ишлатиш-ишлатмаслик масаласида бир фикрга кела олмадилар.

Шу ўринда эслатиб ўтиш жоизки, Ислом конференцияси ташкилотига 57 мамлакат аъзо бўлиб, улардан 49 давлат, шу жумладан Саудия Арабистони, Қувайт ва Эрон каби нефт экспортчилари вакиллари Куала Лумпурда учрашдилар. Муҳокама қилинган масалалар сирасидан нафақат нефт омилининг бошланиши мумкин бўлган урушдаги роли, балки Франция ва Германия етакчилигидаги Ғарб давлатлари билан биргаликда урушга қаршилик кўрсатиш ва БМТ Хавфсизлик кенгашида Ироқ бўйича янги резолюция қабул қилинишини таъминлаш каби масалалар ўрин олган.

Шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, АҚШ режаларига қаршилик кўрсатиб, бунда нефтни қўллаш ғояси илгари ҳам билдирилган. Бироқ бу ғояга Саудия Арабистони ва АҚШнинг Форс кўрфазидаги бошқа шериклари қаршилик кўрсатиб келмоқдалар. Нефтни экспорт қилувчи давлатлар нефтдан АҚШга қаршилик кўрсатиш учун фойдалансалар, Вашингтон уларга нисбатан эмбарго жорий этиши мумкин. Бундай бўлмаган тақдирда ҳам, уруш бошланса, нефтнинг жаҳон бозоридаги нархи ошиши муқаррар. Мутахассислар уруш давомида ва ундан сўнг бир баррел нефт нархи 50 АҚШ долларига етиши мумкин, демоқдалар. Ҳозирда унинг нархи 31-32 доллар атрофида. Ислом конференцияси ташкилотига аъзо давлатлар Куала Лумпурдаги учрашувда мана шу масалаларни муҳокама қилдилар ва нефтни АҚШга қарши қурол сифатида ишлатишда шошилмасликка келишдилар. Уларнинг баъзилари бундай қилинган тақдирда АҚШ уларга ҳужум қилиши мумкинлигидан хавотирланаётганларини яширмадилар.
XS
SM
MD
LG