Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:01

Курдлар ва турклар муносабати таранглашса, Вашингтон нима қилади?


Фарангис Саид

Мутахассислар фикрича, агар Вашингтон ва Анқара келишувга эришсалар, Туркия ҳудудида 62 минг америкалик аскар жойлаштирилади. АҚШ улар ёрдамида Саддам Ҳусайнни [Saddam Hussein] ҳокимиятдан ағдариб, Ироқда янги режим ўрнатиш ниятида. Айнан шу сабабдан Оқ Уй Ироқ курдлари билан алоқалар ўрнатди, чоршанба куни эса президент Жорж Бушнинг [George W. Bush] махсус вакили Залмай Халилзод [Zalmay Khalilzad] Ироқ шимолида курд мухолифати конференциясида иштирок этди.

Анқара Вашингтон билан муроса эвазига камида 15 миллиард доллар ёрдам ҳамда Туркия жанубига ўз қўшинларини юбориш ва улар ёрдамида ироқлик курдларнинг Туркияга кутилаётган оқимини тўхтатиш мақсадида фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Қочқинлар - Туркия ҳукуматини ташвишлантираётган бир масала бўлса, бошқаси – туркиялик курдлар орасида сепаратизм кайфиятларининг кучайишига йўл қўймасликдан иборатдир. АҚШнинг Туркиядаги собиқ элчиси, курдлар бўйича мутахассис Питер Гэлбрейт [Peter W.Galbraith] фикр билдиради:

“Курдлар Ироқ шимолини назорат қиладилар, демак улар Туркияга қочмайдилар. Ироқ шимолида уруш бўлишининг эҳтимоли деярли йўқ. Шу сабабдан курдлар Туркиянинг асл мақсади – уларни қўрқитиш эканини яхши тушунмоқдалар”.

Ироқ шимолида азалдан қўшинлар жойлаштирган Анқара Ироқдаги уруш натижасида Туркиянинг нефтга бой Мосул ва Киркук шаҳарлари курдлар қўлига ўтишидан хавотирда. Ироқлик курдлар бу шаҳарларга тегмасликни ваъда қилганлар. Бундан ташқари Курдлар парламенти сешанба куни Вашингтонга расмий мурожаатнома йўллаб, унда Туркия қўшинларининг курдлар мухторияти ҳудудига бостириб киришларининг олдини олишга даъват этди. Асли туркиялик, ҳозирда Вашингтонда яшаётган таҳлилчи Бюлент Алиризо [Bulent Aliriza] Вашингтон курдларга қулоқ солмайди, деб фикр билдирди.

“Албатта, Оқ Уй расмийлари, туяқуш бошини қумга яширганидек, “бундай муаммо йўқ”, деб таъкидлаб туришлари мумкин. Бироқ бу, муаммонинг чуқурлашишига олиб келади, холос. АҚШнинг икки потенциал ҳамкори – курдлар ва турклар уруш бошланмай туриб, бир-бирларига заҳар сочяптилар”, - деди мутахассис.

Ушбу масала қанчалик нозик ва қалтислигини Оқ Уй расмийлари ҳам тушуняптилар. Масалан, улар Анқара билан имзоланиши кутилаётган шартноманинг молиявий ёрдамга оид тарафларини батафсил муҳокама қилмоқдалар, бироқ ҳужжатда ҳарбий ҳамкорлик ҳақида нима дейилгани юзасидан лом-лим демаяптилар.

Туркиянинг Ироқ шимолида жойлаштирилган қўшинлари ҳақдаги саволга Оқ Уй матбуот котиби Ари Флайшер [Ari Fleischer] соддагина қилиб жавоб қайтарди:

“АҚШ позицияси жуда қатъий – биз Ироқнинг территориал яхлитлиги сақлаб қолиниши керак, деган фикрдамиз”.

Бироқ, таҳлилчи Бюлент Алиризо Оқ Уй бунинг уддасидан чиқа олмайди, деган фикрда:

“Амалда курдларнинг Мосул ва Киркук шаҳарларига кирмасликларини таъминлаш ҳамда уруш тугаганидан сўнг улардан қуролларни йиғиб олиш - жуда қийин, деярли бажариб бўлмайдиган масаладир. Турклар эса уларга жавоб қайтаришга мажбур бўладилар. Турклар ва курдлар орасидаги мувозанатни сақлаб қолиш - Жорж Буш маъмурияти олдида турган жуда мураккаб масала”.

Шундай дер экан, Бюлент Алиризо Буш маъмурияти мазкур масалани ҳал эта олмайди, деб фикр билдирди.
XS
SM
MD
LG